Спорт | 20:44 / 16.07.2021
8749
9 дақиқада ўқилади

Навасдан Шевченкогача. Миллий жамоаси билан соврин ютмаган жаҳон юлдузлари рамзий жамоаси

Бир неча кун аввал Лиоенль Месси Аргентина миллий жамоаси билан Америка кубогида зафар қучиб, 15 йиллик орзусига эришди. Узоқ йиллар ўз ватани жамоасига соврин ютиб беришни мақсад қилган футбол даҳоси ниҳоят ниятига етди.

Лекин бу орзуси ушалмай қолган ва ҳамон миллий жамоа билан титул ютмаган футбол юлдузлари қанча? Келинг, ХХI асрда тўп тепган мана шундай футболчиларнинг рамзий жамоасини тузиб чиқамиз. Бошладик.

Дарвозабон: Кейлор Навас (Коста-Рика)

Миллий жамоа сафида: 93та ўйин

«Реал»га ўтгач, кетма-кет 3 марта Чемпионлар лигасида зафар қучган Навас бу йўлда «бланкос»га катта ёрдам берганди. Умуман, клубдаги фаолиятидан Наваснинг кўнгли тўлиқ хотиржам. У катта титулларнинг деярли барчасини ютишга эришди.

2014 йилги жаҳон чемпионатидаги ҳаракатлари орқали дунё футболида катта юлдузга айланган Кейлор мундиалнинг 5 ўйинида 3та «қуруқ ўйин» қайд этган ва 3та учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилган. 2009 ва 2011 йилги Шимолий Америка биринчилигида финалда ўйнаган коста-рикаликлар афсонаси ўшанда бор имкониятини бой бериб бўлганини билмаган бўлса керак. У пайтда дарвозабон ўзининг энг кучли формасида эмасди. Балки, ўзининг энг юлдузли даврларида шу каби финалда иштирок этганда, жамоасига чемпионликни тақдим этиши ҳам мумкин эди. Ҳали 34 ёшли киперда бунинг учун имконият бор. Лекин энди ғолибликка эришиш эҳтимоли жуда пасайиб бормоқда.

Ўнг қанот ҳимоячиси: Хавьер Занетти (Аргентина)

Миллий жамоа сафида: 143та ўйин

Аргентина ва «Интер» афсонаси ҳисобланган Хавьер Занетти ҳам миллий жамоа таркибида бирорта соврин ютолмаганлардан. 19 йил «нерадзуррилар» ва 17 йил «альбиселесте» учун меҳнат қилган футболчи ҳар иккала жамоасида ҳам афсона ҳисобланади.

Ёшлар жамоаларидаги ютуқларни ҳисобга олмасак, Занетти Аргентина либосида бирорта титулга эришмаган.

Марказий ҳимоячи: Рио Фердинанд (Англия)

Миллий жамоа сафида: 81та ўйин

Англиянинг узоқ йиллик ишончли марказий ҳимоячиси ҳам ўз позициясида миллий жамоа учун бирорта титул юта олмаган собиқ футбол юлдузи ҳисобланади. 2002 ва 2006 йилги жаҳон чемпионатларида «уч шерлар» марказий ҳимоясида асосий ва алмаштириб бўлмас футболчи бўлганди. Асримиз бошида Англиянинг «олтин авлоди» деб таърифланган таркиби ҳам халқаро мусобақаларда зафар қуча олмади. Фердинанд ўша омадсизлардан бири. Чемпион бўлиш учун етарли салоҳият ва имкониятларга эга бўлган жамоа етакчисини бошқача таърифлаш мумкин эмас.

Марказий ҳимоячи: Жон Терри (Англия)

Миллий жамоа сафида: 78та ўйин

Фердинанднинг миллий жамоадаги шериги ҳам клуб миқёсида яхшигина совриндор ҳисобланади. Бироқ миллий жамоада бирорта соврин ютишга эриша олмаган. «Челси»да бўлгани каби Англия миллий жамоасида ҳам Террига афсона сифатида қарашади. Фарқи шундаки, у «аристократлар» билан ютиши мумкин бўлган деярли барча совринларни ютиб чиққан. Англия учун соврин юта олмагани ҳақида ортиқча қайғурмаса ҳам бўлади. Боиси, бу жамоада у каби кўплаб футбол афсоналари совринсиз фаолият олиб боришган.

Чап қанот ҳимоячиси: Эрик Абидаль (Франция)

Миллий жамоа сафида: 68та ўйин

2004-2014 йиллар мобайнида «учранглилар» шарафини ҳимоя қилган Абидал ҳам ушбу жамоамизнинг фахрий аъзоларидан бири. Унинг омадсизлиги Франция учун икки совринли давр оралиғида фаолият олиб борганидадир. 1998 ва 2018 йилги чемпионликлар оралиғида французлар жамоаси катта авлодлар алмашинувини ва пастлашни амалга оширди. Буни тўғри қабул қилиш лозим, Зидан даражасидаги юлдуздан сўнг, янги жамоа қуриб чиқиш ҳар қандай ҳолатда ҳам осон бўлмайди.

Абидаль ҳам бундан олдин эсга олган футболчиларимиз каби клубдаги фаолиятидан буткул кўнгли тўқ. Миллий жамоада эса унга омад етишмаган.

