Ўзбекистон | 16:48 / 16.06.2021
2479
3 дақиқада ўқилади

Аҳолига тарқатиладиган кўмир тўлиқ ва сифатли етиб бориши учун ким жавобгар?

«Кўмир таъминот» МЧЖ омборлари орқали аҳоли ва бюджет ташкилотларига сотилаётган бир тонна кўмир нархи 300 минг сўм экани маълум қилинди.

АОКАда «Ўзбеккўмир» АЖ ахборот хизмати раҳбари Неъмат Душаев иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Душаевга кўра, 2021 йилда «Ўзбеккўмир»да 4 млн 570 минг тонна кўмир қазиб олинади. Бу ўтган йилга нисбатан 67 минг тоннага кўп. Май ойида мавжуд конлардан 383 минг 465 тонна кўмир қазиб олинган.

Май ойида иссиқлик электр станцияларига – 293 минг 856,8 тонна, бюджет ташкилотларига – 111 минг 740 тонна кўмир юкланди.

Май ойида кон устки қатламини очиш ишлари 2 миллион 919 минг куб метрга тенг бўлди ва бу борадаги режа ҳам 101,8 фоизни ташкил этди.

«Ўзбеккўмир» АЖ томонидан 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсуми учун тасдиқланган режа бўйича ижтимоий соҳа объектларига 450 минг тонна, республика аҳолисига 985 минг тонна кўмир етказиб берилади.

Аҳоли учун мўлжалланган кўмирнинг 705 минг тоннасини маҳаллий, 280 минг тоннасини импорт ёқилғиси ташкил этади.

Ёқилғи «Кўмир таъминот» МЧЖ тасарруфидаги 96 та ҳудудий кўмир омбори ва савдо шохобчаси орқали тарқатилади.

Маълум қилинишича, «Ўзбеккўмир» АЖ республика бюджет ташкилотларини 1 августга қадар кўмир билан тўла таъминлайди. 15 июнь ҳолатига, «Кўмир таъминот» МЧЖ ҳудудий омборларига бюджет ташкилотлари учун 175,8 минг тонна кўмир етказиб берилган. Бу белгиланган режанинг қарийб 40 фоизини ташкил этади.

Кўмирга эҳтиёжманд аҳоли ёқилғи харид қилиш учун кимга мурожаат қилиши лозим?

Табиий газ етиб бормаган аҳоли пунктларида МФЙлар томонидан кўмирга бўлган эҳтиёж аниқланади ва тегишли рўйхат шакллантирилиб, туман (шаҳар) ҳокимликларига такдим этилади.

Маҳаллий ҳокимликлар ушбу рўйхатлар асосида ҳудудий кўмир омборларига буюртма беради ва кўмир тарқатиш жадвалини тасдиқлайди. Аҳоли ушбу жадвалга асосан ўзига яқин ҳудудий кўмир омборига мурожаат қилади.

Бир тонна кўмир нархи қанча?

Маълум қилинишича, «Кўмир таъминот» МЧЖ омборлари орқали аҳоли ва бюджет ташкилотларига сотилаётган бир тонна кўмир нархи 300 минг 300 сўмни ташкил қилади.

Конлардан ортилган кўмирнинг истеъмолчига тўлиқ ва сифатли етиб бориши учун ким жавобгар?

Брифингда таъкидланишича, «Ўзбеккўмир» АЖ кўмирни «Кўмир таъминот» МЧЖнинг кўмир омборлари манзилига юклаб жўнатишни таъминлайди ҳамда унинг сифати ва ҳажми учун жавоб беради.

«Кўмир таъминот» МЧЖ эса ўз омборига келиб тушган кўмир сифатли сақланиши ҳамда истеъмолчиларга сотилишини таъминлайди.

Ангрен кўмир конидан юкланган ёқилғи кўмир жамланмасига етказилгач, у ерда лабораториядан ўтказилади. Ҳар бир вагондаги маҳсулотга сифат сертификати берилади.

Харидор кўмирни ўз ҳудудидаги омборлардан сотиб олаётган чоғида ўша сифат сертификатини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид