Ўзбекистон | 19:25 / 13.07.2021
24808
10 дақиқада ўқилади

“Шаҳарларимиз шаҳарсозлик сиёсатисиз ривожланяпти” — архитекторлар билан суҳбат

Ўзбекистон шаҳарлари бугунги кунда қандай ривожланяпти? Давомий қурилишлар шаҳарсозлик сиёсати асосида амалга ошириляптими? Оммавий қурилишлар ва бузилишлар нега бош режа асосида қилинмаяпти?

Kun.uz аниқ режасиз ривожланаётган шаҳарлар, йўллар, жамоат транспорти, қурилишлар ва ижтимоий тенгсизлик каби мавзуларда архитектор Таxмина Турдиалиева ва "Яшил қурилиш" соҳаси мутахассиси, халқаро эксперт Темурбек Аҳмедов билан суҳбатлашди.

"Ҳокимият тизимида ижодкорлик кам, тизим қотиб қолган"

— Тахмина, биринчи саволни сизга бермоқчиман. Сизни мамлакатдаги иқтидорли архитекторлардан бири сифатида биламиз, қатор танловларни ютгансиз. Ва шу туфайли сиз 2020 йилда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг қурилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлангандингиз. Кейинроқ эшитдикки, бу вазифадан кетгансиз. Нима бўлди ўзи, иш жараёни сизни қониқтирмадими ёки бошқа сабаблар борми?

Ўзимнинг орзу-мақсадларимни у ерда амалга оширолмаслигимни тушундим. Чунки касбим ижодкорликни талаб этади. Ҳокимиятда ишлаш қизиқарли, менга вилоят ҳокими билан ишлаш ёқди. Аммо у ерда ижодкорлик жуда кам. Ҳар доим архитектор сифатида қобилиятимни ривожлантиришни истаганман, нафақат республика, балки дунё миқёсида тан олишларини хоҳлайман.

Ҳокимиятда ишлаб архитектор сифатида ривожланишим қийин масала, чунки у ерда ижодкор эмас, масъул лавозим эгаси сифатида танилишим мумкин. Ҳокимиятда ижодкорлик кам, тизим қотиб қолган. Бир ўзим қурилиш масалалари маслаҳатчиси сифатида тизимни ўзгартиролмайман, деган хулосага келдим. Лекин курашиб қандайдир ўзгартириш киритишим мумкин эди, лекин унга жуда кўп энергия ва йиллар керак бўларди.

— Бугун Самарқанд шаҳрининг қиёфасига афсуски ҳавас қилиб бўлмайди. Шаҳар жуда тартибсиз бўлиб ётибди. Сиз бир муддат шу вилоятда ишлаб кўрган кадр сифатида бу ҳолатнинг сабабларини қандай изоҳлаган бўлардингиз? Нега Самарқанд бунчалик тартибсиз жойга айланди?

— Самарқанд шаҳрини чиройли шаҳар, деб биламан. Шаҳарнинг асосий таркибий қисми бино эмас, у ердаги рельеф ўзига хос, табиий бойликларига эга. Хусусан, менга тепаликларда жойлашган қабристонлари ажойиб пейзаж яратгани ёқадиШаҳардаги тартибсизликларга асосий сабаб шаҳарнинг бош режаси йўқлигидир.

Адашмасам, Турдимов ҳоким бўлганидан кейин Самарқанд шаҳар бош режаси тузилиб, республикага тасдиқлатиш учун жўнатилган, лекин шунча вақт ўтган бўлсаям ҳеч қанақа жавоб берилмаганди. Балки, камчиликлари туфайли узоққа чўзилаётгандир. Ўзи ростан ҳам камчиликлари бор эди. Бош режада статистик материаллар, масалан, шаҳарнинг дренаж тизими ҳақида маълумот йўқ эди.

Нимага шу пайтгача шаҳарда ёғингарчилик пайтида сув тошқинлари кузатилади? Бунга сабаб ноқонуний қурилишлар кўпайиб кетаётганидир, натижада дренаж тизимлари ёпилиб қоляпти ва шаҳарни сув босяпти. Ноқонуний қурилиш, шаҳар бош режасининг йўқлиги юқоридаги муаммоларни келтириб чиқаряпти. Бу муаммо нафақат Самарқанд, балки бутун республиканинг оғриқли масаласи.

