Коррупцияга қарши комплаенс назорат қандай ишлайди? — «Ўзбекнефтгаз» департаменти раҳбари билан суҳбат
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишда қўлланилаётган усуллардан бири – комплаенс назорат. Хўш, бу усул қанчалик самарали? Давлат ташкилотларида ташкил этилган комплаенс назорат тузилмалари қандай фаолият юритади? Улар ўз фаолиятида қанчалик мустақил?
Ушбу саволларга «Ўзбекнефтгаз» АЖ Молиявий ва комплаенс назорат департаменти мисолида жавоб олишга ҳаракат қилдик. Саволларимизга департамент раҳбари Зоҳиддин Иватов жавоб берди.
– «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимида молиявий ва комплаенс назорат департаменти қандай фаолият юритади?
– Бутун дунёда коррупция глобал иллат сифатида қаралади ва бу иллатга қарши курашиш учун турли тадбирлар, ислоҳотлар олиб бориляпти. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам. 2020 йилгача «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимида алоҳида молиявий назорат тизими ёки шунга ўхшаш бошқа бўлим йўқ эди. Ўтган йили апрель ойида нефт-газ тизимини такомиллаштириш бўйича президент қарори қабул қилинди, шунга кўра, тизимда комплаенс назорат, шунингдек, ички назоратни жорий этиш белгиланди. Ва жамият тизимида Молиявий ва комплаенс назорат департаменти ташкил этилди.
Коррупция ҳақида гапирганда биринчи навбатда молиявий томони кўзга ташланади, чунки ўз-ўзидан коррупция бўлиб қолмайди, кимдир нимадир олиб келади, камомад қилади ва шу тарзда иллат илдиз отиб боради. Департаментнинг бундай номланиши бежиз бўлмади, икки йўналишда бир хил назорат олиб бориш мақсад қилинди.
– Департамент ташкил этилганига бир йил бўлибди. Бу, таъбир жоиз бўлса, ғалвирни сувдан кўтариш учун етарли муддат. Молиявий ва комплаенс назорат бўйича АЖ тизимида қандай ишлар амалга оширилди?
– Аввало, комплаенс назорат ҳақида гапирсам, комплаенснинг луғавий маъноси мувофиқлик дегани. Корхона ёки жамият фаолиятида турли тартиб-қоидалар барча жабҳаларда яратилгани ёки мавжуд эмаслиги, қандай амалга ошаётганини назорат қилувчи тармоқ деса бўлади. БМТ Тараққиёт дастури асосида КPMG халқаро аудиторлик ташкилоти экспертлари билан ҳамкорликда комплаенс тизимининг дастлабки меъёрий ҳужжатлари жорий этилди.
– Алоқа каналларининг ишлаш регламенти деганда нима тушунилади?
– Жамият тизимида комплаенс назоратни олиб бориш мақсадида почта ва ижтимоий тармоқлар орқали алоқа каналлари очиб қўйганмиз. Бунда ишчи-ходим коррупцион ҳолатга, талон-торожликка ёки бошқа қонунбузилишга дуч келса, шу орқали мурожаат юбориши мумкин. Шахсини ошкор этиб ёки аноним тарзда бу ишларни амалга ошира олади. Каналлар орқали келиб тушган мурожаатлар ўрганиб чиқилади ва керакли чоралар кўрилади.
– «Ўзбекнефтгаз» АЖга ишга кириш таниш-билишликдан қанчалик даражада холи, чунки илгарилари бу тизимга ҳамма ҳам ишга жойлаша олмаслиги ҳақида турли миш-мишлар юрарди?
– Тўғри, авваллари таниши бўлмаса нефт-газ соҳасига ишга киролмаслик ҳолатлари бўлган. Келаётган мутахассиснинг салоҳияти, билими компания фаолияти учун жуда ҳам муҳим. Билим-салоҳияти паст ходимлар бир амаллаб ишга киргани билан ишни эплаб кетиши, жавобгарлиги, унинг ортидан раҳбарларнинг жавобгарлиги ҳам бор. Шунинг учун, «Ўзбекнефтгаз» АЖда бу нарсага жиддий қаралади. Балки, қайсидир жойларда ўша иллат қолаётган бўлиши мумкин, лекин айта оламанки, бу бўйича кураш олиб боряпмиз.
Нафақат таниш-билиш, пул билан ишга кириш ҳолатига қарши курашяпмиз, лекин юқорида айтганимдек, тизимда суиистеъмолликлар йўқ дея олмайман. Ҳамма жамоада ҳам ҳар турли одам бўлгани сингари, жамият тизимида ҳам бирор ноқонуний иш қилмаса, коррупцияга аралашмаса, эскидан қолган “ҳунар”ини қилмаса, тинч туролмайдиган одамлар ҳам бор.
