Спорт | 16:20
6108
12 дақиқада ўқилади

«Арсенал» ва «ПСЖ» яна финалга чиқмоқчи. ЕЧЛ яримфиналидаги интригалар

Фото: Shaun Botterill/Getty Images

Сешанба оқшомида Лондонда «Арсенал» ва «ПСЖ» ўртасида  асосий еврокубокнинг илк яримфинал ўйини ўтказилади. Қуйида ўйин қандай кечиши, кимда қандай устунлик ва камчиликлар борлиги, кимлар диққат марказида бўлиши ҳақида фикр юритилади.

«ПСЖ» «Арсенал»га қарши куздаги ўйиндан буён анча яхшиланган

«ПСЖ» «Арсенал» билан навбатдаги тўқнашувга сўнгги тўрт учрашувида атиги бир ғалаба билан етиб келди: ЕЧЛ чоракфиналида «Астон Вилла»га қарши ўйинда 2:3 (бу ҳисоб кейинги босқичга ўтиш учун етарли бўлди), ички чемпионатда чемпионлик масаласи ҳал бўлганидан кейин «Гавр» билан 2:1, «Нант» билан 1:1 ва «Ницца»дан 1:3 ҳисобидаги мағлубият. «Ницца»га 31-турда учралган мағлубият – «ПСЖ» учун чемпионатдаги биринчиси бўлди ва мавсумни мағлубиятсиз якунлаш орзуси амалга ошмади. Бу аламли мағлубият, аммо натижа алдамчи, «ПСЖ» ўша ўйинда жуда кўп вазият яратган, рақиб дарвозабони Марцин Булка 12 та сэйв амалга оширишга мажбур бўлганди – бу мавсумда парижликларга қарши ўйинларда фақат Алиссон бундан кўпроқ сейв ижро этганди.

Катта эҳтимол билан, сўнгги ойларни ўта кучли ўтказган «ПСЖ»да чиндан ҳам пасайиш юзага келди, аммо сўнгги ўйинлар жиддий хулосалар чиқариш учун етарлича жиддий эмасди. «Арсенал»га қарши илк яримфинал кўп нарсага ойдинлик киритади: «ПСЖ» ўйинида чиндан ҳам пасайиш борми ёки бу ҳал қилувчи сакраш олдидан нафас ростлашми?

2025 йилда «ПСЖ» ўзини дунёнинг энг яхши жамоаси мақомига яққол даъвогар сифатида намойиш этди. Усмон Дембеле доимий ҳаракатдаги тўққизлик сифатида порлади. Ҳужум қанотларида эса Хвича Кварацхелия, Дезире Дуэ ва Брэдли Барколя асосий таркибдаги икки жой учун рақобатлашмоқда. Витиня, Жоау Невеш ва Фабиан Руис каби технар футболчиларнинг барқарорлиги билан майдон маркази яхлит кўриниш олган. Ашраф Ҳакими ва Нуну Мендеш – энг кучли қанот ҳимоячилари жуфтликларидан бири, Мендеш мудофаада балансни таъминлаш учун тез-тез учинчи марказий ҳимоячи бўлиб орқада қолса ҳам, керакли пайтда ҳужумларга қўшилади. Вилян Пачо исталган зарбани блоклайди, мудофаадаги сифатлари бўйича у тажрибали Маркиносдан қолишмайди. Жанлуиджи Доннарумма эса айнан ЕЧЛ плей-оффида кучли ўйин кўрсатмоқда. 

Луис Энрике тўп назорати ва футболчилар бир-бирининг ўрнини тўлдириб ҳаракатланишига катта эътибор қаратади. Дембеле қанотга ёки рақиб жарима майдони томон югуради, қанот ҳужумчилари ўрин алмашади, Руис марказий ҳужумчи позициясига чиқади, Мендеш – гоҳ учинчи марказий ҳимоячи, гоҳ чап қанот ҳужумчиси, гоҳ яримқанот ҳужумчисига айланади, Витиня ва Невеш исталган жойда пайдо бўлади. Тўпсиз ҳолатида «ПСЖ» биринчи навбатда тўп йўқотилишидан олдинги тиғиз жойлашуви ҳамда интенсив жамоавий ҳаракати туфайли ажойиб контрпрессинги билан ажралиб туради.

Албатта, бу жамоа идеал эмас ва «Вилла»га қарши жавоб учрашуви айрим муаммоларни фош қилганди. 

Биринчидан, таркибни ёшартираётган «ПСЖ»га тажриба етишмаётгани яққол кўриниб қолмоқда. Ҳали ЕЧЛ яримфинали даражасида синовдан ўтмаган жуда кўп ёш истеъдодлар жамланган. Тажриба йўқлиги – «ПСЖ» «Вилла» билан иккинчи ўйин давомида умумий 5:1 ҳисобидаги устунликни қўлдан бой беришига бир бахя қолгани сабабларидан бири эди.

