Жаҳон | 12:26 / 02.07.2021
46414
15 дақиқада ўқилади

Зеленский «гуллаб қўйди»ми? Минскда қўлга олинган «вагнерчилар» масаласи яна кун тартибида

Бир йил олдин Беларусда Россиядаги «Вагнер» хусусий ҳарбий ташкилотнинг 32 нафар жангариси қўлга тушгани катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Украина президенти Владимир Зеленский ўтган йил июлида Минскдан Истанбулга кетаётган «вагнерчилар»ни қўлга олиш операцияси ҳақида ғалати гапларни айтиб, ҳам одамларнинг эътиборини яна ўша мавзуга қаратди, ҳам ўзининг бошини балога қўйди.

«Худога шукр, у амалга ошмай қолди», деган Зеленский операция ҳақида гапирар экан. Расмий Киев бу операцияга тайёрланганини ҳозиргача расман рад этади. Зеленскийнинг танқидчилари президент бу гапи билан Украина махсус хизмати тарихидаги энг катта операция ҳақида «гуллаб қўйган».

Нима бўлганди ўзи?

2020 йил 29 июлда Минск яқинидаги санаторияда Россия фуқаролари бўлган 32 киши қўлга олинади.

Ўшанда Беларусда президентлик сайловлари бошланишига 10 кун қолган ва сиёсий ҳолат таранг эди. Лукашенко россияликлар қўлга олингач, Хавфсизлик кенгашини чақириб, йиғилиш ўтказади. Йиғилишда Беларусь Хавфсизлик қўмитаси раҳбари Валерий Вакульчик қўлга олинганлар Россиядаги «Вагнер» хусусий ҳарбий ташкилот аъзолари эканини айтади.

Бу операциядан сал олдин Лукашенко сайлов кўчалардаги намойишлар сабаб барбод бўлиши мумкинлиги, бу провокацияларда хусусий ҳарбий ташкилотлар зобитлари ҳам қатнашиши мумкинлигини айтганди. «Профессионал ҳарбий кўринишидаги бандитлар бутун дунёда провокация орқали пул ишлашади», деганди Лукашенко.

Россиянинг Беларусдаги элчиси Дмитрий Мезенцев қўлга тушганлар хусусий қўриқлаш компанияси вакиллари бўлгани ва улар Минскдан Истанбулга учаётиб, рейсга кечикканини айтади. Бироқ кейинроқ Лукашенко қўлга тушганлар манзил Беларусь бўлганини тан олганини айтди. «Истанбул, Венесуэла, Ливия ҳақидаги гаплар – сафсата. Улар Минск марказида тартибсизлик уюштириш учун келгани аниқ», деди Лукашенко.

Саҳнада Украина пайдо бўлди

Кейинчалик қўлга олинганларнинг рўйхати Украинага юборилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Беларусь хавфсизлик кенгаши бош котиби Андрей Равков қўлга олинганларнинг 14 нафари Донбассда рўйхатга олинганини айтади. Украина эса уларнинг 28 нафарини беришларини сўрайди. 5 август куни Лукашенко ҳамда Зеленский ўртасида телефон суҳбати ўтказилади. Улар қўлга олинганларни муҳокама қилишади. «Умид қиламан, бизнинг ҳудудимизда жиноят содир қилганлар халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ бизга қайтарилади ва тегишли тартибда жазоланади», деганди Зеленский.

Айнан ўша куни Лукашенко украиналик журналист Дмитрий Гордонга интервью бериб, қўлга олинганлар ҳеч кимга берилмаслигини айтади. «Кимнидир сўрашдан аввал унинг айбини исботлаб бериши керак», деганди Лукашенко. Украина томони эса Беларусь уларга Донбассда тан олинмаган республика томонидан жанг қилган аскарларни қайтаришига шубҳа қилмаслиги ҳақида гапираётганди.

7 август куни Лукашенко Россия президенти Владимир Путин билан телефонда гаплашади. Кремль расмий сайтида бу муаммо «икки томон учун манфаатли ечим топиши гаплашилгани ҳақида» маълумот берганди. 14 августда қўлга олинган 32 россиялик Россияга қайтарилади. Маълум бўлишича, улар билан учрашган Лукашенконинг хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси ва ўғли Виктор қўлга олинган Россия фуқароларидан кечирим сўраган.

«Вагнерчилар»ни бир ерга йиғиб, улардан кечирим сўрашгани ва машинага ортиб Россияга юборишганини уларнинг манфаатини ҳимоя қилган Антон Гашинский ҳам тасдиқлади. Ваҳоланки уларни топшириш бўйича Украинадан сўров бўлганди.

«Бу ҳаракатни юмшоқ қилиб адолатсизлик деб атай қоламиз. Унинг оқибати эса аянчли бўлади. Бироқ ўша «вагнерчилар» ҳам англаб етиши керакки, улар қачондир жавоб беришади. Қонун олдида ва Худо олдида. Ҳаммасини вақт кўрсатади», деганди ўшанда Зеленский «вагнерчилар»нинг Россияга бериб юборилгани ҳақида.

Махсус операция

Россияликларнинг қўлга олиниши, кейин уларнинг озод қилиниши бутун бошли детектив учун арзирли ҳолат аслида. Ўтган йил 7 август куни бу воқеа ҳақида «Комсомолская правда» нашрида қизиқ маълумот пайдо бўлди. Унга кўра, Минскда россиялик собиқ ҳарбийларнинг қўлга тушиши Украина махсус хизматларининг провокацияси бўлган. Яъни, гўёки Украина махсус хизмати ташкил қилган операцияга кўра махсус тайёрланган одамлар телефон орқали собиқ хусусий ҳарбий ташкилот зобитларини Сурия ва Россиядаги нефть компанияларига қўриқчи сифатида таклиф қилади. Уларга Украинада жойлашган агентлик орқали чипта буюртма қилишган. Кейин 32 нафар россияликнинг Беларусга бориши ҳақида мамлакат хавфсизлик хизмати вакилларига украиналик ҳамкасблари хабар беришган. Нашрнинг ёзишича, шу орқали Украина Беларусдаги сайлов олдидаги Минск ва Москва ўртасига нифоқ солишни мақсад қилган.

Ўшанда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова россияликларнинг Минскда қўлга тушишини учинчи томоннинг провокацияси деб айтганди. Лукашенко эса бу вариантни фантастика сифатида баҳолаган. Украинада бу ҳолат жуда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Маҳаллий «Цензор» нашри бош муҳаррири Юрий Бутусов аслида Минскда Украина, Америка ва Туркия махсус кучлари иштирок этиши кутилган катта махсус операциянинг олди олинганини айтди.

Бутусовнинг версиясига кўра, Украина махсус хизматлари бир йилдан ошиқ вақт давомида катта тайёргарлик кўриб, аслида мавжуд бўлмаган Венесуэладаги нефть конлари учун қўриқчилар қидиришади. Улар асосан собиқ «вагнерчилар» орасидан изланади. Шунингдек, танлаб олинганлар орасида Донецк осмонида 2014 йил MH-17 самолётини уриб туширишда қатнашган ҳарбийлар ҳам бўлган. Улар 2020 йил 25 июл куни Минск-Истанбул рейси бўйлаб учиши керак бўлган. «Режага кўра уларни олиб учган самолёт бирор сабаб билан Украинага қўниши, ичидан террорчилар қўлга олиниши ва самолёт парвозни давом эттириши керак бўлган», дейди журналист.

Бутусовнинг айтишича, самолёт учишидан бироз аввал Украина президентининг офисида йиғилиш бўлади. Унда Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Василий Бурба ва Хавфсизлик хизмати раҳбари Руслан Баранецкий операциянинг ҳал қилувчи босқичи ҳақида маълумот беришади. Президент администрацияси раҳбари, Киев ҳамда Москва ўртасидаги асосий алоқачи Андрей Ермак эса операцияни бекор қилиш кераклигини, улар Донбассда 27 июл куни имзоланиши кутилган катта тинчлик шартномасини бекор қилишга қодир эканини айтади.

Шундан кейин операцияни гўёки 30 июлга қолдиришади, барча россияликларга чипталар қайтадан брон қилинади. Бироқ парвоздан бир кун олдин 32 «вагнерчи» қўлга олинади. Бу борадаги Зеленский қабулида ўтган кейинги йиғилишда жанжал бўлиб кетади. Унда ҳарбий разведка раҳбари Бурба операция барбод бўлганини текширишни, олдинги мажлисда қатнашганларнинг барчасини сўроқ қилишни талаб қилади. Унинг фикрича, ичкарида хоин бўлган. Бироқ бу қаршилик Бурбанинг истеъфоси билан якунланади. У 2020 йил 5 августда Зеленский томонидан истеъфога чиқарилган.

Кейинги бир ҳафта давомида Юрий Бутусов бу ҳолат бўйича бир қатор ҳужжатларни эълон қилади. Хусусан, қўлга олинганларнинг самолётда қандай ўтириши схемаси, махсус операция ўтказилишини исботлайдиган «вагнерчилар» билан телефон суҳбатлари шулар жумласидан. Украина ҳарбий разведкаси собиқ раҳбари Василий Бурба журналистлар билан бу борада гаплашишни рад этади. Янги раҳбар Кирилл Буданов ва мамлакат хавфсизлик хизмати Украина томони қандайдир операцияда қатнашганини инкор қилади.

ВВС билан суҳбатда Украина Хавфсизлик кенгашининг собиқ бош котиби Александр Турчинов бу операцияда Украина ва бошқа хорижий махсус хизматларнинг иштирокини тасдиқлайди. У олдинги президент Петро Порошенко вақтида мамлакат ҳарбий блокни назорат қилган. Унинг гапларидан маълум бўладики, Украина бу операцияга собиқ президент Порошенко давриданоқ тайёрланиб келган.

Бу борада кўпчилик учун энг ишонарли гапни Россия президенти Владимир Путин айтганди: «Бу Украина ва Америка махсус хизматларининг қўшма операцияси бўлган. Бу аниқ маълумот».

Украина томони эса бундай операцияда қатнашгани, президент қабулидаги яширин учрашув ҳақидаги маълумотларни кўп марта рад этган. Киев операцияда Украинанинг иштироки илк марта Россия матбуотида чиққанига эътибор қаратиб, бу агрессор давлат томонидан қилинган иғво эканини иддао қилди. Шунингдек, Киевнинг изоҳида замонавий дунёда самолётни тўхтатиш, гарчи унинг ичида террорчи бўлса ҳам, имконсиз эканини маълум қилган (улар Протасевичнинг Беларусь осмонида қўлга олингач, бу фикрларини ўзгартиришган бўлса керак).

Зеленский «гуллаб қўйди»ми?

Роман Протасевичнинг Афинадан Вилнюсга учаётган самолётдан босмачиларча тушириб олиниши украиналикларнинг «вагнерчилар» масаласига яна қайтишига сабаб бўлди.

«Бунақа ишлардан энг кўп фойдани Россия олади. Айнан ўша ерда Украина учун шунга ўхшаган сценарийлар тайёрланади. Бу орқали Украина осмони хавфли деган таассурот уйғотмоқчи бўлишади», деган Украина президенти маслаҳатчиси Михаил Подоляк.

Бир неча кун олдин «вагнерчилар» мавзусига Украина президенти Владимир Зеленскийнинг ўзи ҳам қайтди. «Беларусда нималар бўлганини, самолётни қандай қўндиришганини, бундай махсус операциялар нима билан тугашини кўрдик», деди Зеленский «1+1» телеканалига берган интервьюсида.

Президент «вагнерчилар» ҳақида шундай деди: «Бу аниқ бизнинг операция эмасди. Бу операциянинг ғояси мавжуд бўлса ҳам у бизники эмас. Ягона ҳақиқат шуки, бизни бу ишга имкон қадар алоқадор қилишга уринишди».

У олдинроқ «вагнерчилар» ҳақидаги операцияни сафсата деб атаганди.

Зеленский қўлга олинган россияликлар ҳақида Лукашенко билан телефонда гаплашганини ёдга олди. «У телефонда мени тушунишини айтди. «Владимир Александрович, мен сенга қандай муносабатда эканимни, Украинани қанчалик яхши кўришимни биласан, сени уялтириб қўймайман, ҳаммаси жойида бўлади», деб айтди. Лукашенко у қотилларни бизга топширишига шубҳам йўқ эди. Бироқ нима бўлса бўлди», деди Украина етакчиси.

Унинг айтишича, Лукашенко билан суҳбатда қўлга олинганларнинг қандай иш билан шуғуллангани, қандай ўтмишга эга экани ҳақида алоҳида огоҳлантирган. Бироқ огоҳлантириш операциядан олдин бўлганми ёки кейин – бунга аниқлик киритмади. Бу эса жиддий муаммолар келтириб чиқарди.

«Бу давлатга хиёнатми?»

Кўпчиликнинг фикрича, Зеленский ўз интервьюсида «вагнерчилар» ҳақида Лукашенкони огоҳлантириш ҳақида гапиргани унинг «гуллаб қўйгани» ҳисобланади. Бундай фикрдагиларнинг қарашига кўра, Беларусь томонини операция ҳақида қандайдир оддий одам эмас, Украина президентининг ўзгинаси хабардор қилган.

«Ҳозир Зеленскийнинг интервьюсидан тушунишим бўйича, у «вагнерчилар» ҳақида маълумот сиздирганини тан олди, шундайми?» деб ёзади Петро Порошенконинг «Европача бирдамлик» партиясидан Радага сайланган депутат Владимир Арьев.

Бу борада Зеленскийнинг вакиллари тезда тузатиш киритиб, президент Лукашенко билан «вагнерчилар» қўлга олинишидан олдин эмас, кейинроқ 5 августда гаплашганини айтишди. Бироқ Зеленскийнинг танқидчиларини бу изоҳ қаноатлантирмади. Улар президент бу гапи билан камида операция бўлганини тан олганини айтишмоқда.

«Президент вакиллари ўтказилган махсус операция учун жавобгарликни халқаро ҳамкорларга тўнкашмоқчи. Бизнинг душманларни ушлаб бермоқчи бўлганлар эндиликда биздан фойдаланишда айбланмоқда», деб ёзади яна бир мухолиф депутат Роман Костенко.

«Бу ерда ҳуқуқшунослар борми: айтингчи Зеленкийнинг қилган иши давлатга хиёнат ҳисобланадими, йўқми? Эндиликда АҚШ билан муносабатлар нима бўлади?» деб ёзди журналист Иван Соловей. У Зеленский гўёки тилидан «гуллаб қўйгани» учун АҚШ билан муносабатлар ва НАТОга киришда муаммога дуч келишига ишора қилган. «Агар бундай операция ўтказилган ва унда чиндан америкаликлар қатнашган бўлса», деб қўшимча қилган журналист.

Bellingcat суриштирувини кутиб

Агар ишга жиддий қарайдиган бўлсак, Зеленский чиндан «Бу ишга Украинани аралаштиришга уринишди», «Бу Украинанинг фойдасига ишламасди» деган гаплари билан нимани назарда тутаётганини аниқ тушунтирмаган. ВВС вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Зеленскийнинг маслаҳатчиси Михаил Подоляк билан боғланди. У ҳолат ҳақида гапирар экан, президент Россияни назарда тутганини айтди.

«Шубҳасиз, «вагнерчилар»нинг Беларусда пайдо бўлиб қолиши Россия махсус хизматларининг аралашувисиз амалга ошмаган бўларди. Бу ишни қилганлар ўзининг геосиёсий вазифаларини [хусусан Беларусдаги] бажаришда Украинадан фойдаланишга уринган. Украина махсус операция ҳақида эртак тўқиётган Россиянинг гапларига лаққа тушмайди, ҳавода қароқчилик билан шуғулланмайди ва белгиланган ҳуқуқ нормаларидан четга чиқмайди. Бундай гапларни айтиш учун жуда кўп исбот кўрсатиш керак бўлади. Бундай маълумотларни эса ўша Москвадан туриб ҳам топиб бўлмайди.

«Вагнерчилар»нинг Беларусда пайдо бўлиб қолиши қандайдир махсус операциянинг бир қисми эканига шубҳа йўқ, лекин бу Украинанинг режаси бўлгани ҳақида гапириш – сафсата ва Россия пропагандасидан бошқа нарса эмас. Яна такрорлайман, бу хаёлий детективда Украина ҳақида айтилаётган ҳар бир факт сохтадир», деган Подоляк.

Бу операция ҳақида фақат миш-мишлар ва тасдиқланмаган маълумотлар тарқалаётган бир вақтда кўпчилик украиналиклар Bellingcat нашрининг суриштирувини кутишмоқда. Чунки айнан шу нашр бир неча марта Россияга алоқадор жиддий ишларни суриштирди. Бундай суриштирув чиқиши ҳақида Юрий Бутусов ўтган йилдаёқ айтганди, бироқ унинг нашр қилиниши бир неча марта кечиктирилди.

«Суриштирув чиқиши аниқ, 500 фоиз аниқ. Фақат биз ўрганишни бошлагандан кейин кўп нарса бўлиб кетди. Навальний ва Биков билан бўлган ишлар, Чехиядаги портлашлар, буларнинг ҳаммасига эътибор қаратиш керак эди. Бу учун эса қўшимча вақт ва ресурслар керак бўлди», деган суриштирув гуруҳи аъзоси бўлган Христо Грозев.

Bellingcat суриштируви «вагнерчилар» қўлга олинишининг бир йиллиги муносабати билан эълон қилиниши кутилганди, бироқ ҳозирча ундан дарак йўқ.

Мавзуга оид