Ўзбекистон | 13:57 / 07.08.2021
23199
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов: «Ўзбекистонда бутунлай янгича иқтисодий-сиёсий иқлим пайдо бўлди»

Бугун, 7 август куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бутунлай янгича иқтисодий-сиёсий, ижтимоий-маънавий, илмий-маърифий иқлим пайдо бўлди.

“Хўш, мамлакатимиз бундай мақтанишга арзигулик натижага қандай эришди? Эришилаётган натижаларга асло қониқмаслик, муваффақиятларга маҳлиё бўлмаслик, мавжуд аҳволни ҳаққоний, ишларни мунтазам танқидий баҳолашга, ўзларининг ва жамоаларининг олдига тинимсиз бир-биридан мураккаб вазифалар қўйиб, доим маррани баланд олишга даъват қилган ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродалари ва шахсий намуналари билан эришдик.

Биз жуда тез амалга оширилаётган ўзгаришларга кўникиб қолдик. Уларнинг моҳиятини англашга улгурмаяпмиз. Гўё, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида қилинаётган мислсиз ислоҳотлар айнан шундай бўлиши керакдек ва шу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгандек қабул қиляпмиз. Аслида, бунинг замирида, давлатимиз олдида турган долзарб муаммоларни ақл-идрок билан еча оладиган, фидойи, мард, серғайрат ва тафаккури кучли бўлган шахснинг – ҳурматли Шавкат Миромоновичнинг қатъиятлари мужассамдир”, деди Абдулла Арипов.

Аввалроқ, ЎзЛиДеП  ҳам бу йилги президентлик сайловида ўз номзодини эълон қилганди. Партия навбатдан ташқари пленумида Шавкат Мирзиёевни номзод сифатида илгари сурди. Унинг номзоди ЎзЛиДеП қурултойида тасдиқланиши лозим бўлади.

Мавзуга оид