Иккинчидан, рақиблар марказий яримҳимоячиларга қарши 4 га 3 вазиятини ҳосил қилиб, «ПСЖ» марказий ўқига катта юклама тушириши мумкин бўлади. 

Учинчидан, Витиня – нима бўлганда ҳам асл олтилик эмас, позицион ҳимояланишда доимо унга рақиб ҳужумини бузишга куч ва қатъий позицияни эгаллаб туриш қобилияти етишмайди, баъзида у қанот томон ортиқча қадам ташлаб юборади ва бу ҳимоячилар олдидаги ҳудудни очиб қўяди.

«ПСЖ»нинг энг муҳим футболчиси – Дембеле. Бу ўринда «Арсенал»га қарши умумий гуруҳ босқичидаги ўйинни (0:2) эслаш мумкин, ўшанда Энрике интизомсизлиги туфайли Усмонни жамоадан четлатганди. «ПСЖ» ўша ўйинда ҳимоядан чиқишда муаммоларга дуч келган ва ҳужумкорлик салоҳияти чекланганди. Тўғри, ўшанда «ПСЖ» ҳали 2025 йилдаги каби ўз ўйинини топиб олмаганди, аммо Дембеле омилини ҳисобга олиш муҳим. Шу билан бирга, Энрике «ПСЖ» – бир юлдуз атрофида қурилган жамоа эмаслиги ҳақидаги тезисни қўллаб-қувватлаш учун кўп иш қилди.

«Арсенал» фақат ЕЧЛ ҳақида ўйламоқда, аммо Артетада яна бир жумбоқ бор

«Арсенал»нинг бутун эътибори Чемпионлар лигасига қаратилган. Лондонликлар «Реал»га қарши ўйинлардан олдин ва кейин АПЛ доирасидаги ўйинларда аралаш таркибларда ҳаракат қилиб, тўрт ўйиндан учтасида дуранг ўйнади, хусусан, охирги уикендда «Кристал Пэлас»ни ҳам енга олмади ва амалда АПЛ чемпионлиги учун назарий жиҳатдан ҳам имкониятни йўқотди. Шу билан бирга, «Париж»га қарши ўйиндан олдин жамоада бир ҳафта дам олиш имконияти бўлди.

Бу ўринда икки интригани кўриш мумкин. Биринчиси: ўйинни назорат қилиш жиҳатидан етукроқ кўринишда бўлган «ПСЖ»га қарши ўйинни қандай қуриш керак. Бошқа жиҳатлар тенг шароитда айнан «Арсенал» кўпроқ мослашишига тўғри келади. 

Иккинчиси: буни барча жароҳатлар ва йўқотишлар билан қандай амалга ошириш мумкинлигида. Форвардлар йўқлиги – энди янгилик эмас, Артета Кай Ҳавертц тикланиш графигидан ўзиб кетганини айтиб, интрига қилган бўлса-да, уни майдонда кутиш керак эмас. Навбатдаги оғриқли нуқта – таянч зонасида юзага келди. Томас Парти Мадриддаги жавоб баҳсида кераксиз сариқ карточка олди ва парижликларга қарши биринчи ўйинни ўтказиб юборадиган бўлди, Жоржинио эса жароҳат олган. Катта эҳтимол билан, Деклан Райсни орқага қайтаришга тўғри келади. Воқеалар занжирида Райснинг ўрнини Микел Мерино эгаллаши керак, бу эса бизни ҳужумчи позицияси масаласига олиб ўтади. «Реал»га қарши ўйинларда эса унинг ҳужумдаги ўрни муҳим аҳамият касб этганди.

«Арсенал»нинг яримфиналдаги муҳим футболчиси – Букайо Сака. Унга қарши, персонал ўйнаганда рақибни зарарсизлантириш бўйича чап қанот ҳимоясида дунёнинг энг яхшиларидан бири бўлиб турган – Нуну Мендеш ҳаракат қилади. Агар португалиялик футболчи «Ливерпул»га қарши ўйинларда Салоҳни зарарсизлантиргани каби Букайога ҳам ўйин бермаса, «Арсенал»га жуда қийин бўлади 

Букайо Райс билан бирга – бурчак зарбаларини энг яхши ижро этувчи футболчи саналади. «ПСЖ» билан ўйинда ўта муҳим инструмент. Стандартлар – катта эҳтимол билан Энрике жамоасининг асосий бўш нуқтаси.

