“Обод қишлоқ” дастурида сифат эмас, сон муҳимми? Форишдаги муаммолар муаммолигича қолди
Жиззах вилояти Фориш туманининг Нурак маҳалласи 2019 йилда “Обод қишлоқ” дастурига кирган. Нуракликлар ўша йили маҳаллалари бўйича дастурдаги ишларнинг кўпи макет ва қоғозларда қолиб кетгани, энди эса уларнинг арзини биров эшитмаётганини маълум қилишди.
Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Фориш туманида бўлиб, аҳоли ва масъулларга қулоқ тутди.
Даставвал, қуйидаги саволларга эътибор қаратайлик. Умуман, “Обод қишлоқ” давлат дастурига кирган қишлоқларда нималар ўзгариши керак? Эътибор қаратиладиган жиҳатлар нимада? Қандай қишлоқлар бу дастурга киради, нималар режалаштирилади?
Биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисининг йўл, ичимлик суви, электр энергиясига бўлган эҳтиёж ва муаммолари, шунингдек, мактаб, боғча ҳамда қишлоқ врачлик пунктига эътибор қаратилиши керак, шундай эмасми?
Улардан ортса, маиший объектлар, савдо дўконлари, ҳаммом-у сартарошхоналар, спорт мажмуалари қурилиши мумкин. Бу тоифа қишлоқларни танлашда маҳалланинг марказдан олисда жойлашгани, одамларнинг оғир шароитда яшаётгани инобатга олинади.
Демак, Нурак шундай маҳалла бўлганки, ушбу дастурга киритилган.
Лазиз Жониқулов трансформаторлар таъмирталаб бўлиб қолгани, арзимас шамолга ҳам электр энергиясида узилишлар кузатилишини маълум қилди. Натижада фуқароларнинг уйидаги маиший техникалар тез-тез яроқсиз ҳолатга келиб қолаётган экан.
Айниқса, симёғочлар инсон ҳаёти учун анча хавфли ҳолатда эканига гувоҳ бўлдик.
Маҳалла раиси Келдиёр Зиётов ҳам давлат дастурида кўзда тутилган бир қатор ишларнинг амалга ошмай қолганини тасдиқлади. Масалан, дастурга асосан маҳаллада 5 та трансформатор алмаштирилиши керак бўлган, амалда учта ўрнатилган. Қишлоққа атиги 39 та симёғоч олиб келинган.
Раиснинг айтишича, маҳалланинг аксарият ҳудудида 70-йилларда қўйилган симёғочлар турибди, кўпи яроқсиз ҳолга келиб қолган.
МФЙ бешта қишлоқдан иборат бўлиб, 9 километр асосий йўл бор. Йўлнинг маълум қисмига тош ётқизилган, ямаб чиқилган ва бир километрдан ортиқ қисми асфалт қилиниши керак бўлса-да, бу иш бажарилмай қолиб кетган.
Маҳалла биносининг ўзи аслида жуда абгор ҳолатда эканига гувоҳ бўлдик.
Маҳаллада учта умумтаълим мактаби, битта ҚВП мавжуд. Мактабларда спорт заллари таъмирсиз ҳолатда, синфлар етишмайди. ҚВП тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, булоқ ва ариқ сувидан фойдаланилади.
Замон талабига жавоб берадиган маиший объектлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Умуман, маҳаллада “Обод қишлоқ” дастуридан кейин сезиларли ўзгариш бўлмагани сабаб аҳоли масъул идораларга мурожаат билан чиққан: хатлар ёзилаверган, ёзилаверган, масъуллар ҳам эринмасдан жавоб қайтарган; қандайдир номаълум дастурлар, “келаси йил” ибораси қўлланилаверган.
Ҳоким ўринбосари: “Ажратилган маблағ доирасида иш бажарганмиз”
Фориш тумани ҳокими ўринбосари Фаррух Амиров ҳамда йўл, ободонлаштириш, электр энергияси масъуллари ҳам Нурак маҳалласига келишди.
“Ҳақиқатан ҳам бир километрдан ортиқроқ йўл асфалт қилинмай қолиб кетган. Сабаби, бунинг учун маблағ ажратилмаган.
Очиғини айтиш керак, маҳаллани 2021 йил дастурига киритишнинг имкони йўқ. Ана бўлади, мана бўлади деб бировни алдаш ҳам керак эмас. Биз ҳудудда нимаики иш қилган бўлсак, ажратилган маблағ миқдорида иш бажарганмиз”, – деди Фаррух Амиров.
“Обод қишлоқ” дастурига асосан Нурак маҳалласида 9 км янги ҳаво тармоғи алмаштирилиши режалаштирилган, деб маълум қилди туман электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси Мурод Савронов. Шунингдек, бешта трансформатор ўрнатилиши кўзда тутилган. Амалда эса учта трансформатор, бир ярим километр ҳаво тармоғи янгиланган.
Қолган ишлар маблағ билан боғлиқ бўлиб тургани учун мутасадди ҳозирча аниқ жавоб бера олмаслигини маълум қилди.
Савроновни бир қанча симёғочларнинг кабеллари осилиб тургани, бу одамлар ҳаётига жиддий хавф солиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирдик. Соҳанинг тумандаги раҳбари бундан хабардор эканини айтди. Ва яна ўша гап: “Вилоятга хабар берилган, маблағ ёки маҳсулотлар ажратилса, таъмирлаймиз”.
Фараз қилайлик, маҳаллада одам бўйидан бироз баланд бўлган, осилиб турган симёғоч симлари кимгадир зарар етказса, бирор фалокат бўлса, ким жавоб беради? Бу ҳолат исталган дақиқада ҳам содир бўлиши мумкин. Борингки, кимнингдир жавоб бериши ҳам унча муҳим эмас, қандай қилиб “Обод қишлоқ” дастурига киритилган маҳаллада биринчи навбатда мана шу муаммолар эътиборга олинмаган?
Электр корхонаси раҳбарининг қўшимча қилишича, бир йилга туман учун 100-150 тагача симёғоч ажратилар экан. Ваҳоланки, туман ҳудудида жами 4000 та симёғочлар таъмирталаб. Бу дегани, Форишдаги симёғочлар тўлиқ соз ҳолатга келгунича тахминан яна 30 йил керак!
Нурак аҳолисига келган жавоб хатлар турлича. Кимдир йўлни таъмирлашни 2021 йилнинг 2-чорагида деган бўлса, яна бошқаси 4-чорак деб хабар берган. Ҳоким ўринбосари Фаррух Амиров эса дангалини айтиб қўйди: “2021 йилда йўл таъмирланмайди”.
Электрнинг бошлиғи ҳам очиғини айтди: “Вилоят ажратса, трансформатор ва симёғочларни янгилаймиз”.
Ҳоким ўринбосари Амиров туманда йўл соҳасида керакли мутахассислар етишмаслиги, техникалар йўқлиги, туманнинг ўзи доим дотацияда эканини қўшимча қилди.
“Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқлар рўйхатини узайтиришдан ким манфаатдор?
Қизиғи, дастурга киритилдими, демак, халқ талаб қилади, маҳалламиз обод бўлади, дея умид қилаверади. Бу табиий. Ваҳоланки, туман масъуллари бир йилда иккита маҳаллани обод қилишга қурби етмаслигини очиқдан очиқ тан олиб ўтирибди.
Шундай экан, ўзини ўзи таъминлай олмаётган туманларда иккита маҳаллани обод қилиш талаби ҳамма ҳудудларга ҳам бирдек татбиқ этилмаслиги керак.
Ёки битта маҳаллани ўлда-жўлда эмас, кўнгилдагидек обод қилсин ёки юклама ва асл ҳолатни юқоридагилар бир таҳлил қилиб кўрсин.
Акс ҳолда, Нуракдаги ҳолат такрорланаверади, қуйи бўғин раҳбарлари эса мажбуран дастурлар, чоракликларни ўйлаб топаверади ва ёлғончига чиқиб қолаверади.
Дарвоқе, Форишда жорий йилда ҳам яна иккита маҳалла “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Бу маҳаллаларда ҳам иш орқада қолаётгани бўйича аллақачон Kun.uz'га мурожаат келиб тушган.
Хулоса қилиш мумкинки, биз бу ўринда сон ортидан қувяпмиз, холос.
Республика бўйича ҳар бир туманда иккитадан маҳалла обод бўлса бас. Бу иш амалга ошадими, йўқми, умуман, қайси маблағ ҳисобига таяниб дастурлар тузилади, бу ҳарқалай ҳозирча юқорини қизиқтирмаяпти. Қуйида эса қоғозлар, ваъдалар семириб бормоқда.
Kun.uz мавзуга яна қайтади.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
21:55 / 16.07.2024
Терговга тортилган “замҳоким” тадбиркорларни таъқиб қилмоқда. Унга куч бераётган амалдор ким?
13:46 / 08.04.2024
Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюрди
18:15 / 12.03.2024
Ўзбекистоннинг уч ҳудудида кучли таъсир қилувчи дориларни сотаётганлар ушланди
15:38 / 10.01.2024