Ўзбекистон | 15:06 / 10.06.2021
17431
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда юк ортиш талабларини бузган ҳайдовчилар М39 халқаро йўлини ёпиб қўйди

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида юк ортиш қоидаларини бузиб ҳаракатланаётгани учун ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилган ҳайдовчилар М39 халқаро автомобиль йўлини ёпиб қўйган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 4 июнь куни соат 6:15 ларда Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари Ғаллаорол туманида жойлашган «Сангзор-15» ЙПХ масканида юк ортиш талабларини бузган ҳайдовчиларга чора кўриш учун рейд ўтказган. Улар юк ортиш қоидаларини бузган ҳолда пичан, беда ва сомон боғламларини белгиланган ўлчамлардан ошиқ қилиб ортган юк машиналарини тўхтатган ва қоидабузарликларни расмийлаштира бошлаган.

Қайд этилишича, ўша пайтда бир гуруҳ ҳайдовчилар ЙПХ ходимларининг хатти-ҳаракатига норозилик билдириш мақсадида ўз бошқарувидаги юк машиналари билан М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлини тўсиб қўйган. Оқибатда мазкур йўлда қатнов тўхтаб қолган ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари ўз машиналари билан ҳаракатлана олмаган.

ЙПХ ходимлари қисқа муддатда йўлни очиб, автомобиллар қатновини қайта тиклаган. Йўлни очиш пайтида айрим ҳайдовчилар ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатган. Айрим ҳайдовчилар эса машинасини йўлнинг ўртасига қўйиб, ҳодиса жойидан кетиб қолган.

Таъкидланишича, мазкур ҳодиса юзасидан ҳуқуқбузарлик содир этган ҳайдовчиларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судига юборилган. Суд ҳуқуқбузарларни Маъмурий кодекснинг 194, 196 ва 201-моддалари билан айбдор деб топиб, Зомин туманида яшовчи беш нафар шахсга 10 сутка, бир нафар шахсга 12 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Мавзуга оид