Жаҳон | 22:06 / 30.06.2021
66386
11 дақиқада ўқилади

«Ельцин менга ҳукуматни қолдирмаган» — Путин 4 соат давомида саволларга жавоб берди

Россия президенти Владимир Путин доимгидек тўғридан тўғри мулоқот ўтказиб, россияликларнинг саволларига жавоб берди. У деярли 4 соат давом этган мулоқотда 69та саволга жавоб беришга улгурди, умумий ҳисобда эса Путинга 2 миллиондан ортиқ савол йўлланди. Қуйида Путин билан жонли мулоқотнинг муҳим жойларини келтирамиз.

Фото: Гавриил Григоров/ТАСС

«Бир ухлаб турдим, ҳаммаси яхши бўлди»

Путинга ўқитувчилардан бири вакцина олмагани сабаб ишдан кетиши айтилгани ҳақида савол берилди. Путин ҳеч кимни вакцина олишга мажбурламаслик кераклигини айтиб, Россияда ишлаб чиқарилган барча 4 вакцина хавфсизлигини ва уларни олиш мумкинлигини айтди.

«Менга танлаш имкониятини беришди ва Sputnik V вакцинасини танлашга қарор қилдим. Чунки ҳарбийларни шу вакцина билан эмлашди, мен эса бош қўмондонман.

Биринчи уколни олганда деярли ҳеч нимани сезмадим. Иккинчисини эса кундузи соат 12:00да олдим. Кечаси 00:00да иссиғим 37,2 даражага чиқди. Бир ухлаб турдим ва эртасига ҳароратим 36,6 бўлди. Қонимдан анализ олишди ва юқори даражали антитана аниқланди. Россияда ишлаб чиқарилган барча вакцина ишончли ва сизларга ҳам эмланишни тавсия қиламан», деди Путин.

«Узр, кўп нарсани гапириб қўйдим, ҳарбийлар кечиришса керак»

Путин яқинда Қрим яқинидаги сувликда Британия кемаси билан бўлган можарони эслаб, ўшанда нималар бўлганини гапириб берди. 23 июн куни Россия мудофаа вазирлиги Британиянинг «Дефендер» эсминецига қарата огоҳлантирувчи ўқ узганини маълум қилганди. Бироқ британияликлар буни рад этишди.

«Биласизми, ўша куни тонгги соат 07:30да Грециядан НАТО разведка самолёти ҳам йўлга чиққан ва ҳолатни кузатган. Бу вазиятда биз кемани чўктириб юборсак ҳам, учинчи жаҳон уруши бошланмас эди. Улар Қрим бизники эканини тан олмаса, олмасин. Аммо бунақа провокация қилиб нима керак? Биз ўз ҳудудимизда ўз манфаатимиз учун курашяпмиз. Улар эса минглаб километр босиб ўтиб, бизнинг сув ҳудудимизда провокация қилишяпти. Узр, мен кўп нарсани гапириб қўйдим. Ҳарбийлар бу учун мени кечиришса керак», деди Путин.

Путин Украина билан муносабатлар ҳақида гапирар экан, бу миллатни дўст бўлмаганлар қаторига киритмаслигини айтди. «Биз битта миллат эканимизни айтишга асос бор, деб ўйлайман. Нега улар дўст бўлмаган давлатлар қаторида эмас? Чунки украинлар бизга дўст бўлмайдиган иш қилмаган», деди Путин.

«Паммм – мияни мана бундай қилиб ёқиш керак»

Путиндан Байден билан учрашув ҳақида ҳам сўрашди. «Америкада Байден сиёсатда кўп нарсани ҳал қилмаслигини айтишади. Агар шундай бўлса, у билан учрашишдан нима фойда?» деб сўради бир россиялик.

Путинга бу савол ёқди ва бажонидил гапирди. Бу саволга жавоб берар экан, Путин навбатдаги марта Американи тролл қилишга ҳам имкон топди: «Нега энди, АҚШ президентига жуда кўп нарса боғлиқ. Улар Россия дунё сиёсати учун ҳал қилувчи давлатлардан эканини тан олишади ва шу сабаб Женевадаги учрашув ташкил этилди. Бироқ буни тан олишни истамайдиган сиёсатчилар ҳам бўлгани учун санкция ва таҳдидлар бўлади. Улар бир нарсани тушуниши керак: қанча санкция киритишмасин, Россия ривожланишда давом этмоқда».

