Жамият | 18:27 / 07.07.2021
9129
2 дақиқада ўқилади

Бола асраб олиш ҳуқуқи кимларга берилиши аниқлаштирилмоқда

Олий Мажлис депутатлари “Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда.

Лойиҳа 6 июл куни биринчи ўқишда кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унга кўра, Оила кодексида фарзандликка олиши мумкин бўлган шахслар рўйхатини ўзгартириш кўзда тутилмоқда. Муқаддам қасддан жиноят содир этган шахсларга қўйилган фарзандликка олиш тақиқини бекор қилиб, қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб шахсга фарзандликка олишни тақиқлаш қоидаси жорий этилмоқда.

Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар ҳамда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятларни содир этган шахсларга фарзандликка олиш тақиқланмоқда.

Қонун лойиҳаси билан фарзандликка олиш вақтидан олдин 1 йил давомида доимий даромадга эга бўлмаган ёки ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлган шахслар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхати асосида фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахсларнинг фарзандликка олишга бўлган ҳуқуқлари ҳам чекланяпти.

Ялпи мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мавзуга оид