Ўзбекистон | 10:24 / 09.08.2021
5450
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда бир кунда иккита қотиллик жинояти содир этилди

Хоразм вилояти ИИБ хабарига кўра, 2 август куни вилоят ҳудудида қотиллик билан боғлиқ 2 та жиноят содир этилган.

Жумладан, Янгибозор туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган шахс шу куни тунда «Истиқлол» маҳалласида яшаган, 1993 йилда туғилган эркак билан жанжаллашиб, собиқ турмуш ўртоғини ундан рашк қилиб, ёнидаги пичоғини кўкрак қафаси ва қорин қисмига 2 марта санчиб, қасддан ўлдирган.

Шунингдек, Урганч шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган шахс ўзи билан бирга яшовчи, 1973 йилда туғилган акаси билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб, пичоқ билан унинг кўкрак қафаси ва қорин қисмига 1 марта санчиб, қасддан ўлдирган.

Ҳар иккала ҳолат бўйича гумондорларга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Ушбу мудҳиш воқеалар олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар тоифасига кириши, бироқ олдини олиш чоралари кўрилмагани, содир қилинишига йўл қўйилгани сабабли,  маҳаллалар «сариқ» ва «қизил» тоифага киритилиб, бу ҳақда маҳаллага кириш жойларида ёзиб қўйилган.

Мавзуга оид