Ўзбекистон | 00:32 / 30.07.2021
57159
3 дақиқада ўқилади

Деновда инспектор ёрдамчилари ўлдириб қўйган фуқаронинг рафиқаси: “Эримни ҳайвонларча уришган”

Марҳумнинг хотини интернетда видеомурожаат билан чиқмагунга қадар, Бош прокуратура 18 кун олдин рўй берган фожиа ҳақида сукут сақлаб келган. Ички ишлар вазирлиги эса ҳамон жим.

Фото: Facebook / Халк Назорати

Сурхондарё вилояти Денов туманида фуқаро профилактика инспекторининг икки ёрдамчиси калтаклаганидан кейин вафот этди. Бош прокуратура ва Сенат ҳолат бўйича жиноят иши очилиб, гумондорлар қамоққа олинганини хабар қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода, марҳум Ҳасан Хушматовнинг хотини экани айтилаётган аёл эри вафот этганда қандай ҳолатда бўлганини айтиб берганини кўриш мумкин.

Аёлнинг айтишича, аввалига унга эрини кўрсатишмаган, уни кўрганида эса танасида кўкарган ва эзилган жойлар борлигига гувоҳ бўлган. “Ҳайвонларча уришган, одам боласи ундай урмайди”, дейди у.

Бош прокуратурага кўра, Денов тумани ИИБ ходимлари оилавий жанжални тинчитиш учун Ҳасан Хушматовнинг уйига борган. Уни бўлимга олиб кетишда профилактика инспекторининг икки ёрдамчиси йўлда уриб, тан жароҳати етказишган. Оқибатда фуқаро тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.

Хушматовнинг хотинига кўра, воқеа аввалида эри ва унинг ўртасида рашк сабабли жанжал келиб чиққан, жанжал давомида қайнотаси ва қайин акаси келиб, уларни тинчлантиришга уринишган. Шундан сўнг эр ҳам, аёл ҳам ишга кетган. Аёл ишдалигида қайнcинглиси унга қўнғироқ қилиб, эрини ички ишлар ходимлари қўлига кишан солиб олиб кетишганини айтган.

“Мен милицияхонага чопдим. Эримни кўрсатишмади. “Нега олиб келдиларинг, катта жанжал бўлгани йўқ-ку?” дедим. Участкавой рухсат берса кўрасан, дейишди. Участкавой Мелиқул акага телефон қилдим, зор йиғладим. У: “Сен аралашма, ишинг бўлмасин, эринг надзорда туради”, деб телефонни ўчириб қўйди.

Мен кечгача ИИБ биноси олдида ўтириб, кечки пайт уйга кетдим. Эртаси куни ишдалигимда қайнсинглим телефон қилиб, эрим касалхонадалигини айтди. Қўлимда болам билан учиб етиб бордим. Борсам, эрим бир аҳволда...

Ҳайвонларча урган уни. Танасининг ўнг томони эзилган, боши ёрилган, лаблари шишган. Эркаклик жойларигача ёриб ташлаган. Одам ҳам шунчалик ваҳшийлик қиладими? Иккита болам билан қаерга бораман?” – дейди у.

Аёл 29 июл куни тарқалган видеосида айбдорларга “18 кундан бери ҳеч ким чора кўрмаётгани”ни айтган. Расмий ахборотда эса икки гумондор Хушвақтов вафот этганининг эртасига, 12 июл куни қамоққа олингани айтилади.

Таъкидлаш керак, Бош прокуратура ва Сенат аёлнинг видеомурожаати тарқалганидан кейин ҳолатга муносабат билдирди, ваҳоланки воқеа бундан 18 кун олдин рўй берган.

Мавзуга оид