Ўзаро ўйинлар тарихи: «ПСЖ» инглиз жамоаларига қарши муваффақиятли. Аммо «Арсенал» истисно

«Арсенал» ва «ПСЖ» бунгача турли уч мавсумда жами беш бор ўзаро ўйнаган. Бу биринчи марта 1994 йилнинг март-апрел ойларида кузатилган, ўшанда Кубок эгалари кубоги яримфиналида қуръа лондонликларни парижликлар билан рўбару қилган. Биринчи ўйин Францияда ўтказилган ва 1:1 ҳисобида дуранг ҳисоб билан тугаган. Иан Райт биринчи бўлимда инглизларни ҳисобда олдинга олиб чиққанди, аммо иккинчи бўлимда Давид Жинола жавоб голини урган. Англияда эса «канонирлар» 1:0 ҳисобидаги ғалабага эришган – Кевин Кэмпбеллнинг 7-дақиқадаёқ урган голи қарама-қаршилик тақдирини ҳал этган. «Арсенал» финалда «Парма»ни ҳам мағлуб этиб (1:0), совринни ўзиники қилганди.

Кейин «Арсенал» ва «ПСЖ» 2016/2017 йиллар мавсумида Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида бир квартетдан ўрин олади. Венгер бошқаруви якунланаётган даврдаги ўша мавсумда «тўпчилар» гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунлайди, парижликлар – иккинчи бўлади, икки жамоа ҳам плей-офф масаласини ижобий ҳал этади. Парижда ўтган биринчи тур учрашувида дуранг қайд этилган – 1:1. Биринчи дақиқадаёқ Эдинсон Кавани ҳисобни очган, аммо 78-дақиқада Алексис Санчес «Арсенал»ни мағлубиятдан қутқариб қолган. 5-тур доирасида Лондонда кечган ўйин ҳам дуранг ҳисобда якунланган – 2:2. Яна Кавани ҳисобни очган, кейин мезбонлар Оливе Жирунинг пеналтидан урган голи ва Марко Верратти ўз дарвозасини ишғол этиб қўйиши орқали камбэк қилишган, аммо 77-дақиқада Алекс Ивоби ҳам ўз жамоаси дарвозасига гол уриб қўйган.

Фото: DANIEL HAMBURY/EPA/ТАСС

Ниҳоят, ЕЧЛнинг жорий мавсумида «Арсенал» ва «ПСЖ» умумий гуруҳ босқичи доирасида Лондонда учрашишган. Куздаги ўйин Луис Энрике учун ёқимсиз хотира бўлиб қолган. Кай Ҳаверц ва Букайо Сака 35-дақиқагача ҳисобни қулай кўринишга келтиришган ва парижликлар янги форматдаги Чемпионлар лигасидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олган – 2:0. Шу тариқа, ҳозирча, ўзаро ўйинлар тарихида «Арсенал»да икки ғалаба ва уч дуранг бор. «ПСЖ» эса бирор марта ғалаба қозона олмаган.

Микел Артета ва Луис Энрике мураббий сифатида бошқа жойда рақобатлашмаган. Умуман, Артета (у ўз вақтида бир мавсум парижликлар клубида ҳам ўйнаган) «ПСЖ»га қарши мураббий ролида фақат бир ўйин ўтказган. Луис Энрике эса «Барселона» устози эканида жамоасини «Арсенал»га қарши икки ўйинга тайёрлаган. ЕЧЛнинг 2015/2016 йиллар мавсуми 1/8 финалида каталонияликлар унинг бошқарувида Лондонда ҳам (2:0), «Камп Ноу»да ҳам ғалаба қозонганди (3:1).

«ПСЖ» бу мавсумда инглиз жамоаларига қарши қайд этаётган муваффақиятли сериясини давом эттира олиши ёки йўқлигида ҳам яна бир интрига бор. 2-турда «Арсенал»дан учралган мағлубиятдан кейин Луис Энрике жамоаси умумий гуруҳ босқичининг муҳим ўйинида «Манчестер Сити»дан устун келган (4:2), кейин эса плей-оффда «Ливерпул» ва «Астон Вилла»ни йўлдан олганди. «Канонирлар» ҳам француз жамоаларига қарши муваффақиятли серия қайд этиб, гуруҳ босқичида парижликлардан ташқари «Монако»ни ҳам таслим этган (3:0). Плей-оффда эса рақиблар Нидерландия ва Испаниядан бўлганди – 1/8 финалда ПСВ (7:1, 2:2) ва чоракфиналда «Реал» (3:0, 2:1) тўсиғидан ўтилганди.

Бу ўйинда алоҳида футболчилар дуэлларига тааллуқли локал интригалар кўп, аммо асосий масала – ким ўз тарихида иккинчи бор Чемпионлар лигаси финалига чиқиши билан боғлиқ. «Арсенал» 2006 йилда ўз имкониятидан фойдалана олмай, Парижда «Барселона»га ютқазганди (1:2). «ПСЖ» эса 2020 йилда Лиссабонда кечган финал учрашувида «Бавария»га мағлуб бўлганди (0:1).

Мавзуга оид