Спорт | 19:16 / 10.08.2021
48532
10 дақиқада ўқилади

Месси Парижда. Йил трансфери тафсилотлари

Жаҳон футболининг асосий юлдузи Лионель Месси Франциянинг «Пари Сен-Жермен» клубига ўтди. «Олтин тўп»нинг олти карра соҳиби, бутун фаолиятини «Барселона»да ўтказган футболчи Ла Лига чеклови туфайли янги шартнома туза олмагач, каталонлар клубидан кетишга мажбур бўлди.

Фото: Reuters

5 август куни «Барселона» Месси билан шартномани янгилай олмагани ва у энди клубдан кетишини эълон қилди. 8 август куни футболчи клуб билан расман хайрлашди.

Ушбу юлдуз футболчига аввалбошдан икки асосий даъвогар бор эди: фақат икки клуб - Мессининг яқин дўстлари тўп сурадиган ва молиявий томондан бақувват бўлган «ПСЖ» ҳамда араб шайхларининг яна бир клуби, Мессининг ёшликдаги устози Хосеп Гвардиола ишлаётган «Манчестер Сити». Аммо «шаҳарликлар» Месси «Барселона»дан кетиши эълон қилиниши арафасида англиялик яримҳимоячи Жек Грилишни 100 миллион фунтга сотиб олди ва пойгадан чиқди. Париж эса яна бир катта футболчини эркин агент сифатида сафига қўшиб оладиган бўлди.

Мессини Парижда 9 август куни кутишган, трансфер шу куниёқ эълон қилиниши ҳақидаги хабарлардан кейин парижлик мухлисларнинг бир қисми аэропортни, бошқа қисми клуб стадионини штурм қилишганди. Кўп ўтмай Месси ҳали Барселонадаги уйида, қадрдон дўсти Суарес ва унинг оиласи билан дам олаётгани маълум бўлди ва мухлислар тарқалишди.

Кейин эса франциялик фанатларни янада асабийлаштирадиган маълумот пайдо бўлди - Telefoot ҳамон Месси билан келишувга эришилмагани, шу туфайли у Парижга учмагани ҳақида хабар тарқатди. У қадар ишончли бўлмаган La Porteria манбаси эса «Барселона» Мессига янги таклиф билан чиққани, у ҳамон қолиши мумкинлиги ҳақида ишончсиз ва шов-шувли хабар тарқатди.

Бундай хабарлар «ПСЖ» хўжайини Тамим ибн Ҳамаднинг укаси Халифа ибн Ҳамад томонидан рад этилиб, Месси билан келишув 100 фоизга ҳал бўлгани, у яқин соатлар ичида Парижга учиб келишини айтди.

Бугун эса L'Equipe нашри аргентиналик футболчи икки йиллик шартномага имзо чекиши, келишув кейинроқ яна узайтирилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди. Леонинг йиллик маоши миқдори 35 миллион еврони ташкил этади.

Бу маълумот таниқли спорт инсайдерлари томонидан тасдиқланди.

«Барчаси тўғри. Лионель Месси «ПСЖ» футболчиси бўлади. Барчаси сўнгги лаҳзаларда ҳал қилинди», деган испан футболига ихтисослашган спорт колумнисти Гильем Балаге.

Сешанба куни кундузи у рафиқаси ва фарзандлари билан Каталония пойтахти аэропортига келди. Месси айни вақтда Барселонадан Парижга етиб келган. Парижда форвард тиббий кўрикдан ўтади ва шундан кейин томонлар шартнома имзолайди.

«У «Барселона» учун ўйнашда давом этмоқчи эди, аммо якунда «ПСЖ»га ўтадиган бўлди. Агар бу жамоа унга ёқса, яна бир йил қолиши мумкин. Унинг мақсади «ПСЖ» билан ЕЧЛда ва Аргентина билан Қатардаги жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш», дея қўшимча қилган Балаге.

Айни вақтда 34 ёшда бўлган Месси «Барса» билан жами 36 соврин қўлга киритган ва жамоа либосида 778 ўйин ўтказиб, 672 гол урган.

Ўтган йил ёзида ҳам Месси «Барселона»дан кетишни истаган, аммо клубнинг ўша вақтдаги президенти Жозеп Бартомеу истеъфога чиқарилиши шарти билан қолишга рози бўлганди. Шу йил 1 июль куни унинг клуб билан шартномаси муддати якунланди ва у эркин агентга айланди. Шундан кейин ҳам у билан янги шартнома тузилишига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди, аммо бундай бўлиб чиқмади.

Шанба куни Месси кўзда ёш билан клубни тарк этди.

Бугун у Парижда.

Париж клуби Мессининг самолёти Франция пойтахтига қўниши биланоқ унинг трансферини анонс қилди. Клуб матбуоти тарқатган роликдан буни деталлардан осон пайқаш мумкин эди: Аргентина термаси эмблемаси ва Эйфел минораси ёнида териб қўйилган олти «Олтин тўп», ҳужжатлар имзоланиши ва кийим алмаштириш хонасида Неймарнинг «ўнинчи» ва Мбаппенинг «еттинчи» рақамли футболкалари орасида яна бир футболка.

Қарзлар йўл қўймади

Мессининг ўзи маоши икки баробар қисқаришига рози бўлгани ва «Барса»да қолиш учун қўлидан келган барча ишни қилгани ҳақида гапирди, аммо Ла Лиганинг қатъий қоидалари ва «Барселона»нинг 1 миллиард евродан ошадиган қарзи туфайли шартнома тузишнинг имкони бўлмади.

