Ўзбекистон | 21:06 / 14.06.2021
27495
6 дақиқада ўқилади

Миллий тест тизими саволлари сотилаётгани айтилмоқда. Бу нимаси билан хавотирли?

Тиббиёт йўналишига ҳужжат топширишни ният қилган абитуриентлар хавотирга тушиб қолишди. Миллий тест тизими доирасида кимё ва биологиядан ўтказилган имтиҳон саволларининг тарқалиб кетгани кўпгина абитуриентларнинг ҳафсаласини пир қилди.

Ўзи нима бўлди?

Давлат тест маркази 9 июн куни кимё, 10 июн куни биологиядан миллий тест тизими учун имтиҳонлар ўтказган.

11 июн куни аноним тарзда юритилувчи Tentakminds канали имтиҳонларда тушган кимё ва биология саволлари республиканинг турли ўқув марказлари томонидан 500-1000 доллар атрофидаги нархга сотилаётгани ҳақида ёзди. Кўп ўтмай, каналда тарқатилган саволлар намуналари пайдо бўлди.

Журналист Хуршид Далиев ўз каналида бухоролик репетиторнинг мурожаатини жойлади. Ўқитувчи саволлар тестдан бир кун олдин ёдлатилганидан шикоят қилган.

«Ўқувчиларнинг шашти ўлиб бўлиш арафасида. Ҳар бир сотиб олинган сертификат 98,5 фоиз олган абитуриент грант ёки контрактни нақд қилиб қўйди. Болалар бўлса бизнинг ўрнимизни олиб қўйди, деб шашти ўляпти», – дея репетитор «ДТМга ишонч қолмагани»ни қўшимча қилган.

Миллий тест тизими нима?

Миллий тест тизими – умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳон. Уни топшириш пулли – 367 500 сўм. Асосан абитуриентлар учун ишлаб чиқилган.

Имтиҳондан ўта олганларга сертификат берилади. Сертификатда талабгор имтиҳондаги максимал натижанинг неча фоизини тўплагани кўрсатилади. Ва абитуриентга ОТМга кириш имтиҳонида ўша фандан сертификатда кўрсатилган фоизга мос равишда балл берилади, яъни улар ОТМга киришда ўша фандан тест ишлаши шарт эмас.

Сертификат 3 йил амал қилади. Уни олиш учун энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаш керак. Ҳозирча она тили, қорақалпоқ тили, рус тили, математика, кимё ва биологиядан имтиҳонлар бошланган.

ДТМ биология тестлари «ёдлаб чиқилгани»ни иддао қилди. Бунга ишониш қийин

Давлат тест маркази тарқалиб кетган ва сотилгани айтилаётган саволлар миллий тест тизимига оид эканини тан олди.

«Ижтимоий тармоқларда ёзилган мақолаларда келтирилган кимё фанидан тест топшириқларининг айримлари 11 май куни ўтказилган жараёнга тегишли бўлиб, 9 июнь куни ўтказилган имтиҳонда мазкур тест топшириқларидан фойдаланилмаган.

Биология фани бўйича келтирилган тест топшириқлари ҳақиқатан ҳам 10 июнь куни ўтказилган тест синовларига оид. Бироқ у тест синови ўтказиб бўлинганидан кейин тест синовига кирган шахслар томонидан ёдлаб чиқилган саволлар асосида жуда кўплаб хатолар билан компьютерда терилгани, расмли тест топшириқларида расмларнинг келтирилмагани аниқланди.

Олинган охирги маълумотларга кўра, айрим ўқув марказлари томонидан «бу саволлар тушади» баҳонасида тайёрланган саволлар жамланмаси шахсларга сотилгани маълум бўлди», – дея маълум қилди Давлат тест маркази.

Бироқ, Gazeta.uz ўзи гаплашган мутахассисларга асосланиб ёзишича, имтиҳон топширувчилар барча тестларни эслаб қолиб, саволлар кетма-кетлиги ва бўлимлар бўйича тақсимланишини бу даражада аниқлик билан тиклаб бериши имконсиз.

Ҳар иккала фандан ҳам топшириқлар фақат тестдан иборат, саволлар сони 50тадан.

Саволларни ким тузган?

Халқ таълими вазирлиги изоҳига кўра, тегишли қарорга мувофиқ, тестлар ХТВ ва Таълим инспекцияси томонидан тавсия қилинган мутахассислар иштирокида, ДТМ биносида тузилган. ДТМ томонидан тест тузишга жалб қилинган вазирлик ва инспекция экспертлари билан тўғридан тўғри шартнома тузилган.

Бундан англашиладики, тестлар ХТВ ва Таълим инспекцияси томонидан тузилмаган. Аниқроқ айтганда, тестларни улар тавсия қилган экспертлар ДТМ билан имзоланган шартнома асосида тузишган.

Таълим инспекцияси муносабатига кўра, миллий тест тизимида саволлар тузиш учун Халқ таълими вазирлиги билан бирга ишчи гуруҳи тузилиб, педагоглар ва тестология бўйича мутахассислар танлаб олиниб, 3 ҳафта ўқитилган. Сўнг миллий сертификат учун тест намуналари ишлаб чиқилгач, ДТМ уларни апробациядан ўтказган.

«Тест топшириқларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тест саволлари экспертлар томонидан Давлат тест марказининг махсус биносида қатъий назорат остида шакллантирилган», – дейилади инспекция муносабатида.

Ҳукумат қарорига асосан, миллий тест тизими имтиҳонларини ўтказишга ДТМ масъул. Саволларни етказиб беришда Давлат фельдъегерлик хизматидан фойдаланилади.

«Ҳозирча аниқ факт йўқ, бирор нима деёлмаймиз» — Сардор Ражабов

Ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев Telegram каналида ДТМ, ХТВ ва Таълим инспекцияси масъуллари иштирокида овозли чат ташкил қилди.

Унда ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабовнинг маълум қилишича, ҳолат бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилинган.

«Биргина абитуриент томонидан ҳамма саволларни ёдлаш имкони бўлмайди. Бизда саволлар ёдлаш учун бўлиб берилган дейилган вариант ҳам бор. Бироқ ҳозир қўлимизда аниқ факт бўлмагани учун бирор нима дея олмаймиз», – деди Сардор Ражабов.

Маълум бўлишича, миллий тест тизимидаги имтиҳонларда битта сессияда имтиҳон топшираётганларнинг барчасига бир хил 50 та савол тушади.

«Орамизда мафия ким?»

Овозли чат жараёнида Хушнудбек Худойбердиев миллий тест тизимига 3 та таълим ташкилоти масъуллигини қайд этиб, «Орадан мафияни топиш керак» дея ҳазил қилди.

Дарҳақиқат, имтиҳон олди абитуриентларнинг кайфиятини туширмаслик, давлат грантида ўқиш учун ҳаракат қилаётган абитуриентларнинг меҳнатини йўққа чиқармаслик учун тест саволларини қандай усул билан бўлса ҳам тарқатганлар топилиши ва уларга чора кўрилиши лозим.

Келгусида бундай ҳолат такрорланишининг олдини олиш бўйича ҳам тегишли чоралар талаб этилади. Бундай ҳолатлар такроран рўй бериши можаро йириклашиб, олинган сертификатлар бекор қилинишигача олиб келиши мумкин. 

Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид