Иқтисодиёт | 10:05 / 01.07.2021
7744
2 дақиқада ўқилади

Йиллик нисбатда ёғ-мой маҳсулотлари 1,5 баробарга қимматлашган

Жорий йилнинг I ярим йиллигида нархлар ошиши бўйича ёғ-мой маҳсулотлари етакчиликни давом эттирмоқда (22,5 фоиз). Бундан ташқари, ўтган олти ой давомида мевалар ва ёнғоқлар 16,1 фоизга, шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар 7,1 фоизга қимматлашган.

2021 йилнинг июнь ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 0,2 фоизга арзонлашди. Ушбу ҳолат асосан мавсумий омил билан тавсифланмоқда. Таққослаш учун, 2020 йилнинг июнь ойида товарлар ва хизматлар ой давомида ўртача 0,3 фоизга, 2019 йилда эса 0,5 фоизга арзонлашган.

Жорий йил бошидан бери нархларнинг умумий ўсиш даражаси 4,4 фоизни, ўртача ойлик ўсиш даражаси эса 0,7 фоизни ташкил этмоқда. Йиллик инфляция даражаси эса 10,9 фоизга етди.

2021 йил июнь ойидаги йиллик умумий инфляция ўтган йилнинг июнь ойидаги кўрсаткичдан 3,3 фоиз бандга ва 2019 йилнинг июнь ойидаги кўрсаткичдан 2,7 фоиз бандга паст бўлди.

Июнь ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотлари 0,9 фоизга арзонлашган бўлса, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга, хизматлар нархи эса 0,2 фоизга қимматлашган.

Жорий йилнинг беш ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотларида узлуксиз нархлар ошишидан кейин, июнь ойида пасайиш кузатилди. Нархлар пасайишида етакчилик мевалар ва ёнғоқлар (3,8 фоиз), ёғ-мой маҳсулотлари (2,8 фоиз), сабзавотлар ва дуккаклилар (2,6 фоиз) ҳамда сут маҳсулотлари ва тухумга (1,6 фоиз) тегишли бўлган. Шунингдек, гўшт маҳсулотлари, шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар сезиларли даражада ошди (0,4 фоиз).

Умумий қилиб олганда, ёғ-мой маҳсулотлари ўтган йилнинг декабрига нисбатан нархлар ошиши бўйича етакчиликни давом эттирмоқда (22,5 фоиз). Бундан ташқари, 2021 йилнинг I ярим йиллигида нархлар ошиши бўйича етакчи учликдан мевалар ва ёнғоқлар (16,1 фоиз) ҳамда шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар (7,1 фоиз) ўрин олди. Йиллик нисбатда ёғ-мой маҳсулотлари (1,5 баробарга), сабзавотлар, илдизмевалилар ва дуккаклилар (27,4 фоиз), шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар (15,7 фоиз), гўшт маҳсулотлари (14,5 фоиз), сут, бошқа сут маҳсулотлари ва тухум (11,6 фоиз) сезиларли даражада қимматлашган.

Мавзуга оид