Шу туфайли маош икки баробар қисқарган тақдирда ҳам «Барса»да Месси билан шартномани янгилаш имкони бўлмади. УЕФАнинг молиявий фэйр-плей қоидасига кўра (футбол клублари ўзи ишлаб топган пулдан кўпроқ харажат қилмаслиги учун тузилган қоида) клублар ўз пул айланмасининг 70 фоизидан ортиқ қисмини маошларга ажратишига тўғри келса, янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди.

Месси билан шартнома тузилса, бу миқдор 100 фоиздан ошган бўларди, ҳатто уни ҳисобга олмаган тақдирда ҳам ҳозирда «Барса»да бу кўрсаткич 95 фоизга тенг бўлиб турибди ва бундай вазиятда шартномани узайтиришнинг имкони йўқ эди.

«Мен Барселонага жуда ёш вақтимда келгандим. Ўшанда 13 ёш эдим. Бугун эса 21 йил ўтиб рафиқам ва уч фарзандим билан кетишга мажбурман. Клубдаги ҳаммага раҳмат айтишим керак, бу ерда тасаввур ҳам қилиш қийин бўлган ажойиб кунларни бошдан ўтказдим. Умид қиламан, нима қилиб бўлса ҳам, «Барселона»га қайтиб, клуб дунёда энг яхши бўлиб қолишига ҳиссамни қўша оламан», деди футболчи хайрлашув маросимида кўз ёшларини тия олмасдан.

Месси Барселонага болалигида, 13 ёшида келган. Клуб асосий таркибида 2004 йилдан, 17 ёшидан ўйнай бошлаган. Дастлаб 30-рақамли футболкада тўп сурган футболчи, кўп ўтмай 10-рақамни ўзиники қилган (Месси «ПСЖ»да ҳам 30-рақамда ўйнамоқчи, Неймар унга 10-рақамини топширмоқчи эди, аммо аргентиналик «ўнлик»ни бразил футболчида қолдирди).

Келажакни хавф остига қўйиб бўлмасди

«Барса» президенти Жоан Лапорта ҳатто Лионель Мессидек футболчи учун ҳам клуб келажагини хавф остига қўйиб бўлмаслигини айтиб ўтди.

Расман Мессининг йиллик маоши миқдори 70 миллион евро эди, аммо испан клуби молиявий аудиторлари у реклама даромадлари ҳисобига бундан икки баробар кўпроқ ишлаб топганини ҳисоблашган.

Месси ўтган йилдаёқ, клубнинг Чемпионлар лигасидаги натижаларидан норози бўлиб кетмоқчи бўлганди. «ПСЖ» - унинг молиявий талабларини бажара оладиган ягона клуб, уни «Барселона»даги собиқ жамоадоши Неймар анча вақтдан буён ўз олдига чорлаб келарди.

Аммо ўшанда Месси қолган, оила аъзолари Каталонияда яшашда давом этиш истагини билдирган, қолаверса, янги раҳбарият ЕЧЛда ғолиб чиқишга қодир янги лойиҳани ваъда қилганди.

«ПСЖ» молиявий фэйр-плейни бузмаган ҳолда қандай қилиб трансферни расмийлаштиради?

«Пари Сен-Жермен» учун бу трансфер - фойдали келишув. Улар бир йил олдин Месси учун 500 млн евро инвестиция қилиб, кўп муддатли мажбурият олишга тайёр эди, ҳозир эса футболчи эркин агент сифатида анча арзонга тушадиган бўлди.

Шу билан бирга, Испаниядаги Marca нашрининг ёзишича, Европа комиссияси трансферни тўхтатиш учун шикоят йўллаган. Нашр танишиб чиққан ҳужжатда қайд этилишича, бундай шикоятга «ПСЖ»даги молиявий ҳолат ва клуб томонидан молиявий фэйр-плей бузилиши эҳтимоли асос бўлган.

«2019/2020 йилги мавсумда «ПСЖ» даромадларининг 99 фоизи футболчиларга маош тўлаш учун сарфланган», дейди ҳужжат муаллифлари.

Бу шикоят Месси ва «ПСЖ» шартномасига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум.

Қайд этиш керакки, Мессининг Париждаги маоши миқдори Барселонадагидан камроқ бўлади. 

The Athletic маълумотига кўра, Леога 25 млн евро миқдорида маош тайинлаб, яна шунча миқдорда бонус белгилашади. L’Equipe эса йилига 40 млн евро ҳақида, инсайдер Фабрицио Романо — 35 млн евро (солиқлар чиқариб ташланганда) ва бонуслар ҳақида ёзган.

Қолаверса, бу йил «ПСЖ» ниҳоят Неймар трансфери учун қарзни узади: клуб ҳар йили 44,4 млн евродан тўлаб келаётганди. Бу Мбаппега ҳам тааллуқли — унинг учун 35 млн евродан тўлаб келишган. Ҳа, бу харажатлар янги мавсум ҳисоботида ҳам акс этади, аммо кейинги йилдан бундай харажатлар бўлмайди ва бу маошлар ведомостини сезиларли даражада енгиллаштиради. ОАВ маълумотига кўра, «ПСЖ» барчаси молиявий фейр-плейга тўғри келиши учун, футболчилар трансферидан 180 млн евро ишлаб топишни мўлжаллаган (Мбаппени сотмасдан).

Ва ниҳоят, клуб Мессининг трансферидан тижорий жиҳатдан катта фойда кўради — камида унинг футболкалари сотувидан.

Клуб яқин орада янги харидини расман эълон қилади ва Эйфел минорасида унинг тақдимотини ўтказади.

Мавзуга оид