Ўзбекистон | 10:47 / 31.07.2021
8264
2 дақиқада ўқилади

АҚШ элчиси: «ЮНИСЕФ орқали Ўзбекистонга «Pfizer» вакцинаси олиб келинади»

АҚШ ҳукумати томонидан Ўзбекистонга «Moderna» вакцинасининг 3 млн дозаси тақдим этилди. Америка элчиси келгусида яна вакциналар келишини айтди.

30 июл куни АҚШнинг COVAX дастури доирасида ЮНИСЕФ томонидан Ўзбекистонга келтирилган «Moderna» вакцинасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маметзода, АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Кристофер Фицпатрик ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевлар иштирок этишди.

Ҳозирда АҚШ COVID-19 вакциналарининг адолатли тақсимланишини таъминлайдиган COVAX дастурининг энг йирик донори ҳисобланади. COVAX мақсадларига кўра, келтирилган 3 млн дозадаги вакцина энг аввал эмланадиган аҳоли гуруҳлари учун ишлатилиб, уларнинг 20 фоизини эмлашга ҳисса қўшади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюмнинг айтишича, бу беғараз ёрдам бутун дунёда пандемияни тўхтатиш, инсонлар ҳаётини сақлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

«COVAX дастури доирасида АҚШ Ўзбекистонга ҳам вакциналар етказиб бермоқда ва бундай ҳадялар ҳали яна давом этади. Шу йил ЮНИСЕФ ташкилоти орқали «Pfizer» вакциналари ҳам Ўзбекистонга олиб келинади. «Moderna» вакцинасининг кейинги партияси қачон келиши ҳозирча аниқ эмас. Америкада вакцина етарли бўлгани учун Ўзбекистон билан бўлишяпмиз, ўйлайманки бошқа мамлакатлар ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшади», деди жаноб элчи.

Аввалроқ, Ўзбекистонга 1,2 млн дозада Pfizer вакцинаси олиб келиниши ҳақида хабар берилган эди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид