Жаҳон | 20:28 / 02.08.2021
6099
2 дақиқада ўқилади

Грецияда рекорд даражадаги иссиқ ҳаво сабабли йирик ёнғинлар юз берди

Грецияда аномал иссиқ ҳаво сабабли йирик ўрмон ёнғинлари юз берди. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида жорий ҳафтада ҳаво ҳарорати 47 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Фото: Reuters

ОАВ маълумотларига кўра, ўт ўчирувчилар Пелопоннес яримороли ва Родос оролидаги йирик ёнғинларни бартараф этишга ҳаракат қилишмоқда. Греция бош вазири Кириакос Мицотакиснинг таъкидлашича, мамлакат 1987 йилдан бери энг кучли жазирамага тўқнаш келди.

Пелопоннеснинг Ахея регионида 31 июлда бошланган ёнғин 3 минг гектардан кўпроқ майдондаги қарағайзорлар ва зайтунзорларни қамраб олган. 1 август ҳолатига кўра, бу ерда ёнғинни назорат остига олишнинг уддасидан чиқилмаган.

Ҳукумат денгиз бўйидаги 5та аҳоли пункти аҳолисини эвакуация қилган. Камида 8 киши куйиш жароҳатлари ва нафас йўллари шикастланиши билан шифохонага етказилган.

Шу билан Родосдаги ёнғинлар “деярли назорат остига олингани” маълум қилинган. 1 август куни оролнинг сайёҳлар орасида оммалашган “Капалаклар водийси” деб аталувчи марказий региони аҳолиси эвакуация қилинган.

Шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб археологик ёдгорликлар ходимлар ва ташриф буюрувчиларни иссиқ ҳаводан ҳимоялаш мақсадида ўз ишини тўхтатиш ҳақида кўрсатма олган.

Метеорологларнинг огоҳлантиришича, ҳарорат камида ҳафта охиригача жуда юқори бўлади.

Афина обсерваториясининг тадқиқотлар бўйича директори Костас Лагувардоснинг таъкидлашича, мамлакатда ҳозирда ҳукм сураётган иссиқ ҳаво охирги 35 йил ичидаги энг кучлиларидан бири ҳисобланади.

Таъкидланишича, Грецияда 1987 йилдан бери 10та узоқ давом этувчи иссиқ ҳаво юз берган. Улардан 2таси жорий йилда кузатилган. Мутахассисларнинг айтишича, бундай иссиқ ҳаво тобора кўпроқ юз беради ва узоқроқ давом этади.

Шунингдек, Грецияга қўшни Туркияда 6 кундан бери ўрмон ёнғинлари давом этмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид