Ўзбекистон | 14:18 / 24.06.2021
8551
2 дақиқада ўқилади

Қўқон Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти деб эълон қилинди

Қўқон шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм вазирларининг VI йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Камил Еникеев

Бугун, 24 июн куни Туркий кенгаш туризм масалалари вазирларининг VI йиғилишида иштирок этиш учун келган меҳмонлар Қўқон шаҳрида тантанали кутиб олинди.

Қўқон шаҳрининг Жоме мажмуасида давом этаётган нуфузли тадбирда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) Бош котиби Бағдат Амреев, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон ва Ўзбекистондан туризм вазирлари иштирок этмоқда.

«Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган бугунги Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши аъзо мамлакатларининг Туризм масалалари бўйича вазирларининг VI йиғилиши учун айнан Қўқон шаҳри танлангани бежиз эмас. Икки минг йиллик шонли тарихга эга бу шаҳар туркий дунёнинг маданият, санъат, илм-фан, адабиёт, дин, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик марказларидан бири саналади», дея Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Kun.uz

Абдуҳакимов йиғилишда бир қатор таклифларни айтиб ўтди.

Давлатлар ўртасида транспорт логистикани ривожлантириш, маданий мерос объектларини асраш жамғармасини ташкил этиш, туркий давлатларнинг ягона маданий ва туризм тадбирлари тақвимини яратиш, Бобурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган қадимги Ахсикент қалъаси ҳудудида «Туркий овоз» қўшиқ ва куй фестивалини ташкил этиш шулар жумласидан.

Шунингдек, Ипак йўли равнақига муҳим ҳисса қўшган Қўқон шаҳрини Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти сифатида қўллаб-қувватлаш таклифи ҳам илгари сурилди. Бу йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг Қўқон шаҳри ҳокими Маъруфжон Усмоновга рамзий калит топширилди.

Фото: Камил Еникеев

Сарвар Зияев.

Мавзуга оид