Путин бу саволга жавоб берар экан, негадир ўз таниш оиласидаги бир ҳолатни гапириб, ҳаммани кулдирди: «Бир танишимнинг оиласида ҳали гапиришни ҳам билмайдиган боласи бор. Унга онаси бирор хато қилса, «каллангни ишлат», деб айтади. Болакай эса қўлини пешонасига қўйиб памм, деб калласини ишлатади», деди Путин қўлини пешонасига қўйиб кўрсатиб.

«Ельцин менга ҳукуматни қолдирмаган»

Путиндан ҳукуматни Ельциндан қабул қилиб олгани ва ўрнига ким келиши ҳақида сўрашди. Россия президенти эса ҳукуматни ҳеч кимдан қабул қилиб олмаганини айтди: «Борис Ельцин ҳукуматни менга топширгани йўқ. Қонунларимизга кўра, вақтинча президент сифатида ҳукумат раҳбари танланади. Ўша вақтда бу лавозимда мен эдим. Олдинроқ мен ФХХ директори бўлганимда Ельцин менга Хавфсизлик кенгаши директори бўлишни таклиф қилганди. Ўрнимга кимнидир таклиф қилиш керак бўлган ва ажабланарлиси, мен таклиф қилган одамлар рад жавобини берган. Чунки мамлакатда қийин дамлар эди ва масъулиятни бўйнига олишни ҳамма ҳам хоҳламасди. Менга ҳам Ельцин [вақтинча президентликни] таклиф қилганида, рад этганман. Бироқ охир-оқибат мамлакатни ким бошқаришини танлаш фуқароларнинг танловига боғлиқ.

Мамлакатни [мендан кейин] бошқарадиган одам ҳақида гапирадиган бўлсам, алмаштириб бўлмайдиган одам бўлмайди. Менинг зиммамда бу одамга [кетиш олдидан] маслаҳат бериш киради, холос. Ҳамма давлатларда шундай бўлади. Умид қиламан, Россиядек ажойиб давлатни бошқара оладиган одам қандай бўлиши ҳақида гапирадиган вақт келади», дейди Путин ўрнига келадиган одам ҳақидаги саволга.

Путиндан у кимга бўйсуниши ҳақида ҳам сўрашди. Россия президенти эса кутилганидек, фақат ва фақат уни сайлаган халққа бўйсунишини айтди.

Россия президентига мактаб ўқувчиларидан бири Қорабоғ можаросини ҳал қилишдаги роли учун миннатдорчилик билдирди. Путин бу борада ҳам қисқача гапирди. «Чиндан Россия Қорабоғ муаммосини ҳал қилишда муҳим рол ўйнади. Ҳудудда можаро ривожланишини Арманистон ҳам, Озарбойжон ҳам, Қорабоғдагилар ҳам хоҳламаганди. Ахир доим уруш хавфи билан яшаб бўлмайди-ку. Ҳудудда муаммолар йиғилиб қолганди. Масалан, нормал инфратузилмани шакллантириш, давлат чегараларини келишиш муаммолари. Менимча, Қорабоғдаги муаммоларни ҳал қилишда асосий ташаббускор маҳаллий аҳоли бўлиши керак», деди Путин.

«Улар учун қарорни Берлин, Вашингтон қабул қилади, нега мен у билан учрашишим керак?»

Путин Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашув ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бундан мантиқ йўқлигини айтди. «У мамлакатини тўлалигича ташқи бошқарувга бериб қўйди. Украина учун қарорлар Берлин ва Вашингтонда қабул қилинса, у билан учрашувдан нима фойда?» деди Россия етакчиси.

«Бу спорт, уни мутахассислар муҳокама қилгани яхши»

Путиндан Евро-2020даги муваффақиятсизлик ҳақида сўрашди. Президент шундай жавоб берди: «Бу спорт, унда ғалаба ҳам, мағлубият ҳам бўлади. Ҳоккейда ҳам, футболда ҳам. Бу борадаги хулосаларни мутахассисларга қолдирган маъқул. Бундай натижалар ҳамма ерда бўлиши мумкин, бундан фожиа ясаш керак, деб ўйламайман. Хатоларни кўриб, олдинда юришда давом этиш керак. Бизда имкониятлар шубҳасиз юқори», деди Путин футболдаги муваффақиятсизлик ҳақида.

