Жамият | 15:20 / 03.08.2021
3019
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда вакцина олиш учун поликлиникага борган фуқаро қувиб чиқарилгани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи фуқаро 2-оилавий поликлиникада коронавирусга қарши вакцина олмоқчи бўлгани, аммо у ердаги ходимлар унга қўпол муомалада бўлиб, ҳайдаб чиқаришгани, поликлиникада шароит ҳам қониқарли эмаслигини маълум қилган. Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур хабар бўйича муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, видеомурожаатда қайд этилган ҳолат жорий йил 26 июль куни Шаҳрисабз шаҳридаги 2-оилавий поликлиникада эмас, 1-оилавий поликлиникада содир бўлган. Шу куни мурожаат муаллифи, фуқаро Б.Р. мазкур поликлиникадаги эмлаш пунктига коронавирус инфекциясига қарши вакцина олиш учун мурожаат қилиб, ўзи ва қариндошлари учун 5 та Sputnik V вакцинасини беришларини талаб қилган.

Тиббиёт ходимлари мазкур турдаги вакцина аввал шундай вакцина билан эмланганларга тақсимот қилиб бўлинганидан сўнг берилишини, мазкур эмлаш пунктида ўша пайтда фуқаролар ZF-UZ-VAС 2001 ва AstraZeneca билан эмланаётганини тушунтиришга ҳаракат қилишган. Аммо фуқаро уларнинг гапларига қулоқ солмасдан жанжал кўтарган.

Муносабатда маълум қилинишича, эмлаш хонасининг 2 нафар ҳамширасига фуқаро билан мулоқотда тегишли деонтология қоидаларига амал қилмаганликлари учун ҳайфсан интизомий жазоси берилган.

Таъкидланишича, Шаҳрисабз шаҳридаги 1-оилавий поликлиника биноси 1968 йилда қурилган. Жорий йилда мазкур поликлиниканинг 150 қатновга мўлжалланган биносини қайта қуриш учун маблағ ажратилган. Айни пайтда бу ерда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланганлиги сабабли хоналар етишмаслиги ва бошқа ноқулайликлар кузатилган. Мазкур ноқулайликларга барҳам бериш бўйича зарур чоралар кўрилган.

Мавзуга оид