Ўзбекистон | 17:54 / 09.08.2021
5746
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси депутатининг ёрдамчиси лавозими жорий этилади

Ўзбекистонда Қонунчилик палатаси депутатининг ёрдамчиси лавозими жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда парламент сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

“Олий Мажлис депутатлари нафақат қонун ижодкорлиги билан шуғулланиши, балки ўз сайлов ҳудудида электорати билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиб, муаммоларни аниқлаш ва тезкор ечим топишда ҳам масъул бўлмоғи лозим. Чунки депутат сайловчилари олдида ҳисобдор.

Лекин Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар доим ҳам бу вазифани тўла бажариш имкониятига эга эмас. Бу депутат билан сайловчилар ўртасида яқин алоқани йўлга қўйиш мақсадида депутат ёрдамчиси институтини жорий этиш заруратини туғдирмоқда”, дейилади маълумотда.

Билдирилишича, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида депутатлар ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

“Сиёсий партиялар тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, депутат ёрдамчисига қўйиладиган талаблар, вазифалар, ишга қабул қилиш ва меҳнатига ҳақ тўлаш, улар томонидан амалга ошириладиган нормалар белгиланмоқда.

Унга кўра, депутат ёрдамчиси депутатнинг вакили сифатида сайлов округида доимий фаолият юритади ва у депутат билан яқин қариндош ва судланмаган бўлиши лозим. Унга ҳақ тўлаш сиёсий партия маблағи ҳисобидан амалга оширилади. У сайловчиларни Қонунчилик палатасидаги депутати фаолиятидан, ўз навбатида депутатни сайлов округида юз бераётган воқеалар, фуқаролар мурожаати, маҳаллий ижро ҳокимияти қарорларидан хабардор қилиб туради.

Фракция аъзолари янги институт депутатлар фаолияти самарадорлигини таъминлаши билан бирга одамлар оғирини енгил қилишдаги аҳамиятини эътиборга олиб, ушбу қонун лойиҳасини маъқуллади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид