Жаҳон | 15:49 / 16.06.2021
16804
2 дақиқада ўқилади

Путин Байден билан учрашиш учун Женевага етиб борди

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Жо Байден билан учрашиш учун Швейцариянинг Женева шаҳрига етиб борди. Унинг ИЛ-96 самолёти Тошкент вақти билан 15:30 га яқин Женева аэропортига қўнди.

Аэропортда Путинни ўз қўриқчилари кутиб олди. У Швейцариядаги саммит давомида Россияда ишлаб чиқарилган «Aurus» машиналаридан ташкил топган кортежда ҳаракатланади. Машиналар уни аэропортдаёқ кутиб олди. Путин самолётдан махсус усти ёпиқ трапда тушиб келди.

Россия президентининг фаолиятини ёритувчи нашрларнинг ёзишича, Путин учрашувларни ўнг томонда бошлайди ва учрашув ўтадиган виллага Байдендан олдин боради. Бу эса дипломатик жиҳатдан қараганда Россия саммитда расман мезбон эканини англатади.

Маълумот учун, бугун Женевада Россия ва АҚШ президентлари иштирокидаги Россия-АҚШ саммити ўтказилади. Унда Владимир Путин ва Жо Байден турли глобал ҳамда ўзаро муносабатларни муҳокама қилишади. Маълум бўлишича, томонлар учрашув давомида ҳеч қандай ҳужжат имзоламайди.

Тошкент вақти билан 16:20 арафасида Путин ва Байден саммит ўтадиган Ла Гранж вилласига етиб боришди. Аввалига «Aurus» кортежи ва маҳаллий полиция ҳамроҳлигидаги Россия президенти мезбон сифатида виллага етиб борди. Уни кираверишда Швейцария президентди Ги Пармелин кутиб олди. Ўзаро қўл бериб кўришишда Швейцария президенти ҳаяжон сабаб Путиннинг қўлини икки марта ҳавода қолдирди.

Путиндан 12 дақиқа ўтиб АҚШ президенти ҳам виллага етиб борди. Байденнинг кортежи Путинникидан каттароқ эканини кўриш мумкин. Кортеж асосан Chevrolet машиналаридан иборат эди. Байден эса АҚШ президентлари учун ишлаб чиқарилувчи махсус Cadillac One зирхли машинасида ҳаракатланди.

Икки президент Швейцария президенти ҳамроҳлигида ОАВ олдига чиқиб келди. Ги Пармелин ҳам инглизча, ҳам русча бироз гапириб, меҳмонларни табассум қилишга ундади. Кейин Путин ва Байден илк марта президент сифатида қўл бериб кўришди.

Охирги марта Россия-АҚШ саммити 2018 йил Финландия пойтахти Хельсинкида ўтган. Трамп ва Путин ўртасидаги мулоқотлардан кейин ўшанда АҚШ президенти кескин танқидлар остида қолиб кетган эди.

Мавзуга оид