Шарқнинг Ғарбдаги тасвири – Пергамон музейига саёҳат (фото)
Германиядаги Пергамон музейи ХХ аср бошларида қурилган ва у Берлин шаҳри орқали оқиб ўтадиган Шпрее дарёси бўйида жойлашган, дея ҳикоя қилади, UzbekLife’нинг Германиядаги колумнисти Сабоҳат Ражабова.
Пергам меҳроби, шунингдек, бир пайтлар Хетт салтанати, Ассурия, Бобил ва Форс давлатларида яратилган қадимги қўлёзма ва санъат асарларини сақлаш учун ташкил қилинган. Бундан ташқари ушбу музейга Берлин Ислом музейи ҳам киради.
Мен музейни айланишни Қадимги Миср ва Осиё қисмидан бошладим ва тўғрисини айтганда, бошида “бу ерда мени ҳайрон қолдирадиган нима бўлиши мумкин?” деган савол туғилди, чунки менда тарихий музейлардаги экспонатларнинг ва санъат асарларининг ҳақиқийлиги ҳар доим шубҳа уйғотиб келган. Лекин бу машҳур музейни кўриш учун барибир сабрим етмаётганди, ахир музейларнинг асосий мақсади бизга экспонатларнинг оригиналлигини исботлаш эмас, балки ўша даврнинг ҳаёти, сиёсати ва маданиятини баъзан сунъий тарзда бўлса-да кўрсатиб ва тасвирлаб бериш ҳисобланади.
Қадимги Миср ва Осиё тарихига бағишланган залларда Шумер, Бобил ва Ассурия маданиятларига тегишли археологик қазилмаларда топилган экспонатлар тақдим этилган. Бу ерда монументал архитектура ҳайкалларини ва уй-рўзғор буюмларини, шунингдек, ўша даврнинг тақинчоқларини кўрсангиз бўлади. Диққатимни тортган яна бир ёдгорлик – Иштор Дарвозаси ва Навуходоносор II’нинг тахт зали, шунингдек, бундан қарийб 3000 йил олдин Ассурия давлатидаги аёлларнинг ҳуқуқлари ёзилган ҳужжат бўлди. Экспонатларнинг ёши эрамиздан олдинги VI минг йилликдан бошланиб, Яқин Шарқнинг мусулмонлар томонидан босиб олиниши давригача бориб тақалади. Экспонатларнинг асосий қисми ҳозирги Ироқ, Сурия ва Туркия давлатлари ҳудудларида топилган. Муҳташам залларда неолит давридан бошлаб Шумер, Бобил, Ассурия ва Шимолий Суриянинг баъзи вилоятлари, яъни Шарқий Анатолия маданиятлари тақдим қилинган.
Ислом музейида Испаниядан тортиб Ҳиндистонгача бўлган ҳудудда VIII – XIX асрларда яшаган мусулмон халқларнинг санъати ва маданияти тасвирланган. Бу ерда ҳатто Темурийлар тасвир қилинган миниатюрага ҳам кўзим тушди. Албатта, ҳозирги Туркия ҳудуди санъати ва маданияти ҳам бу ерда унутилмаган. Бутун дунёга машҳур форс гиламлари учун эса алоҳида заллар ажратилган. Гиламлардаги, идиш ва буюмлардаги расмлар ва нақшларга диққат билан назар солсангиз, уларнинг ҳам маъносиз эмаслигини кўришингиз мумкин. Ўн икки бурж тасвирланган лаган, аждар ва қақнуслар тасвирланган шоҳона гиламлар, афсонавий семурғ қуши чизилган идишлар – буларнинг ҳаммаси санъат тарихининг яққол намуналаридир.
Бундан ташқари, хаттотлик санъатига оид ва араб графикаси ёрдамида яратилган кўплаб санъат асарлари, Кушондан ва Кўнядан келтирилган меҳроблар, Буюк Мўғуллар Империяси даври миниатюралари, бир пайтлар Сицилияда фил суягидан ишланган буюмлар тақдим қилинган. Эътиборга сазовор заллардан бири мен учун Ҳалаб зали бўлди, сабаби узоқ тарихга ва бой маданиятга эга Ҳалаб шаҳридан, афсуски, бугунги кунда асосан вайроналар қолди.
