Ўзбекистон | 11:17 / 16.06.2021
11455
3 дақиқада ўқилади

«Умримнинг 3 йили пахта даласида ўтган» — Абдуқодир Тошқулов ўқитувчилик фаолияти ҳақида

Фото: Kun.uz / архив

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов «МFaktor» лойиҳасига берган интервьюсида олий таълим аҳамияти, вазирлик фаолияти, ўқитувчилик йиллари қийинчиликлари хусусида сўзлаб берди.

«Термиз давлат университетида дастлаб очилган молия таълим йўналишини тугатганман. Ўзбекистонда илк марта кириш имтиҳонлари тест шаклида олинган 1993 йилда ўқишга кирдим, 5 йилдан кейин ўқишни имтиёзли тамомладим. Ундан кейин ўша ерда ўқитувчилик фаолиятимни бошладим.

Ўқишни тугатганимиздан кейин кўплаб курсдошларим солиқ, банк, молия ташкилотларига ишга жойлашган. Менда эса имконият бўлмаган бунга. Чунки ўша йиллари ишга қабул қилувчилар кадрнинг қобилияти, салоҳиятига эмас, таниш-билишчиликка қараб ишга қабул қилишарди. Суҳбат, танлов асосида қабул қилиш деган тушунчалар умуман йўқ эди.

Ўша пайтлари магистратура йўқ эди, бакалавр давомийлиги 5 йил эди. Факультетда ўқитувчилар мени яхши билишарди, ташкилотчи эдим. Ўқишни битирганимдан кейин устозларим «Болам, ўқитувчи бўлиб қолгин, яхши касб», деб менга таклиф беришди. Мажбурлигимдан, бошқа иложим йўқлиги учун ўқитувчи бўлиб қолдим. Ўқишни тугатгач, уйланишим, ойлик даромадим бўлиши керак эди. Меҳр билан, лекин хоҳламай ишимни бошладим.

Чунки 2016-2017 йилларгача ўқитувчилар ҳар йили ўртача 2–2,5 ой пахта даласида бўлишга маҳкум эди. Мен ҳисобладим: бутун умримнинг 3 йили тун-у кун пахта даласида ўтган. 5 йил талабалик пайтида, ундан кейин университет ўқитувчиси сифатида ва талабаларга бош бўлиб пахта даласида умримни ўтказганман. 3 йилим шундай ўтган. Бир тадбиркор 3 йил давомида миллиард доллар даромадга эга бўлиши мумкин, бу муддатда фан доктори бўлганлар бор. 3 йил бирор фойдали иш қилиш учун жуда катта муддат.

Ўқитувчи бўлишни истамаганимнинг яна бир сабаби ойлик эди. Маошимни долларда ҳисоблаганимда, бир ойда ўртача 15 доллар топган эканман. Бу 1998 йилдан кейинги 8 йиллик муддатни қамраб олади. Ёш тадқиқотчи эдим, уйланадиган вақтим эди. Ўқитувчилик ортидан уй сотиб олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди. Фақат ижара уйда яшаш имкони бор эди. Ойлик пастлиги учун ҳам кўпчилик ўқитувчи бўлишни истамасди. Ўша даврларда ўқитувчи ва олимларнинг мавқейи онгли равишда пасайтирилган эди», деди Тошқулов. 

Мавзуга оид