Спорт | 19:08 / 14.06.2021
10614
7 дақиқада ўқилади

Евро-2020даги илк «триллер»: Нидерландия - Украина тўқнашувининг 4 хулосаси

13 июнь оқшомида Европа чемпионатининг 3-кун ўйинлари бўлиб ўтди. Бу галги баҳслар қандайдир кўнгилни хира қилувчи ҳолатлар билан эмас, ҳақиқий футбол билан барчанинг эътиборини тортди.

Дастлаб, Англия ва Хорватия жамоалари илк турнинг марказий беллашувларидан бирида ўзаро майдонга чиқди. Бир неча йил аввал мураббий сифатида ҳеч ким бўлмаган икки мутахассис бугун дунёнинг энг етакчи миллий жамоаларида фаолият олиб боришмоқда. Улар кечаги тактик қарама-қаршилик орқали ўз ўринларида нима сабабдан ўтирганларини яна бир карра исботлаб қўйишди. Хорватия ҳам мағлубиятга лойиқ футбол намойиш этмади. Европа чемпионати мана шу каби ўйинлар билан ҳам қизиқарли.

Австрия - Шимолий Македония ўйини эса ҳар икки жамоанинг қарама-қарши ҳужумлари остида ўтгани билан қизиқарли бўлди. Икки томонда ҳам иштиёқ юқорилиги ва Шимолий Македониянинг дебют шижоати учрашувга ўзгача чирой бахш этди.

Куннинг сўнгги ўйини эса Европа чемпионати мақомига мос тарзда кечди. Ушбу беллашувни атрофлича таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Де Бурдан кутилмаган ҳужумкорлик

Турнир фаворитлари орасида Нидерландия қитъа биринчилигига энг тажрибасиз мураббий билан келган миллий жамоа сифатида эътиборни тортганди. Роналд Куман Барселонага кетганидан сўнг, ёрдамчиси бир муддат йиғинларни бошқарди. Тез орада собиқ футболчи, «учар голландлар» афсонаси Франк де Бур мураббийлик постига келди. Футболчи сифатида нақадар ҳурматга сазовор бўлмасин, де Бур мураббийлик бобида ҳеч нарсага эришмаганди. Нидерландия миллий жамоаси статуси билан ҳазиллашиб бўлмайди.

Миллатлар лигасидаги муваффақиятсизликдан сўнг, кўпчилик нидерландлар бош жамоасига янги мутахассис топилиши ҳақида гапира бошлашди. Аммо Европа чемпионатида ҳам Франк «оловранглилар» билан бирга.

Илк ўйиндан шуни англаб етдикки, де Бур жамоасини ҳужумда анча уюшқоқ кучга айлантира олган. Латералларнинг фаол тарзда ҳужумга қўшилиши эса рақибни росмана шошириб қўйди.

Март ойидаги ўйинларда марказий ҳужумчи позициясида ўйнаган Люк де Йонг ўрнини турнир арафасида Вегҳорст эгаллади. Френки де Йонгнинг «Барселона»даги ҳимоявий кўникмалар ва де Рооннинг таянч зонасидаги сифатли ҳаракатларидан унумли фойдаланиш мақсадида, Жоржиньо Вейналдумга ўйинда ижодкор сифатида тўп тепишга имкон берилди. Депай эса ундан бир неча қадам олдинроқда ҳужумга иккинчи темп бағишлаш, узатмалар билан яримҳимоячи ва ҳужумчиларни улаш ишларида бош бўлди.

 

Тактик схемаларнинг тезкор ўзгариши

Ҳар иккала ёш мураббий ҳам ўйинда тактик жиҳатдан яхши билимга эга эканлигини намойиш этди. Оғир мавсумдан сўнг, яна бир катта мусобақада тер тўкаётган футболчиларда жароҳат ҳолатлари учраши табиий ҳол. Муаммо шундаки, тактик томондан бутун ўйинни қўл остидаги футболчиларига қараб тузиб чиққан мураббийлар футболчи алмаштиришда ўта эҳтиёткор ва ақлли ҳаракат қилишлари талаб этилади. Акс ҳолда, майдонга тушган янги футболчи ўйиндан четга чиқиб қолиши мумкин. Марлос мисолида буни аниқ кўриб олдик.

Ўйиндан аввал Нидерландия миллий жамоаси машғулот базаси устидан мухлислар ёллаган самолёт «Франк, шунчаки 4-3-3да ўйна» ёзувини кўтариб учиб ўтгани акс этган видеоларни кўрдик.

