Спорт | 16:03 / 27.06.2021
20624
8 дақиқада ўқилади

Плей-оффда йирик ҳисоб. Данияликлар фаворитлар қаторига қўшилди

Европа чемпионатининг илк чоракфиналчиси Дания бўлди.

Евро-2020. 1/8 финал
Уэльс — Дания — 0:4 (0:1)
Голлар: Дольберг, 27 (0:1). Дольберг, 48 (0:2). Меҳле, 88 (0:3). Брэйтуэйт, 90+4 (0:4).
Уэльс: Уорд, Б.Дэвис, К.Робертс (Н.Уильямс, 40), Родон, Мефам, Рэмси, Аллен, Жеймс (Брукс, 78), Моррелл (Уилсон, 59), Бэйл, Мур (Т.Робертс, 78).
Дания: Шмейхел, Кьер (Бойлесен, 77), Вестергор, Кристенсен, Стрюгер Ларсен (Андерсен, 77), Мехле, Дилэйни (Нергор, 60), Ҳейберг, Брэйтуэйт, Дольберг (Корнелиус, 69), Дамсгор (Йенсен, 60).
Огоҳлантиришлар: Родон, 26. Мур, 40. Брукс, 80. Бэйл, 90+3.
Четлатиш: Уилсон, 90.
Ҳакамлар: Зиберт. Зайдель, Фольтин (барчаси — Германия).
ВАР: Данкерт. Гиттельманн, Дингерт, Фриц (барчаси — Германия).
26 июнь. Амстердам. «Йохан Кройф Арена» стадиони.

Россия ўрнига
Данияликлар ўрнида плей-оффда россияликлар ўйнаши мумкин эди. Аммо Россия термаси ҳал қилувчи ўйинда Данияга йирик ҳисобда мағлуб бўлди, скандинавлар эса ўйиндан ўйинга кучаймоқда ва турнирда барчанинг диққатини ўзига қаратмоқда. Дания мухлислар кўз ўнгида порлади. Йўл оғир бошланди, Кристиан Эриксеннинг юраги хуруж қилганида жамоа шок ҳолатида аутсайдерга ютқазиб қўйди. Кейин жиддий ўсиш кузатилди — Дания Бельгия билан тенгма-тенг курашди, аммо Кевин де Брюйненинг индивидуал маҳорати туфайли яна ютқазди. Учинчи турда — Россия устидан узоқ кутилган ғалабага эришилди ва дастлабки турлардаги мағлубиятга қарамасдан, сенсацион равишда плей-оффга чиқилди. 1/8 финалда эса Уэльс устидан йирик ҳисобдаги ғалаба қайд этилди.

Дания термасини турнирдан аввал кўп нашрлар эҳтимолий қора тойчоқлар қаторида санаганди. Таркибда номлар бор, синовдан ўтган ва тўғри қўйилган тактика, замонавий лэптоп-мураббий Юлманн, сўнгги расмий ўйинлардаги юқори натижалар... Аммо плей-оффга Данияни ҳиссиётлар олиб чиқди — Эриксен билан содир бўлган даҳшатли воқеа мамлакатни бирлаштирди, Копенҳагендаги трибуналар Финландия ва Бельгияга қарши ўйинларда очко олинмагани адолатсизлик эканини ҳис қилиб турарди.

Юлманнинг ғояси
Даниянинг 1/8 финалдаги ғалабаси — тактика ва характер уйғунлашуви бўлди. Гиггз ва Пейж бошқарувида Уэльс содда ва барчага тушунарли бўлган, Бэйл ва Рэмсига эркинликлар берилган 4-2-3-1 схемасида ўйнаб, «стандартлар» ҳамда қарши ҳужумларга таянмоқда. Ўйин бошида уэльсликлар данияликлардан яхшироқ кўринаётганди — катта куч билан ҳужумлар уюштирилди, хусусан, марказдан ҳам. Бэйл доимий равишда марказроққа кўчиб ўйнади, икки бор тўпни эгаллаб олиб, Шмейхел дарвозаси томон хавфли зарбалар йўллади, Юлманн жамоаси эса таянч зонасида қийналди.

Аммо данияликлар мураббийлар штаби биринчи бўлим давомидаёқ майдонда ўзгаришлар ясади — биринчи бўлимнинг 10-дақиқасиданоқ Кристенсен ҳимоя марказидан таянч зонага чиқарилди, у бу ерда Дилэйни ва Ҳейбергга фаол ёрдам бериб, ўз жамоаси жарима майдони яқинида бўш ҳудудлар қолдирилмаслиги учун ҳаракат қилди. Дақиқа сайин тўп ҳаракатланиши скандинавлар дарвозаси яқинидан узоқлаша бошлади, кўп ўтмай Уэльс гол ўтказиб ҳам юборди.

