“Матрица” филмининг ўзбек қаҳрамонлари. “Малибу”лар бўйича расмийлар сукутида қай маъно яширин?
Расмийларнинг 1-видеодаги воқеаларни “юмшоқроқ” талқин қилиши ҳеч бир томонга фойда бермади. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дегандек, 2-видео ҳеч қандай шубҳа-гумон, бошқача талқин қилишларга йўл қолдирмади. Балки шунинг учун ҳам ИИВ 2-видео бўйича ҳамон жимдир.
“Матрица” филмида виртуал дунёдаги инсонларни қутқариш учун реал дунёдан ташриф буюрган халоскорлар душман таъқибига учраб, иложсиз аҳволда қолганида телефон гўшаги орқали реал дунёга қочиб қутулиш саҳнаси бир неча бор такрорланади.
Бугунги жамиятимизда ҳам телефон гўшаги орқали исталган таъқибдан қочиб кета оладиган “қаҳрамонлар” етарлича топилади.
Хусусан, “Малибу” ҳайдовчилари билан боғлиқ воқеалар акс этган иккита видеолавҳа йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимидаги “касаллик”ни ошкор қилиб ташлади.
Биринчи лавҳадаги ҳолат бўйича тезкорлик билан муносабат билдирган ички ишлар органлари иккинчи видеодаги ҳолат юзасидан салкам бир ҳафта ўтибдики, жимлик сақлашмоқда.
2021 йил 2 август. Олмалиқда ЙПХ ходими “юқоридан келган” буйруқ билан қоидабузар ҳайдовчини қўйиб юборишга мажбур бўлгани акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларни “портлатди”.
Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати шу куннинг ўзида, аниқроғи бир неча соат ичида ҳолат бўйича расмий маълумот берди. Унда воқеа 28 июл куни бўлгани, ЙПХ ходими “Ўзбектемирйўлмаштаъмир” УК автомобили ҳайдовчисини хавфсизлик камаридан фойдаланмагани учун тўхтатгани, шу жараёнда ҳайдовчига баённома расмийлаштирилгани, қоидабузарни қўйиб юборишни буюрган командирга чора кўрилгани баён қилинди.
2021 йил 3 август. ЙПХ ходими қизил рангдаги “Малибу” автомобилини ҳайдовчи ҳаракат вақтида телефондан фойдалангани учун тўхтатади. Инспектор ҳайдовчига ҳолат бўйича маъмурий баённома тузилишини билдиради. Ҳайдовчи эса қоида бузмаганини айтиб, баённома тузилишига эътироз билдиради. Орадан бир муддат ўтиб, ҳайдовчи аёл ўз телефонини ЙПХ ходимига тутқазади. Телефонда гаплашиш жараёнида ЙПХ ходимининг “попуги пасаяди”. Аввалига жарима расмийлаштирмоқчи бўлган ходим телефондаги суҳбатдан сўнг, ҳайдовчига огоҳлантириш бериш билан чекланади.
Балки, 2-видеода ҳаммаси очиқ-ойдин акс этиб, воқеликни бошқача талқин қилишга имкон қолмагани туфайли изоҳ бериш мушкул бўлиб тургандир? Чунки, видеода ЙПХ ходими аёлга маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлиб турганида, телефонда “каттакон” билан суҳбатдан сўнг фикридан қайтиб қолди ва муомалани “юмшатиб”, огоҳлантириш билан ҳайдовчини кузатиб қўйди.
Бундан фарқли равишда, биринчи видеолавҳада баъзи мавҳумликлар бор эди. Яъни, ЙПХ ходимига “ушлаб турган автомобилини кўп гапирмасдан оқ йўл тилаб қўйиб юбориши кераклиги” уқтирилди. Бу кўпчилик назарида жарима қўлланмаганини англатса-да, видеолавҳада аниқ хулоса акс этмагани воқеалар ривожини кутилмаган томонга “буриб юборишга” қўл келган бўлса, ажабмас.
