Ўзбекистон | 12:34 / 15.06.2021
3309
2 дақиқада ўқилади

НДПИ ва Россия давлат педагогика университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди

Нукус давлат педагогика институти ректори Байрамбай Ўтемуратов Санкт-Петербург шаҳридаги Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетига бориб, университетнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Юлия Комарова билан учрашди. Бу ҳақда НДПИ матбуот котиби хабар берди.

Учрашувда бакалавриатнинг дефектология ва психология таълим йўналишлари бўйича «2+2», шу билан бирга, магистратурада ўзга тилли гуруҳларда рус тили мутахассислиги бўйича «1+1» тизими асосида қўшма таълим тизимини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, икки ОТМ ўртасида профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш йўналишида амалга ошириладиган ишлар, россиялик профессор-ўқитувчиларнинг институт талабаларига дарс ўтиши учун келиш масаласи белгилаб олинган.

Мулоқот якунида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ва Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган.

Маълумот учун, НДПИ шу кунгача хорижий давлатлардаги 39 та ОТМ билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин НДПИда талабаларга имтиҳон саволи келтирилмасдан фақат жавоб вариантлари келтирилганлиги юзасидан расмий муносабат билдирилганди.

Мавзуга оид