Ўзбекистон | 13:59 / 13.08.2021
13274
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг сейсмологик атласи тайёрланди

Ўзбекистон Фанлар академияси Ғ.О.Мавлонов номидаги Сейсмология институти олимлари томонидан «Ўзбекистон Сейсмологик атласи» лойиҳаланди ва тузилди.

Фанлар академияси хабарига кўра, Ўзбекистон ҳудудида кузатилган зилзилаларни картографик жиҳатдан тасвирлаш, зилзила жараёнларини ҳозирги тенденцияси, ижтимоий-иқтисодий ва экологик оқибатларини баҳолаш, шунингдек мамлакатнинг сейсмик хавфи юқори бўлган минтақаларида юзага келиши мумкин бўлган зилзилаларга қарши кўриладиган чора-тадбирларни режалаш мақсад қилинган.

«Ўзбекистон Сейсмологик атласи» 7 бобдан иборат бўлиб, ўз ичига 70дан зиёд хариталарни мужассамлаштирган. Атласда зилзила жараёнларига оид хариталардан ташқари геологик, тектоник ва бошқа мавзулардаги хариталар ҳам ўрин олган.

«Ўзбекистон Сейсмологик атласи» Сейсмология институтида турли йилларда фаолият кўрсатган ва ҳозирда ўз фаолиятларини олиб бораётган олимларнинг кўп йиллик илмий изланишлари натижалари асосида тайёрланди. 

Билдирилишича, мазкур атласдан нафақат геология, сейсмология йўналиши мутахассислари, умуман Ер ҳақидаги фанлар билан боғлиқ йўналишларда таҳсил олаётган магистрантлар, илмий изланувчилар, профессор ўқитувчилар ва қизиқувчилар фойдаланишлари мумкин.

Мавзуга оид