– Хорижда йирик корпорацияларда ходимни ишга қабул қилишда коррупцияга қанчалик чидамли эканини билиш учун психологик тестлар олинади, шунга ўхшаш тизим йўлга қўйилиши мумкинми?
– «Ўзбекнефтгаз»га ишга қабул қилинаётган ходимларни тестдан ўтказиш амалиёти бор, лекин улар орасидан сиз айтган каби психологик тестлар ўрин олмаган. Саволлар асосан умумий дунёқараш билан боғлиқ ва шуни белгилашга қаратилган. Соҳада қайси йўналишда ишлашидан, хоҳ кончилик, георазведка бўлсин, хоҳ юрист ёки оддий ишчи бўлсин – бундан қатъи назар умумийроқ мазмунда тузилган. Лекин сиз яхши ва ўринли таклиф билдирдингиз, буни инобатга оламиз.
– Комплаенс назорати ходимлари ўзлари қанчалик назоратга муҳтож? Бир вақтнинг ўзида улар қанчалик мустақил ҳам?
– Албатта, бу жуда нозик савол. Департаментда нафақат назорат билан ишлайдиган ходимлар, балки маблағ сарфи, бевосита пулга боғлиқ масъул лавозимларда ишлайдиган ходимларимиз кўп. Коррупцияга қарши курашиш бўйича олдимизга катта-катта рейтингларда юқори ўринларни олиш вазифасини қўйганмиз. Бунинг учун эса ходимлар ҳалол ишлайдиган инсонлар бўлиши керак.
Маълумки, ходимнинг иш шароити, ойлик-маошини яхши қилмасак яхши натижага эришиб бўлмайди, хусусан коррупцияга қарши курашиш масаласида ҳам. Одатда коррупцияни енгиш учун турли омиллар санаб ўтилади, шулар ичида, аввало, моддий таъминот масаласи ҳал бўлмас экан, муаммо ўзгармай тураверади. Шу маънода, ходимларнинг моддий таъминотига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Энди, шундан кейин ҳам, агар у мансабини ёки вазифасини суиистеъмол қилса...
– Департамент фаолиятини нечага баҳолаган бўлар эдингиз?
– Менимча, 7 ёки 8 балл деб айтсам бўлади. Ундан юқори баҳо қўя олмайман, чунки ишимизда камчиликлар ҳам бор, баъзи суиистеъмолликлар аниқланяпти. Балки, тўғрироғи 7 бўлар.
– Авваллари қонунбузилиш ҳолатлари иложи борича яшириб келинарди. Энди эса ҳаттоки, АЖ матбуот хизмати ҳам ўғриликлар бўйича маълумот бериб боряпти. Шу жараёнда департаментнинг хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш вакиллари билан ҳамкорлиги қандай йўлга қўйилган?
– Бу соҳада ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари билан ҳамкорлик жуда яхши йўлга қўйилган. ИИВ, Миллий гвардия, ДХХ, прокуратура ходимлари билан биргаликда нефт-газ тармоқларида бўлаётган ўғриликларни фош этиш учун рейдлар ташкил қилинади, уларнинг ёрдами беқиёс. Авваллари тизимда ўғрилик ёки бошқа ноқонуний фаолиятлар, фирибгарликлар фош этилса, кўпинча оммага намойиш қилинмасди, бу эса иллатнинг янада газак олиб кетишига олиб келган.
– Департамент фаолияти мустақилми, юқори лавозимли мансабдорлар босим ўтказмайдими?
– Департамент фаолияти шундай йўлга қўйилганки, ҳудудлардаги бошқармалар, нефт базалардаги департамент ходимлари бевосита департамент бошлиғига, департамент бошлиғи эса тўғридан тўғри жамият бошқарув раисига бўйсунади. Жойлардаги бошқарма ва бўлимлар томонидан уларга босим бўлмаслиги учун шу йўл тутилган. Шунингдек, ходимлар ойлик-маошлари ҳам юқори белгилаб қўйилган ва бошқа томондан канал қидиришига эҳтиёж йўқ. Бундан ташқари, департамент раҳбариятига жамият раиси ўринбосарлари томонидан ҳам босимлар кузатилмайди, сабабини юқорида айтдим. Шунингдек, агар раис биз аниқлаб келган маълумотларни ёпди-ёпди қилиб юборганида ёхуд бунга уринганида бу тузилманинг кераги бўлмасди. Балки, биз ҳам ишламаган бўлардик.
- Тўлиқ суҳбат билан видеода танишишингиз мумкин.
Журналист Толиб Рахматов
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024