Тошкент вилояти ИИББ маълумотида “ҳайдовчига жарима расмийлаштирилган” бўлиб чиқди. Мантиқан олиб қараганда, анча “юқоридан” телефон бўлганда: “Жарима қўлласанг ҳам, узоқ ушлаб турма” эмас, “Нега тўхтатдинг, узр сўраб, оқ йўл тила” мазмунида буйруқ берилади ва бу буйруқда жарима қўлламаслик маъноси зоҳир бўлади.
Шу тариқа, расмийларнинг 1-видеодаги воқеаларни “юмшоқроқ” талқин қилиши ҳеч бир томонга фойда бермади. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дегандек, 2-видео ҳеч қандай шубҳа-гумон, бошқача талқин қилишларга йўл қолдирмади. Тизимдаги муаммоларни хаспўшлаш кутилган натижани келтирмади.
Шундай қилиб, 25 та радарга тушган, 5 нафар фарзандни ёлғиз катта қилаётган қизил “Малибу” соҳибаси ва унинг “танка”си кимлиги ҳамон сир сақланяпти. Бундан ташқари, “Ўзтемирйўлмаштаъмир”га тегишли “Малибу”даги мансабдор ва унинг ички ишлардан кимга телефон қилгани ҳам очиқланмаяпти.
Маълумот учун, “Ўзтемирйўлмаштаъмир” УК – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибига кирувчи корхона.
Қизиғи, расмийларнинг ўзи ҳам тизимдаги таниш-билишчиликларга қарши курашишни хоҳламаётгандек. Олмалиқдаги воқеа юзасидан ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовдан қўшимча маълумотлар олишга қаратилган ҳаракатларимиз натижа бермади. Жумладан, “юқоридан босим” ташкил этган “Малибу”даги мансабдорнинг кимлиги, унинг ички ишлар тизимидан қайси мансабдор билан боғлангани ҳақидаги саволларимизга жавобан Шоҳрух Ғиёсов “жамоатчиликка берилиши мумкин бўлган барча маълумотлар тақдим этилган”ини билдирди.
Қизил “Малибу” бўйича эса расмий маълумотга умуман дуч келмадик. Ҳолат бўйича ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматига қилган мурожаатимизга жавобан расмий маълумот берилиши айтилган бўлса-да, ҳозиргача жимлик ҳукм сурмоқда.
Сўнгги воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, тизимдаги таниш-билишчилик ва телефонбозлик учун фақат қуйи тоифа ходимларини айблаш ноўрин. Фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилларининг оёқости бўлишига асосан тизимнинг юқорисидаги мансабдорлар “ҳисса қўшмоқда”.
Ўз хизматини виждонан олиб боришни хоҳлайдиган ЙПХ ходимлари талайгина экани шубҳасиз, бироқ “юқори”дан бўладиган телефонлар ҳар қандай виждонли ходимни тизимдан кўнгли совиб, уни тарк этишига ёки ноқонуний буйруқларга кўникиб кетишига сабаб бўлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, телефонбозликлар ҳақида барча бирдай билса-да, бу бўйича аниқ фактлар йўқ эди. Тошкент телеканалидаги “Пойтахт йўлларида” кўрсатувининг камерасига бир эмас, иккита шундай ҳолатнинг муҳрланиши муаммонинг тизимли эканидан гувоҳлик бермоқда.
Демак, ошкоралик ва жамоатчилик назорати ўрнатилмаса, мана шундай ҳолатлар “пана-пастқамларда” юзлаб, минглаб такрорланаверади.
Фикримизча, ЙПХ ходимларининг бодикамерасини махсус платформада онлайн кузатиб бориш имкониятини яратиш – таниш-билишчиликларнинг илдизига болта урган бўларди.
Ҳозирча эса ҳар икки ҳолат бўйича барча айбдорлар аниқланиб, қонуний жазога тортилмас экан, масъуллар айбдорларнинг ёнини оляпти, деган фикрда қолаверамиз.
Аббос Салайдинов
Мавзуга оид
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
12:01 / 23.07.2024