Ўзбекистонда аномал иссиқ бўлиши кутилмоқда. Ҳукумат шошилинч чоралар кўришга киришди
Ўзбекистонда янги ҳафта бошида 48 даражагача иссиқ бўлиши мумкин.
Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида 6-8 июль кунлари Эрон ҳудудларидан кириб келган иссиқ ҳаво массаларининг «фаол босқичи» кузатилади. Бу ҳақда гидрометеорологик илмий таҳлиллар, об-ҳаво башоратлари, тадқиқотлар ёритиб бориладиган UzbMeteo Telegram каналида хабар қилинган.
Қайд этилишича, 8 июль куни жануб воҳа ҳудудларида ҳаво ҳарорати максимал 48 даражагача кўтарилиши мумкин. Баланд тоғликларда мавжуд қор ва музликларнинг фаол эриши ортидан, айрим дарёларда сув оқими кўпайиши кутилмоқда.
Қолган соҳаларда аномал иссиқнинг маълум таъсири сезилади.
Kun.uz манбаси хабар қилишича, Ўзбекистон ҳукумати июль ойининг биринчи ярмида Ўзбекистонга иссиқ ҳаво оқими кириб келиши оқибатида ҳудудларда об-ҳаво ҳарорати ўта кескин кўтарилиши кутилаётгани муносабати билан шошилинч чоралар кўришга киришди.
Президент администрацияси раҳбари З.Низомиддинов томонидан имзоланиб, бош вазир А.Арипов ва унинг ўринбосарлари, вилоятлар ҳокимлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларига йўлланган топшириқда фавқулодда вазиятда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши оқибатида юзага келадиган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шошилинч тарзда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши зарурлиги кўрсатилган.
Хусусан, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар ва идораларда доимий навбатчиликни йўлга қўйиш, зарур куч-воситалар ва махсус техникаларнинг тўлиқ шайлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни белгилаш; ОАВ ва ижтимоий тармоқларни кенг жалб этган ҳолда аҳолини ўз саломатлигини асраши учун ҳушёр бўлишга чақириш, жумладан иссиқ ҳаводан ҳимояланиш, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш, зарурат бўлмаган ҳолларда уйдан ташқарида юрмаслик, айниқса сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексаларни ҳимоялаш юзасидан кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш; даволаш-профилактика муассасаларида иссиқ ҳаво оқибатида сурункали касалликлари хуруж қилиши мумкин бўлган тоифаларни эътиборга олиб, тегишли койка-ўринлар ва дори воситалари захираларини етарли миқдорда шакллантириш; умумий овқатланиш корхоналарида овқатларни тайёрлаш ва сақлаш, бозорларда ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотувчи савдо шохобчаларида маҳсулотларни ташиш ва сақлаш қоидаларига қатъий риоя этиш, аҳолининг бузилган озиқ-овқат маҳсулотларидан оммавий заҳарланишининг олдини олиш юзасидан назорат ишларини кучайтириш бўйича вазифалар берилган.
Дарё ва кўллар, аҳоли дам олиш масканларида хавфсизлик масалаларини кучайтириш, бунинг учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучларини тўлиқ сафарбар этиш, болалар лагерлари, дам олиш оромгоҳлари ва сиҳатгоҳларда кескин иссиқ об-ҳаводан ҳимояланиш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш, бунда кун тартибига қатъий риоя қилиш, очиқ осмон остидаги машғулотларни чеклаш, болаларга кун давомида жисмоний юкламани имкон қадар камайтириш ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оромгоҳларда санитария-гигиена қоидалари ва меъёрларига қатъий амал қилиш устидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланган.
Энергетика тармоқлари, жумладан электр энергияси ва табиий газ таъминоти тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш, барча даражадаги энергетика ва коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотларида тун-у кун навбатчиликни йўлга қўйиш, авария ҳолатлари олдини олиш ва тезкор бартараф этиш чораларини кўриш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида кўп йиллик тажрибага эга бўлган соҳа мутахассислари, деҳқонлар ва олимларни жалб қилиб, экинларни ва яратилган ҳосилни сақлаб қолиш чораларини кўриш топшириқ қилинган.
Қолаверса, ноодатий иссиқ ҳаво натижасида кучли ёмғир ёғиши эҳтимолини инобатга олиб, жойларда сел тошқинлари хавфининг олдини олиш чораларини кўриш, тоғ ва тоғ олди ҳудудлардаги ёриб чиқиши мумкин бўлган юқори тоғ кўллари бўйича сел йўллари ҳолатини назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Мавзуга оид
17:50 / 24.08.2024
Испанияда жазирама туфайли зайтун ёғини ишлаб чиқариш камаймоқда
11:49 / 13.08.2024
Дарахтлар жазирамада шаҳар ҳавосини совитолмаслиги мумкин — тадқиқот
09:51 / 13.08.2024
2023 йилда Европада 48 мингга яқин киши жазирама иссиқдан вафот этди
15:12 / 05.08.2024