Таянч яримҳимоячиси: Клод Макелеле (Франция)

Миллий жамоа сафида: 71та ўйин

Асримизнинг дастлабки ўн йиллигида тўп тепган энг сифатли таянч яримҳимоячиларидан бири бўлган Макелеле ҳақида ҳам Абидалга ишлатган гапларимизни айтсак бўлади. Франциянинг 1998 ва 2000 йилги катта ютуқларига унинг буткул алоқаси йўқ. 2006 йилги Берлин финали унинг учун миллий жамоа миқёсида титулга эришишга энг яқин келган ўйини ҳисобланади. Бундан кейинги даврда фаранглар жамоаси бир муддат катта титуллар учун даъвогарлик қилмади.

Марказий яримҳимоячи: Лука Модрич (Хорватия)

Миллий жамоа сафида: 142та ўйин

Ушбу рамзий жамоамизда миллий жамоаси учун Модричдан кўпроқ ўйин ўтказган футболчини топа олмайсиз. Хорватиялик яримҳимоячи ҳали фаолиятини якунлмаган бўлса-да, катта эҳтимол билан энди миллий жамоани титул сари етаклай олмайди. 2008 йилги Европа чемпионати плей-оффида пенальтини аниқ амалга ошира олмаган Лука бунинг учун айбланиши керак эмасди. Гуруҳ босқичида мусобақа мезбони ва бўлғуси финалчи Германияни ҳам мағлуб этиб, 9 очко тўпланишида унинг хизматлари катта эди. 2018 йилда ҳам Модрич Ракитич ва Перишич каби жамоадошлари билан бирга жамоани мундиаль финалига қадар етаклаб олиб борди. Класс жиҳатидан рақибидан яққол устун бўлган Франция финалда у қадар катта қийинчиликка учрамади. Модрич эса мусобақанинг энг яхши футболчиси унвони билан чегараланишга мажбур бўлди.

Ҳужумкор яримҳимоячи: Уэсли Снейдер (Нидерландия)

Миллий жамоа сафида: 134та ўйин

Нидерландия футболидаги ўзига хос футболчилардан бири ҳисобланган Снейдер ҳам миллий жамоада совринлардан бенасиб қолган. Айримлар уни 2010 йилги «Олтин тўп»да ютиши керак эди, деб ҳисоблайди. Бу фикрларда қайсидир маънода асос ҳам бор.

Уэслининг бугунги кундаги вазни алоҳида мавзу. Бироқ футболчилик фаолияти анча ёрқин кечганини яхши эслаймиз. Жарима зарбалардаги маҳорати ва классик 10-рақам позициясидаги самарали ҳаракатлари билан мухлислар меҳрини қозонган футболчининг миллий жамоа билан титул ютмагани ачинарли.

Ўнг қанот вингери: Арьен Роббен

Миллий жамоа сафида: 96та ўйин

Арьен Роббен энг кучли даврларида ўзи қатнашган барча турнирларнинг энг катта юлдузлари қаторида эътироф этиларди. У ўз харизмаси ва эмоционал ҳаракатлари билан ҳар бир ўйинни безаб берарди. 2008 йилги Европа чемпионати, 2010 ва 2014 йилги Жаҳон чемпионатлари, шулар жумласидан. ЖАРдаги мундиаль финалида 2та бирга бир имкониятни голга айлантира олган тақдирда, азалий армони ушалиши мумкин эди. Уни Нидерландия футболи бусиз ҳам қаҳрамондек ёд этади. Жаҳон кубогини тақдим эта олган тақдирда, у миллат қаҳрамонига айланарди.

Чап қанот вингери: Франк Рибери

Миллий жамоа сафида: 81та ўйин

Эҳтимол, аксарият футбол мухлисларининг наздида ўз миллий жамоасининг тимсолига айланган Павел Недвед ушбу позицияга ҳақлироқдек кўриниши мумкин. Лекин очиғини тан олиш лозимки, миллий жамоа билан титул ютиш имконияти чехларда шундоқ ҳам кам эди.

Рибери ўз вақтида «Олтин тўп»ни ютиш учун номзодлар учлигига ҳам кирганди. Клуби билан катта титулларнинг барчасини ютди. 2006 йилги жаҳон чемпионати финали унинг учун миллий жамоа либосидаги энг ёрқин ва аламлиси бўлса керак.

Марказий ҳужумчи: Андрей Шевченко

Миллий жамоа сафида: 111та ўйин

Украина футболида мураббий сифатида ҳам тарих ярата бошлаган Шева марказий ҳужум зонамиз учун идеал номзод. Ҳа, унда миллий жамоа билан титул ютиш имконияти у қадар юқори эмасди. Бироқ «Олтин тўп»ни қўлга киритган юлдузнинг миллий жамоа билан бирорта титул ютолмагани ачинарли.

Футболчи сифатида яратган рекордларини бугун мураббий сифатида янгилаб бормоқда. Ким билади, футбол мўъжизаларининг навбатдагиси айнан Украина номи билан боғланар ва Андрей ўз миллий жамоасида мураббий сифатида чемпионлик унвонига эришар. Унга фақат омад тилаймиз.

Захира: Ян Облак, Роберто Айала, Эшли Коул, Фрэнк Лэмпард, Руи Кошта, Дэвид Бекхэм, Павел Недвед, Дидье Дрогба, Златан Ибраҳимович, Роберт Левандовски.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Мавзуга оид