Кристенсеннинг олдинроққа чиқарилиши — Юлманн биринчи бор қилаётган ўзгариш эмас. Россияга қарши ўйинда ҳам «Челси» ҳимоячиси марказга кўчиб ўйнаганди, аммо у бу ишни тўп назорати данияликларда бўлганида амалга оширганди. Бу ўйинда эса Кристенсен бутунлай таянч зонасига боғлаб қўйилди — Уэльс ҳужумлар уюштираётган паллада бу ҳудудга қўшимча ёрдам керак бўлганди.

Амстердамдаги ғолиблик муҳити
Данияликларга тактиканинг ўзигина муваффақият келтирди дейиш қийин. Улар бу сафарги Европа чемпионатида биринчи марта Копенҳагендан ташқарида ўйнашди, аммо мухлисларнинг кўпчилиги уларни қўллаб-қувватлай олишди. Бунга икки омил бор. Биринчидан, британлар мамлакатдаги ковидга қарши чоралар туфайли хорижга чиқиши қийинроқ, данияликларга эса қўшни Нидерландияга ўтиш учун виза ҳам керак эмас. Иккинчидан, «Аякс» ва скандинавлар ўртасида қалин алоқалар ўрнатилган. Амстердамликлар клубида Даниядан ўнлаб футболчилар ўйнаган: Лербю, Йенсен, Арнесен, ака-ука Лаудруплар, Роммедал, Крон-Дели, Гронкяер, Шене, Кристиан Поульсен... Албатта, Эриксен ҳам.

Яна бири — Дольберг. У «Аякс» сафида Нидерландия чемпионатининг 2016/17 йилги мавсумида 16 гол уриб, Европанинг истиқболли форвардларидан бири сифатида тилга тушганди (ҳужумчи Нидерландия чемпионатидаги жами 38 голидан 23тасини айнан «Йоҳан Кройф Арена»да нишонлаган) - у Эредвизиядаги иккинчи мавсумидаёқ энг яхши ёш футболчи сифатида тан олиниб, Европа Лигаси финалида ўйнаганди, ўшанда унга «МЮ», «Милан», «Наполи», «Рома» ва «Монако» каби жамоалар қизиқиш билдирган, ОАВ у 50 миллион евро эвазига шу жамоалардан бирига ўтишини ёзганди. Аммо якунда уни анча камтарроқ бўлган «Ницца»га 20 миллион евродан ортиқроқ суммага сотишди - бунга унинг соғлигидаги муаммолар сабаб. 2017 йилда у илк жароҳатини олди ва узоқ вақтни тикланишга сарфлади. 2018 йилги жаҳон чемпионатига борган бўлса-да, унга фақат 20 дақиқа берилди. Кейин яна жароҳат...

Дольберг ҳозирда Дания термасининг захира футболчиси бўлиб қолган. Уэльсга қарши ўйинда бошланғич таркибдан жой олиши ўйин арафасида Юссуф Поульсен жароҳат олгани туфайлидир. Аммо «Йоҳан Кройф Арена» деворлари Дольбергга ёрдам берди — айнан унинг голи биринчи бўлимда кучли ўйин кўрсатган Уэльснинг шаштини сўндирди.

Иккинчи бўлим бошида эса у ҳисобни иккитага оширди - уэльсликлар ҳимоячиси Уильямас тўпни дарвоза қаршисида турган рақиб ҳужумчисининг оёқларига ташлаб берди.

Иккинчи голдан кейин амалда ўйин тақдири ҳал бўлди, ўйин якунида Меҳле ва Брэйтуэйт ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Танаффусдан кейин Дания британларни ўйнашга қўймади, Бэйл ва жамоадошлари деярли хавфли вазиятлар содир эта олишмади - Уэльс биринчи бўлимда зарбалар бериш борасида 7:5 кўринишида устунликка эга эди, иккинчи бўлимдан кейинги кўрсаткич 4:11 бўлди. Рақиб икки қават бўлиб ҳимояланганда қарши ҳужумларга таянадиган жамоа иложсиз ҳолатда қолиши тайин эди. Дания биринчи бўлим ўрталаридан ихчам ва аниқ ўйнай бошлади ва чемпионатнинг энг яхши 8 жамоаси сафидан жойни кафолатлади. 

Дания ўзи ҳақида яхши таассурот қолдиришда давом этмоқда. Бу жамоанинг яримфиналга ва финалга чиқиш салоҳияти ҳам бор. Данияликларга финалгача Бельгия, Португалия, Италия ёки Франция рақиб бўлмайди. Жамоа кейинги босқичда Нидерландия — Чехия жуфтлигига қарши майдонга чиқади. Дания бу жамоалар билан тенгма-тенг ўйнай олади.

Мавзуга оид