Путиндан сабзининг нархи кўтарилгани ҳақида сўрашди

Сабзи фақат Ўзбекистонда қимматлади, деб ўйлайсизми? Йўқ, Россияда ҳам шу муаммо экан. Путиндан ҳам нега Эквадор бананининг бир килоси 73 рубль, қўшни тумандан келтирилган сабзи эса 110 рубль туришини сўрашди. Президент бунга жавобан, бутун дунёда маҳсулотлар нархи кўтарилганини айтиб, ўтган йил Россияда шакар ва мой нархи кўтарилганини эслади. «Афсуски, биз ҳамон ўзимиз учун етарли сабзавот етиштира олмаяпмиз», деди Путин.

Россия президенти мамлакатда ижтимоий тармоқларни блоклаш режаси йўқлиги, аммо улар Россия қонунларига амал қилиши кераклигини айтди. «Биз уларга болалар порнографияси, ўз жонига қасд қилишга ундайдиган, Молотов коктейли ясашни ўргатадиган видеолар қўймоқдасизлар, уларни ўчиринг, деяпмиз, улар эса қулоқ солишмаяпти», деди Путин.

Жонли мулоқот вақтида қизиқ воқеа содир бўлди. Кетма-кет бир неча савол берувчилар билан алоқа ўрнатиш қийин бўла бошлагач, бошловчи алоқа ёмонлигига ҳакерлар ҳужуми сабаб бўлаётганини айтди.

Жонли мулоқот охирида Путинга одатдагидек блиц саволлар билан мурожаат қилишди.

– Тил ўрганиш борасида хатоларингиз борми? Масалан, Немис тилида хатоларингизни биласизми?

– Бу борада сўзларни эслаб қолиш қийин, чунки уларни доим ишлатиб туриш керак. Инглизчада ҳам шундай муаммо. Она тили эмас ахир.

– Кўйлакларингизни ким тозалайди?

– Мен яшайдиган жойда химчистка бор. У ерда аёллар ишлашади, номи нима эканини ҳам билмайман. Вазиятдан фойдаланиб бу ажойиб инсонларга раҳмат демоқчиман. Доим кўйлакларимни кийганда улар янгидай туради.

– Президент сифатида асосий ютуғингизга эришдингизми?

– Йўқ, бу ҳали олдинда.

– Сиз ёқтирадиган санъат намуналари.

– «Уруш ва тинчлик», Чайковскийнинг биринчи концерти ва «Бўғирсоқ» эртаги (Колобок).

– Бахтли бўлиш учун нима қилиш керак?

– Бу учун ўз эҳтиёжларини билиш ва ўз имкониятларини амалга ошириш керак.

– Истеъфодан кейин қаерда ишлайсиз?

– Истеъфодан кейин ишлаб нима керак? Печканинг олдида ўтираман.

– Сиздан кейин қандай Россия қолишини истайсиз?

«Афсуски бир вақтлар СССР тарқалиб кетди. Оқибатда мамлакат ярим аҳолиси, ҳудуди ва иқтисодини йўқотди. СССРни тиклаш мантиқсиз ва имконсиз нарса. Чунки бу борада ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларга дуч келамиз. Биз Россияни ривожлантириш ҳақида ўйлашимиз керак. Шунча йўқотишларга қарамай, биз ҳамон дунёдаги энг катта давлатмиз, бизда ҳаммадан кўп минерал бойликлар бор ва улардан фойдаланишимиз керак. Асосий бойлигимиз банкдаги олтин захирамиз эмас, халқимиз. Кўп миллатли рус халқи олий даражадаги руҳиятга эга. Бу эса жуда муҳим, айниқса замонавий дунёда. Чунки бу дунё замонавий технология билан боғлиқ, халқимиз эса фанни севади. Бизда кўпчилик фарзандлари фан билан шуғулланишини хоҳлайди, улар фанда пул кўп эмаслигини билиб ҳам шуни хоҳлашади. Бу бизнинг имкониятимиз жуда катта эканини кўрсатади. Халқнинг бундай имконияти ҳар қандай иқтисодий кўрсаткичдан муҳим. Асосийси эса биз буюк давлатда яшаяпмиз», деб якунлади Путин охирги саволга жавобини.

Мавзуга оид