Қадимги Осиё бўлими ва Ислом музейини айланиб бўлиб, Пергам меҳробини (музей ҳам айнан бу меҳроб номини олган) кўришга ўтдим. Ушбу меҳроб эрамиздан аввалги II асрнинг биринчи ярмида қурилган ва номини Кичик Осиёдаги Пергам шаҳридан олган. Афсоналарнинг бирида бу мемориал ёдгорлик – Зевсга, яна бир қўлёзмада эса қирол Эвмен II’га, Афинага ёки Зевс билан Афинага бағишланганлиги, бошқа манбаларда бу меҳробнинг Пергам қироли томонидан галлар устидан қозонилган ғалаба шарафига қурилганлиги ёзилган. Пергам меҳроби ҳатто дунёнинг етти мўъжизасига тенглаштирилган ва қадимги даврда фақатгина Рим тангаларида меҳробнинг тасвирини кўриш мумкин.
Пергам меҳробининг топилиш тарихи ҳам жуда қизиқарли. XIX аср иккинчи ярмида Туркияга аслида янги йўллар қуриш учун келган немис инженери Карл Хуман Пергам шаҳрида олдиндан бўлиб, бу шаҳарнинг тўлақонли ўрганилмаганлиги ва етарлича қазилмалар олиб борилмаганлигини кўриб, мармар вайроналар бузилишининг олдини олиш учун Берлин ҳукуматидан кўмак сўрайди. Сабаби, Пергам шаҳри вайроналари ҳозирги Туркиянинг Измир вилояти Бергама шаҳрида жойлашган. Орадан бир неча йил ўтиб Берлин музейи директори қазилмалар учун маблағ ажратишга розилигини билдиради, Хуман эса у пайтлар Усмонли империяси ҳукуматидан розилик олади. Усмонли империяси билан келишувга асосан қазилмаларда топилган ноёб экспонатлар ва меҳробнинг ўзи бевосита Германия ҳукумати мулки ҳисобланади ва эшакларда беш соат мобайнида биринчи денгиз бўйига қадар, сўнгра кемаларда Берлинга етказилади.
Албатта кейинчалик, йиллар ўтиб Туркия Республикаси ҳукумати меҳробни Туркияга қайтаришни талаб қилади, аммо Германия ўша пайтлар Усмонли султонининг ўзидан меҳробни олиб кетиш учун рухсат олганлигини таъкидлайди. Кейинчалик Туркия ҳудудида топилган кичикроқ парчалар ҳозирда Туркияда сақланиб келяпти.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин эса меҳроб совет қўшинлари томонидан Берлиндан олиб чиқилган бўлиб, 1958 йилга қадар Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Эрмитаж музейида сақланади. 1958 йилда меҳроб Германияга СССР учун гипсдан қилинган бир нусха тайёрлаш шарти билан қайтарилади. 2002 йили Пергам меҳробининг гипсдан қилинган нусхаси расмий равишда Россия Федерациясига совға қилинади.
Шундай қилиб, Пергамон музейида юрар экансиз, ўзингизни Қадимги Осиё, Қадимги Европа ва Ўрта Шарқ орасида саёҳат қилгандек ҳис қиласиз. Ушбу бизга турли хил бўлиб туюлган маданиятлар аслида ҳар доим бир-бири билан кесишгани ва бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлигини, инсоният тарихида ва бугунги кунда ҳам бу маданий алмашинув, бу хоҳ таълим, хоҳ санъат, хоҳ адабиёт, хоҳ ижтимоий ҳаётга тегишли бўлсин, сақланиб қолганлигини, уларни бир-биридан ажратиш ва айиришга уриниш тарихга хиёнат эканлигини унутмаслигимиз керак.
Қуйида музейдан эсдалик учун олган суратларни кўришингиз мумкин.
Сабоҳат Ражабова,
UzbekLife’нинг Германиядаги колумнисти
Мавзуга оид
23:05 / 22.11.2024
Франциядаги музейдан 7 млн евролик заргарлик буюмлари ўғирлаб кетилди
16:05 / 17.10.2024
Мисрда дунёдаги энг қиммат музей очилди. Уни қуришга қарийб 20 йил вақт кетди
20:41 / 08.10.2024
Нидерландияда музей ходими металл банкалар кўринишидаги арт-объектни ташлаб юборди
00:11 / 18.08.2024