Жаҳон | 14:01 / 15.08.2021
63919
5 дақиқада ўқилади

Кобул қамал қилинди. Имкони борлар мамлакатни тарк этишга шошилмоқда

«Толибон» ҳаракати жангарилари Кобулни қуршаб олиб, ҳужумга ўтди. Мамлакат пойтахти ҳукумат кучлари назоратида қолаётган энг сўнгги йирик аҳоли пункти ҳисобланади.

Толиблар Лағмонда, 15 август. AFP / Scanpix / LETA

«Толибон» ҳаракати жангарилари Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрини олиш учун юриш бошлади. Associated Press агентлиги шахси сир қолишини сўраб маълумот берган бир неча афғон расмийларига таяниб хабар қилишича, толиблар шаҳар атрофидаги Калакан, Қорабоғ ва Пағмон туманларида пайдо бўлишган, ҳозирча жиддий тўқнашувлар рўй бермагани айтилган.

Sky News телеканали Афғонистон ИИВга асосланиб хабар тарқатишича, толиблар пойтахтни барча томондан қуршаб олиб, ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, жангариларга ташкилот раҳбарияти томонидан тинч аҳолига зўравонлик қилмаслик ва мамлакатни тарк этишни истаганларга тўсқинлик қилмаслик бўйича буйруқ берилган.

«Толибон» раҳбарияти жангчиларига Кобул ичкарисига кирмаслик ҳақида фармон бергани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган. 1TV телеканали маълумотига кўра, айни пайтда ҳукумат ва толиблар ўртасида шаҳарни тинч йўл билан топшириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Толиблар шаҳар хавфсизлиги учун жавобгарликни ҳукумат зиммасига юклаган ва ҳозирда тинчлик бўйича музокаралар давом этаётганини билдирган. Улар афғонларни мамлакатни тарк этмасликка чақириб, жамиятнинг барча қатламларига мансуб одамларга янги ҳукуматда жой топилишига ваъда беришмоқда.

Афғонистон президенти маъмуриятининг твиттерида эса аҳолини тинчликка чақиришга қаратилган хабар пайдо бўлган.

«Кобулнинг айрим нуқталарида отишмалар бўлиб турибди, лекин Кобулга ҳужум бўлгани йўқ, хавфсизлик кучлари ва мудофаа кучлари шаҳар хавфсизлигини таъминлаш учун халқаро ҳамкорлар билан бирга ишламоқда. Вазият назорат остида», дейилган президент вакили.

Al-Arabia телеканали эса Кобул шимоли ва жанубида ҳукумат ва толиблар ўртасида тўқнашувлар бошланиб кетгани ҳақида хабар берди. Шаҳар кўчаларида оқ байроқ кўтарган гуруҳлар пайдо бўлган.

Толиблар Жалолобод бош майдонида ўз байроғини кўтарди, 2021 йил 15 август. Reuters / Scanpix / LETA

15 август тонгида толиблар Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилояти маркази, Кобулга яқин жойлашган Жалолобод шаҳри тўлиқ эгаллангани ҳақида эълон қилганди. Reuters агентлиги маълумотига кўра, маҳаллий ҳукумат тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишидан сақланиш учун толибларга қаршилик кўрсатмасдан шаҳарни топширган.

Шунингдек, сўнгги соатларда Дайкунди вилояти маркази Нилий ва Вардак вилояти маркази Майдоншаҳр ҳам толиблар қўлига ўтган - шу тариқа, ҳаракат бир кун давомида яна тўққиз вилоят марказини эгаллашди. Бир неча кун олдин мамлакатнинг иккинчи ва учинчи йирик шаҳарлари Қандаҳор ва Ҳирот, 15 августга ўтар кечаси Балх вилояти маркази, мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри Мозори Шариф таслим бўлиб, Афғонистоннинг шимолий ҳудудлари тўлиқ толибларга ўтганди.

Толиблар босиб олинган Ҳиротда, 14 август. Hamed Sarfarazi / AP Photo / Scanpix / LETA
Қандаҳор толиблар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги қарама-қаршилик вақтида, 12 август
Sidiqullah Khan / AP / Scanpix / LETA

Жалолобод ҳам бой берилгач, толиблар қўлига ўтмаган сўнгги йирик шаҳар сифатида биргина пойтахт Кобул қолганди. Associated Press агентлигининг хабар беришича, Афғонистон ҳукумати қўлида эндиликда 34 вилоятдан фақат 6тасидаги марказлар сақланиб қолмоқда.

Айни вақтда мамлакатнинг барча чегара пунктларини назорат қилмоқда, мамлакатни фақат Кобулдаги аэропорт орқали тарк этиш мумкин.

Кобулга ҳужум ҳақидаги хабарлар фонида нақд пул олиш ёки виза учун ҳужжатлар тўғрилаш истагидаги одамлар узун навбатларни ҳосил қилишган. Аҳоли асосан Дубай, Истанбул ва Ғарб давлатлари томон учмоқда, авиачипталар нархи бир неча баробар қимматлаб кетган.

Афғонистонликлар хорижга чиқиш визаси учун ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнида, 14 август.
Paula Bronstein / Getty Images

Амалда Кобул тўлиқ қамал ҳолатида, шаҳарга олиб келувчи барча транспорт магистраллари толиблар томонидан тўсиб қўйилган. 11 август куни Америка разведкаси «Толибон» яқин бир ой ичида пойтахтни ҳам тўлиқ эгаллаши мумкинлигини маълум қилганди.

Шимолий ҳудудлардан келган қочқинлар Кобулдаги парклардан бирига ўрнатилган палаткали лагерга жойлаштирилган. 14 август
Hedayatullan Amid / EPA / Scanpix / LETA
Кобулга олиб борувчи йўлда полиция текшируви, 14 август. Wakil Kohsar / AFP / Scanpix / LETA
Америка вертолёти Кобулдаги АҚШ элчихонаси яқинига дипломатлар эвакуацияси учун қўнмоқда, 15 август.
Rahmat Gul / AP / Scanpix / LETA

АҚШ ҳукумати ўз дипломатларини Кобулдан эвакуация қилишга киришган, бу жараён хавфсизлигини таъминлаш учун - маҳаллий аэропорт ва элчихона ҳимоясига қўшимча ҳарбийлар юборилган.

«Толибон» мамлакатда 20 йил давомида бўлиб турган Ғарб кучлари тўлиқ олиб кетилиши бошлангач, бутун Афғонистон бўйлаб ҳужумларга ўтганди ва маҳаллий ҳукумат 3 ойдан ортиқроқ қаршилик қила олди.

Мавзуга оид