Озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажми ўсаётган талабни қондира олмаяпти – Шавкат Мирзиёев
Президент раҳбарлигидаги йиғилишда 2021 йилнинг биринчи ярми натижалари асосида, йил охирига қадар ҳудудлар ва тармоқларда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича чоралар муҳокама қилинди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда қишлоқ хўжалиги бўйича кўрсаткичларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
«Айрим ҳудуд раҳбарлари мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишни билмаяпти. Мисол учун, Бешариқда гектаридан 234 центнер картошка етиштирилган бўлса, Тойлоқда атиги 146 центнер, полиз маҳсулотлари ҳосилдорлиги Бешариқда 157 центнер, Тойлоқда эса 76 центнер. Ваҳоланки, Тойлоқ туманининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги имкониятлари Бешариқ туманига қараганда анча юқори», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Жаҳон банки таҳлилига кўра, пахта ва ғаллада ҳосилдорликни ўртача 3 фоизга ошириш ҳисобига қишлоқ аҳолиси учун 900 мингта янги иш ўринлари яратиш мумкин.
Шуҳрат Ғаниев ва вилоятлар ҳокимлари жорий йилда пахта ҳосилдорлигини гектарига 5 центнердан ошириб, 3,5 миллион тонна пахта етиштириш бўйича ишларни қандай ташкил қилаётгани тўғрисида ҳисобот бериши айтилган.
«Вилоят ҳокимлари бир нарсани яхши тушуниб олишлари керак. Мамлакат аҳолиси ҳар йили 600 мингдан кўп ошмоқда, лекин озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўсаётган талабни қондира олмаяпти. Бунинг оқибатида асосий турдаги озиқ-овқатлар импорти ошмоқда», дейди давлат раҳбари.
Жумладан, мол гўшти (2020 йилга келиб 22 минг тоннагача), товуқ гўшти (12 минг тоннадан 31 минг тоннагача), картошка (215 минг тоннадан 435 минг тоннагача), ўсимлик ёғи импорти (100 минг тоннадан 210 минг тоннагача) ошган.
Чорвачилик соҳасига сўнгги 3 йилда 350 миллион долларга яқин имтиёзли маблағлар жалб этилди.
«Иккинчи ярим йилликда 1,5 миллион тонна гўшт, 6,5 миллион тонна сут, 5 миллиард дона тухум, 364 минг тонна балиқ, 6 минг тонна жун, 262 минг дона қоракўл, 785 тонна пилла ишлаб чиқариш зарур.
Яна бир масала – жорий йил якунига қадар автомобиль йўллари, дала четлари, барча аҳоли масканларида 155 миллион дона, шундан 80 миллион дона – тут, 3,5 миллион дона – павловния ва 71 миллион дона – тез ўсувчи ва бошқа кўчатларни экилсин.
Бундан ташқари, 2,5 мингта маҳалладаги аҳоли хонадонларига 9,5 миллион дона узум кўчати экиш ташкиллаштирилсин.
Хусусан, биринчи босқичда 7та тижорат банкига 1 триллион 575 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунинг ҳисобидан ҳудудларда умумий қиймати 3 триллион 600 миллиард сўм бўлган 2 минг 400 та лойиҳани амалга ошириш бошланди.
Натижада, 2020 йилнинг биринчи ярмига нисбатан хизматлар кўрсатиш ҳажми 18,3 фоизга ошди.
Айниқса, Сирдарё, Андижон, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё, Фарғона ҳамда Тошкент шаҳрида хизматлар кўрсатиш суръатлари юқори бўлди.
Ҳудудлар кесимида, хизматлар соҳаси ўсиш суръатлари Навоий, Тошкент, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Қорақалпоғистонда ўртача кўрсаткичларидан паст даражада бўлди», деган давлат раҳбари.