Тошкентда чиқиндиларни саралаш бўйича уч йиллик лойиҳа жорий этилмоқда
Тошкент шаҳрида 2021-23 йилларда чиқиндиларни саралаб йиғиш лойиҳаси тақдим этилди. Унга кўра, сараланган чиқиндиларни қайта ишлаш орқали саноат маҳсулотлари, электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Тошкент шаҳрида ҳар куни 2 минг тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқинди олиб чиқиб кетилиб, полигонларга ташланади. Ушбу чиқиндиларнинг катта қисми қайта ишланувчи материаллардан иборат. Уларни қайта ишлаш орқали 40 фоиз чиқиндини яна фойдаланиладиган буюмларга айлантириш мумкин. Кунлик 2 минг тонна чиқиндидан 800 тоннаси чиқинди полигонларига эмас, қайта ишлаш учун юборилмоқда. Чиқиндиларни саралаш экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
«Махсустранс» ДУК ҳамда «Ўзбекистон экологик қурилиш кенгаши» ННТ ҳамкорлигида чиқиндиларни саралаш амалиёти йўлга қўйилди. Тошкент шаҳар ҳокимлигида бу амалиётни йўлга қўйиш билан боғлиқ жараёнлар муҳокама қилинди.
«Махсустранс» ДУК раҳбари ўринбосари Шерзод Каттахўжаев сараланган чиқиндиларни қайта ишлаш орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида гапирди: «Чиқиндилар кўпайиши муаммонинг жиддийлигини билдиради. Тошкентда ишлаб чиқарувчи корхоналар кўп: пластик идишлар, текстил маҳсулотлари ишлаб чиқаришади. Сараланган чиқиндилар уларга тўғри етказиб борилса, жуда кўп маҳсулотлар тайёрлашади. Бизнинг асосий вазифамиз шу чиқиндиларни саралашга ўргатиш ва етказиб беришни йўлга қўйишдан иборат».
Корхона мутасаддиси Исмоил Саъдуллаевнинг таъкидлашича, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси олишни йўлга қўйиш мумкин.
«Бу концепцияни жорий қилишдан асосий мақсад – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ва чиқиндиларни саралаш учун шароит яратиб бериш. Шароит яратиш деганда Тошкент шаҳрида мингга яқин чиқинди йиғиш майдонларини назарда тутяпман. Бу батареялар, пластик идишлар сараланмаса 100 йилда ҳам чиримайди. Саралаш орқали чиқиндиларни полигонларга ташлашни камайтирмасак, экологиямизнинг аҳволи жудаям ёмон бўлади. Органик чиқиндиларни алоҳида ишлаш учун уларни заводда газ олиб қишлоқларга электр энергия етказиб бериш мумкин. Бунинг учун аҳоли ўртасида тарғибот олиб бориш керак, барча чиқиндиларни ўз жойига етказмасак аҳволимиз ёмон бўлади», деди Саъдуллаев.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими босқичма-босқич жорий этилади ва бу жараён 2021 йилдан бошланиб, уч йил давомида амалга оширилиши айтилди. Бу жараён уч босқичдан иборат ва биринчи босқич 2021 йилдан бошланиб, Тошкент шаҳридаги айрим маҳаллалар ҳудудида чиқиндиларни «қайта ишланадиган» ва «қайта ишланмайдиган» тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш йўлга қўйилди.
Иккинчи босқичда, яъни 2022 йилда «Махсустранс» давлат унитар корхонаси томонидан хизмат кўрсатиладиган барча ҳудудларда ушбу жараён амалда қўлланилади. Учинчи босқич 2023 йил амалга оширилади, бу босқичда барча туманларда чиқиндиларни тўртта турга – қайта ишланадиган, қайта ишланмайдиган, органик, хавфли маиший чиқиндилар каби тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш бошланади.
«Махсустранс» ДУК 16 июндан Тошкент шаҳрида чиқиндиларни саралаган ҳолда тўплаш учун рангли пакетларни тарқата бошлайди. Махсус белгилар ёпиштирилган машиналар янги иш тартиби асосида 2021 йил 1 июлдан иш бошлайди. Аҳоли ўртасида чиқиндиларни саралаш орқали экологияни асраб қолишга бўлган ҳаракатни кенг тарғиб қилиш мақсадида «Махсустранс» ДУК ва «Ўзбекистон экологик қурилиш бўйича кенгаши» ННТ жамоалари томонидан пойтахтдаги 16 та умумтаълим мактабида иш олиб борилди. 2 500 нафардан ортиқ ўқувчи ва 40 нафардан ортиқ ўқитувчиларни ва 24 та маҳалла аҳолиси бу ҳаракатда иштирок этишмоқда.
2021 йилнинг иккинчи ярмига кенг кўламли тадбирлар дастури мўлжалланган бўлиб, улар одамларнинг чиқиндиларни саралаш борасидаги маданиятларини барқарор ўзгартиришга қаратилган. Чиқиндиларни саралаш бўйича:
- 2021 йил 18 июн куни Бутунжаҳон тозалик кунини бутун шаҳар миқёсида нишонлаш. Байрам кичик ҳашарлар тариқасида шаҳар кўчаларидаги чиқиндиларни саралаб, тўплаш мақсадида ўтказилади.
- Фойдаланилган батареяларни тўплаш бўйича умумшаҳар акциялар.
- Пойтахтнинг барча йирик тадбирларида ўрнатиладиган махсус ахборот стенди.
- Мақсадли мактабларда барча ўқувчилар билан машғулотларни ўтказиш учун мактаб дастурини кенгайтириш, иштирокчилар сони 25 000 нафарга етказилади. Мактаб дастури ўз ичига Train-the-trainer услубиятини олади, яъни ўқитувчиларни ўқитиш ва машғулотларни мустақил ўтказиш учун жиҳозлар билан таъминлаш.
- Маҳалла фаоллари билан ишлар кўламини кенгайтириш режалаштирилган.
Дастурни ишлаб чиқишга жалб этилган «Ўзбекистон экологик қурилиш бўйича кенгаши» ННТ раҳбари, халқаро эксперт Темур Аҳмедов бугунги кунда Тошкентнинг экологик аҳволидан хавотирда эканини айтди: «Ҳозирги экологик ҳолат яхши эмас, чунки аҳоли сони ўсяпти. Мана шу саралаш дастури биринчи қадам бўлади. Кейинги лойиҳалар энерготежамкорлик, сув тежамкорлиги бўйича бўлиши кўзда тутилган».
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024