Жаҳон | 20:51 / 05.08.2021
26529
5 дақиқада ўқилади

Вакциналар: қайси давлат қанча буюртма берган?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон банки гуруҳлари, Халқаро валюта фонди ва Жаҳон савдо ташкилоти етакчилари иштирокидаги ишчи гуруҳ йиғилишида коронавирусга қарши кураш инструментларидан бири сифатида вакциналарга доир муҳим маълумотлар эълон қилинди.

Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро валюта фонди ҳамкорлигида тайёрланган маълумотлар базасида коронавирусга қарши вакциналарнинг ҳудудлар ва давлатлар бўйлаб тарқалиши ҳақида маълумотлар келтирилган.

Маълум қилинишича, бу маълумотлар базаси давлатларнинг вакцина ишлаб чиқарувчи корхоналар билан тузган икки томонлама шартномалари, давлатларнинг юборган ёрдамлари (бошқа давлатларга), CОVАХ, Осиё тараққиёт банки ва бошқа кўп томонлама шартномалар орқали тарқатилаётган/сотилаётган вакциналар сонини кузатиб бориш имконини беради.

Рақамлар COVAX, UNICEF, Duke глобал саломатлик инновацион маркази, Our World in Data, Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки, African Vaccine каби нуфузли ташкилотлар томонидан эълон қилинган очиқ маълумотларга асосланади.

Ҳамкорлар, шериклар ва етказиб берувчи давлатлар ва корхоналарнинг молиявий имкониятлари ва ҳудудлардаги иммунизацион вазиятдан келиб чиқиб, бу рақамлар ўзгариб туриши мумкин. Шулардан келиб чиқиб, маълумотлар базаси ҳар ҳафта янгилаб турилади.

Мутлақ устунлик ривожланган давлатларда

Базада келтирилган рақамларга эътибор қаратилса, деярли барча Европа мамлакатлари, Шимолий ва Жанубий Америка давлатлари, Жануби-шарқий Осиё давлатлари ва Австралия ўз аҳолисига 100 фоиз етиб, ортиб қоладиган вакцина захираларига буюртма берган ёки аллақачон қўлга киритган.

Хусусан, бу борада Канада яққол етакчилик қилмоқда. 37 миллион атрофида аҳолига эга мамлакат ишлаб чиқарувчилар билан 154 миллиондан ортиқ вакцина етказиб бериш бўйича келишувга эришган. Бу аҳолини 412 фоиз вакциналашга етади.

Кейинги ўринда Янги Зеландия. Ҳукумат 4,8 миллион аҳоли учун 16 миллиондан ортиқ вакцинага буюртма берган – 335 фоиз.

Кучли учликдан Италия ҳам жой олган. 60 миллиондан бироз ошадиган итальянлар учун 200 миллион дона вакцина буюртма қилинган. Бу мамлакат аҳолисини 332 фоиз вакциналашга етади.

Шунингдек, АҚШ 300 миллиондан ортиқ аҳолиси учун 800 миллион дона вакцина буюртма қилган бўлса, Германия 83 миллион аҳолиси учун 244 миллион дона вакцина буюртма қилган.

Шунингдек, деярли барча Евроиттифоқ вакиллари, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Филиппин, Непал, Туркия, Миср, Марокаш Бразилия, Боливия, Перу, Чили, Австралия каби давлатлари ўз аҳолисига 100 фоиздан ортиқ етиб ортадиган захирадаги вакцина дозаларига буюртма берган ёки аллақачон уларни қўлга киритган.

Коронавируснинг илк ўчоғи бўлган Хитой берган вакцина буюртмалари эса 1,5 миллиарддан ортиқ аҳолининг 70 фоизини қамраб олишга мўлжалланган. Айни дамда Хитой, нафақат ўзи балки бошқа давлатларга, хусусан Ўзбекистонга ҳам вакцина етказиб бермоқда.

Аҳолиси 1 миллиарддан ошувчи ва 2021 йилда коронавируснинг оғирроқ штамми аниқланган Ҳиндистон ҳам 71 фоиз аҳолиси учун етадиган вакциналарга буюртма қилган.

Вакцинация билан боғлиқ вазият учинчи дунё давлатлари – Африка қитъаси, МДҲ давлатлари ва ғарбий Осиёда унчалик ҳавас қиларли даражада эмас.

Хусусан Африка ва араб давлатлари орасида аҳоли бошига буюртма қилинган ёки сотиб олинган вакциналар 30-40 фоиз атрофида бўлса, МДҲда бу кўрсаткич жуда хилма-хил – 17 фоиздан 89 фоизгача.

Марказий Осиё минтақаси ва умуман МДҲ доирасида Ўзбекистон аҳоли сонига нисбатан вакциналар бўйича етакчилик қилмоқда. Маълумотлар базасида Ўзбекистон 34 миллиондан ортиқ аҳолисининг 89 фоизи учун етарли миқдорда вакциналарни олгани ёки буюртма бергани ёзилган.

Қўшниларимиз орасида Қозоғистон ҳам яхши натижаларга эга: ҳукумат 19 миллионга яқин аҳолисининг 70 фоизига етадиган вакциналарга буюртма берган. 9,5 миллион аҳолига эга Тожикистон 48 фоизга, 6,5 миллион аҳолига эга Қирғизистон эса 38 фоиз аҳолисига етарли даражада вакцинага эга бўлиши мумкин.

Туркманистон эса 6 миллиондан ортиқ аҳолисининг бор-йўғи 1 фоизига етадиган вакцина олади.

Туркманистон Беларус, Арманистон, Венесуэла каби давлатлар қаторида аҳоли сонига нисбатан вакцинага буюртма берган давлатларнинг энг пастки ўрнидан жой олган.

Таъкидланишича, ушбу маълумотлар ҳали етказиб берилмаган ёки ишлаб чиқарилмаган вакциналарни ҳам ўз ичига олгани учун тахминий ҳисобланади.

Мавзуга оид