Иқтисодиёт | 16:14 / 16.07.2021
12032
2 дақиқада ўқилади

«Бир нечта cолиқ ҳисоботларини кечиктирган солиқ тўловчилар жаримага тортилмайди» – ДСҚ

ДСҚ ахборот тизимидаги узилишлар туфайли солиқ ҳисоботларини кечиктирган солиқ тўловчилар молиявий санкциядан озод этилишини маълум қилди.

Давлат солиқ қўмитаси жорий йил II чорак учун айланмадан олинадиган солиқ ҳамда июнь ойи учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботларини 2021 йил 16 июлгача тақдим этмаган солиқ тўловчиларга нисбатан жарималар қўлланмаслигини билдирди.

Расмий хабарга кўра, ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаган солиқ тўловчилар молиявий санкциялардан ЖШШИРдан фойдаланишга босқичма-босқич ўтиш ва электр таъминоти тизимидаги узилишлар солиқ органларининг ахборот тизимлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши натижасида тизимда юзага келган носозлик туфайли озод этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ молиявий жаримани ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб белгилаш таклифи билдирилган эди. Унда солиқ органлари томонидан корхоналарга қўлланиладиган молиявий жарима миқдори бир хил (барча ҳудудларда 5 миллион сўм) белгилангани, жарима миқдорини ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб диверсификация қилиш кераклиги илгари сурилганди.

Мавзуга оид