"Ўзбекистон шаҳарларининг ягона қиёфаси шакллантирилмаган"

— Шаҳарсозлик нима дегани? Ўзи умуман Ўзбекистон шаҳарлари бугунги кунда қай тартибда ривожланяпти?

— Шаҳарсозлик бир қатор муҳим соҳаларнинг йиғиндиси. Масалан, социология, демография, транспорт тизими ва шаҳар ҳаётида мавжуд бўлган жабҳаларни қамраб олади. Шаҳарсозликни бошқаришнинг асоси бу — шаҳар бош режаси ҳисобланади. Бош режада шаҳар қандай ривожланиш босқичларини босиб ўтиш кераклиги тўлиқ акс этади. 

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон шаҳарлари шаҳарсозлик сиёсатисиз ривожланяпти. Бундан ташқари, бош режанинг йўқлиги ҳам катта муаммоларни келтириб чиқаряпти. Бизда шаҳарларда бўлаётган қурилишлар тез-тез амалга ошириляпти, кейинги оқибати ўйланмаяпти. Кейинчалик тартибсиз қурилган бу биноларни бирлаштириб, шаҳарнинг ягона қиёфасини яратиш қийин бўлади. Шаҳарнинг умумий қиёфаси бўлиши керак ва у бош режада акс этади. Шаҳар муҳити одамлар учун қулай, ёқимли бўлиши керак.  

"Тошкент шаҳрида бўш ер бўлмаган, шаҳар ўсишини олдиндан билиб атайин бўш қолдирилган"

Темурбек Аҳмедов:

 “Шаҳар инсон организмига ўхшайди. Агар шаҳарда нимадир ишламаса, у бутун организмга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Шаҳар иқтисодиёти, демография, социология, транспорт тизими, экология — ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Шаҳарлар тизимли равишда ривожланиши керак. Бунинг учун бош режа керак. Бош режа узоқ йилликка мўлжалланган бўлиши керак. 

Бизнес қисқа муддатда кўпроқ фойда кўришни истайди. Шаҳар ундай эмас. Шаҳарлар секинлик билан, узоқни кўзлаб ривожланиши керак. Охирги марта 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкент шаҳри бош режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда атайлаб бўш жойлар қолдирилган, чунки вақт ўтиб аҳоли кўпайгани сари у ерда ижтимоий объектлар: мактаб, шифохона, хиёбонлар қурилиши ўйланган. Аслида, Тошкентда бўш ернинг ўзи бўлмаган. Шаҳар ўсишини олдиндан билиб атайин бўш қолдирилган. 

"Тошкент шаҳри бош режасиз, аниқ мақсадларсиз ривожланяпти"

— Ўзбекистонда қурилишлар бош режасиз амалга ошяпти, деган фикрларни беряпсиз. Шу ҳолатга батафсил изоҳ бериб ўтсангиз.

Тахмина Турдиалиева:

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент Ўрта Осиёнинг бизнес марказига айланиши керак, деган йўналишни белгилаб берганди. Хўш, бу қандай бўлиши керак? Кимдир бунинг устида ишлаяптими? Афсуски, ҳеч ким бош қотирмаяпти бу ҳақда. Шаҳар бош режасиз, аниқ мақсадларсиз "ривожланяпти". Бош режа ишлаб чиқилиши ҳақида 3-4 йил олдин эслашди. Лекин ҳозир бу ҳақда ҳеч ким гапирмаяпти. 

Тошкент шаҳри ҳокимияти қошидаги Жамоатчилик кенгаши билан ушбу масалани кўтардик, шаҳар ҳокими номига хат юборганмиз. Ҳали жавобини олмадик. Бош режани ишлаб чиқаётганда аввало шаҳарнинг бош режаси қандай бўлиши кераклиги ҳақида бош қотиришимиз керак. Балки, осмонўпар бинолардан воз кечишимиз, балки аксинча бўлиши мумкин. 

Тошкентнинг ягона қиёфаси йўқ. Масалан, интернетдан Тошкент шаҳрини қидирувга берсангиз, телеминора, Миллий банк биноси, "Ўзбекистон" меҳмонхонаси чиқиши мумкин. Аммо умумий ва ягона қиёфа мавжуд эмас. Бош режа ишлаб чиқаётганда ўзбекча, ўзимизнинг этник хусусиятларимизни сақлаган ўзига хос қиёфа ишлаб чиқишимиз керак. Ҳозир биз нима қиляпмиз? Нью-Йоркдаги ойнали биноларни кўчириб олиб келяпмиз. Қаерда чиройли бино кўрсак, шунинг нусхасини оляпмиз. 

Ваҳоланки, бизнинг ўзига хос, бошқаларга ўхшамайдиган жиҳатларимиз бор, уларни шаҳарсозликда ишлатсак, ажралиб турамиз бошқалардан. Magic City кўнгилочар мажмуасини ҳам кўчиришнинг бир намунаси, деса бўлади. Мажмуа Тошкентга умуман керак эмас, дея олмайман. Magic City’ни Тошкент марказига қуришнинг ўзи нотўғри, чунки Magic City болаларни дам олиш кунлари айлантирадиган маскан бўлиб, уни шаҳар четига қурса ҳам бўлади, чунки дам олиш кунлари одамлар болаларини узоқроққа олиб боришга вақтлари бўлади.

"Ҳокимга Тошкент шаҳар бош режаси керак эмас"

— Жамоатчилик кенгаши аъзолари Тошкент бош режасини ишлаб чиқиш бўйича қандай таклифлар билдиришган?

— Тошкент шаҳар ҳокими номига бош режа аҳамияти ҳақида хат юбордик. Унда бош режа учун янги технологияларни қўллаган ҳолда техник топшириқни ишлаб чиқиш таклифини бердик. Хатни юборганимизга 1,5 ой бўлиб қолди, жавоб олмадик шу пайтгача.

Нимага ҳалигача бош режанинг йўқлигига жавоб берадиган бўлсам, менимча, ҳокимнинг ўзига бу керак эмас. Чунки бош режа қурилишларга чекловларни яратади, яъни қурилиш объектлари хилма-хил бўлишини талаб қилади. Ҳамма жойга ёппасига турар жой ёки меҳмонхона қуриб ташланмайди. Умуман олганда, бош режа инфратузилма балансини сақлайдиган ҳужжат ҳисобланади. Фикримча, Тошкент шаҳар бош режаси ҳокимга, умуман ҳукуматга керак эмас. 

“Ўйланмай қурилаётган турар жойлар кескин ижтимоий табақалашувни келтириб чиқариши мумкин”

— Биздаги бугунги қурилишларга қараб сегрегация кескин ривожланаётганини кўриш мумкин. Яъни шаҳар марказидаги уй, бинолар фақат бойлар, элита учун бўлиб қоляпти. Оддий аҳоли эса тинимсиз четга суриляпти. Бу жараён хориж давлатларида қандай?

Темурбек Аҳмедов:

— АҚШда анча йиллар яшаганман. Детроит, Чикаго шаҳарларида шаҳарсозлик талабларига риоя қилинмаган. Яъни қиммат турар жойларда ўзига тўқ аҳоли қатлами қолган, даромади нисбатан кам бўлганлар эса шаҳар четига жойлашган. Бу эса ижтимоий табақалашувни кескинлаштириб юборган. Шунинг натижасида жиноятчилик даражаси ошган, таълим сифати тушган. Бир авлод шунақа муаммолар билан ўсади.

Йиллар ўтгани сари бу муаммолар кўпаяди. Масалан, Тошкентнинг Сирғали туманида ҳозир ўзгаришлар қилса бўлади, 30 йилдан кейин хатоларни тўғрилаб бўлмайди. Ушбу муаммоларнинг ажойиб ечими Нью-Йоркда топилган. Манҳеттенда яшаш жуда қиммат, турар жойлар ҳам шунга яраша бўлган. Қанчадан қанча жойлар бўш турган. У ерда хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайдиган одамлар етарлича даромад кўролмаган. Мажбурлигидан бошқа четроққа кўчиб кетишган.

Шаҳарларда турли қатлам вакиллари аралаш ҳолда яшаши ижтимоий мувозанатни ушлаб туради. Шуни англаган ҳолда Нью-Йорк Манҳеттенида уй-жойлар арзонлаштирилган, айрим чегирмалар берилган. Даромади нисбатан камроқ бўлган аҳоли қатлами у ерга кўчиб борган. Шунинг натижасида кўплаб муаммоларга ечим топилган. Бу ҳолат бойларга ёқмайди, лекин бусиз шаҳарни ривожлантириб бўлмайди.

  • Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров, Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбирлари.

Оператор ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид