Ўзбекистон | 17:03 / 02.07.2021
48969
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон расмийлари Twitter ва TikTok'ка чеклов қўйди

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига қонунга зид равишда ишлов бераётган ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланди, дея баёнот берди “Ўзкомназорат”.

Инспекция баёнотида қайси тармоқлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилмаган.

“Ўзбекистон Республикаси “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунининг 271-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун айрим ижтимоий тармоқлар 2021 йил 2 июлдан “Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри”га киритилди ва интернет тармоғида мазкур ресурсдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш ўрнатилган тартибда, аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар чекланди”, – дейилади расмий ахборотда.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 2 июл куни эрталабдан ўзбекистонликлар Twitter, TikTok, Skype ва Вконтакте платформаларига киришда муаммоларга дуч келмоқда.

16 апрелдан бошлаб “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги қўшилган 27-1 модда кучга кирган. Бу моддага кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинмоқда.

Қонун кучга киргач, “Ўзкомназорат” Google, Facebook, TikTok, Telegram ва бошқалар дохил Ўзбекистондаги оммабоп интернет-сервислар маъмуриятига огоҳлантириш хатлари юборган. Улардан Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни республикага олиб келиб сақлаш талаб қилиняпти.

Расмийларга кўра, олиб келиниши талаб қилинаётган шахсий маълумотлар сирасига фуқаролар тармоқда рўйхатдан ўтиш учун ишлатадиган исм-фамилия, телефон рақам ва паспорт маълумотлар кабилар киради.

“Ўзкомназорат” бошлиғи Ғолибшер Зиёев Kun.uz саволига жавобан шахсий ёзишмаларни Ўзбекистонга кўчириш шарт эмаслигини айтган.

Ўзбекистон қонунчилигидаги бу янгиликни Facebook компанияси салбий қарши олган.

“Шахсий маълумотларни давлат ичида сақлаш иқтисод ва инсон ҳуқуқлари учун яхши эмас. Жаҳон бўйлаб датани маҳаллийлаштириш фойдаланувчиларнинг шахсий ҳаёти, фикр эркинлиги, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларига сезиларли хавф туғдиради. Одатда бу ҳукуматнинг интернет фойдаланувчисининг шахсий маълумотини олиш салоҳиятини оширади”, – деган Facebook вакили апрел ойида BBC билан суҳбатда.

Малайзиядаги ўзбекистонлик фан доктори, ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Анвар Нарзуллаевнинг Kun.uz'га тушунтиришича, одатда маълумотлар базалари яхлит тизимда шакллантирилади, уларнинг бир қисмини ажратиб олиб, бошқа жойга кўчириш техник ва молиявий муаммоларга сабаб бўлади.

“Катта компаниялар ўзининг ижтимоий тармоқларини яратганда минглаб махсус дизайнер ва архитекторлар маълумотлар базасини оптималлаштириб, тезроқ ишлашига урғу бериб ушбу базани яратади. Лекин, ҳозир Ўзбекистондан чиқиб: “Бу дастурга қанча пул сарфлаганинглар бизга қизиқ эмас, базанинг мана бу қисмини оласизлар-да, Ўзбекистонга жойлаб қўясизлар”, дейиляпти. Бу – компаниялар учун техник тарафдан ҳам ўзига яраша қийинчиликлар ва иқтисодий харажатлар туғдиради.

Маълумотлар базасини яхлитлигича тасаввур қилишимиз ва қабул қилишимиз керак, унинг бир қисмини ажратиб Ўзбекистонга қўйиб қўя олмайсиз. Бу – бутун тизимнинг ишлашига таъсир қилади. Бу қонуннинг хорижий мулкдорларга қийинчиликлари кўп”, – дейди мутахассис.

Мавзуга оид