У эса ван Гаал давридан мерос қолган 3-5-2 тактик схемасини такомиллаштиришни маъқул кўрди. Бу қайсидир маънода иш берди ҳам. Ван Дейк ва де Лигт йўқ бўлган бир пайтда, бундай ташаббусни кўпчилик кутмагани аниқ.

Ўз навбатида, Андрей Шевченко ҳам ўйин давомида жуда кўп марта услубни ўзгартиришга мажбур бўлди. Малиновскининг рейдлари ва кучли зарбаси рақиб ҳимоячиларини доим сергак туришга мажбур этди. Зинченко - Ярмоленко - Яремчук триосининг ўзаро боғлиқликдаги футболи жуда ажойиб чиқди. Уларнинг ҳаракатлари худди ипга чизиб қўйилган қўғирчоқларнинг синхрон ўйинига ўхшаб кетарди. Аммо кўриниб қолдики, ушбу футболчиларга сингдирилган ҳужум қилиш услуби у қадар ранг-баранг эмас. Зинченконинг Яремчук манзилига бироз кучлироқ узатмалари, Романнинг камида икки футболчини ўзи билан олиб кетиши ва Ярмоленкога узатадиган кутилмаган паслари… Александр эса техник маҳорат ва зарба аниқлиги жиҳатидан Украинанинг энг яхши футболчиларидан бири ҳисобланади. Амалда нидерландлар икки тўп фарқи билан устунлик қила бошлагач, унинг бор масъулиятни зиммасига олиб йўллаган зарбаси украинларга қайта умид бера олди.

 

Дюмфрисдан икки хил бўлим

Нидерландиянинг кўп вакиллари ўртамиёна жамоаларда тўп тепади. Аммо футболчи нақадар сифатли бўлмасин, энг биринчи масала унинг мураббий тактикасига мос келишида. «ПСВ» футболчиси Дензел Дюмфрис кечаги ғалабада ҳал қилувчи ролни ижро этди. Бироқ, унинг ҳаракатлари иккита таймда икки хил кўриниш олди.

Биринчи таймдаги қанот ҳимоячиси жарима майдонидаги бир неча вазиятларни кўкка совуриб, мухлисларни хавотирга қўйган бўлса, иккинчи таймдагиси феноменал ўйин билан «лолалар юрти» вакилларини хурсанд қилди.

Биринчи гол урилган вазиятни ёдга олинг. Ўнг қанотдан тезкорлик билан олдинга интилган Дюмфрис марказий ҳужумчи Вегҳорст манзилига узатма амалга оширди. Биринчи бўлимда қаҳрамонликлари билан энг яхши футболчи бўлган Украина посбони Бушчан тўп йўлига қўлини қўя олди, аммо уни ушлаб қола билмади. Қайтган тўп ва бўш дарвоза қаршисида қолган Вейналдум эса вазиятдан совуққонлик билан фойдаланди.

Иккинчи голда ҳам оддий вазиятда охиригача курашиш орқали Дюмфрис жамоасига гол совға қилди. Ҳимоячи гавдаси билан уни қанчалик тўхтатишга ҳаракат қилмасин, Дензел энг сўнгги паллагача тўп учун курашди. Натижада, икки ҳимоячи ўзаро бир-бирини тушунмай қолди ва тўпни узоқлаштиришда хатога йўл қўйишди. Ўз вақтида тўп олдида пайдо бўлиб қолган Вегҳорст тўпни кучли зарба билан дарвозага йўллади.

Камбэк кайфиятидаги Украинани тинчлантирувчи учинчи голни уриш орқали эса, Дюмфрис учрашувнинг том маънодаги энг яхши футболчиси бўлганини исботлади.

Турнирдаги илк «триллер»

Биринчи бўлим ёрқин ўтгани рост, аммо гол бўлавермагач, айрим футбол мухлислари иккинчи бўлимни кўрмасликка ҳам қарор қилган бўлишлари мумкин. Эрталаб уйғонганларида иккинчи бўлимда 5та гол урилганини эшитиб, қандай ҳайратланганларини тасаввур қиляпсизми?

Мана шу каби ўйинлар Европа чемпионати даражасидаги мусобақаларнинг кўрки ҳисобланади. Ушбу ўйин ҳозирча турнирдаги энг сермаҳсул учрашув бўлиб турибди. Ярмоленконинг голи эса бугунгача урилганлари орасида энг чиройлиси экани аниқ.

Олдинда бизни яна кўплаб учрашувлар кутиб турибди. Уларда яна ҳам чиройли голлар, шиддатли қарама-қаршиликлар бўлишини умид қиламиз. Олдинда бизни «ўлим гуруҳи» беллашувлари кутиб турибди. Бу каби ўйинларни ўтказиб юборманг.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Мавзуга оид