Ўзбекистон | 19:01 / 15.08.2021
68603
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Путин билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан Афғонистондаги вазият бўйича телефон орқали мулоқот қилди, унда дахлдор вазирлик ва идоралар ўртасида алоқаларни фаоллаштириш, доимий ўзаро контактда бўлиб туриш бўйича келишиб олинди.

15 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

«Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари Афғонистонда юзага келаётган вазият бўйича фикр алмашдилар.

Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида яқин алоқалар ва ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

15 август куни толиблар Афғонистоннинг барча ҳудудларини эгаллаб, пойтахт Кобулни қуршовга олди. Томонлар тинч аҳоли ўртасидаги қурбонларга йўл қўймаслик учун, ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказишга қарор қилишган.

Сўнгги маълумотларга кўра, президент Ашраф Ғани, унинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамидулла Муҳиб ҳамда президент администрацияси раҳбари Фазл Маҳмуд Фазли Тожикистонга йўл олган, бу ердан улар учинчи мамлакатга учиб кетишни режалаштирган.

15 августга ўтар кечаси Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф толиблар қўлига ўтгач, ушбу шаҳар мудофаасида қатнашган ҳарбийлар, Амударё бўйига келиб, Ҳайратон ва Термиз шаҳарларини боғловчи кўприк орқали Ўзбекистонга чекинмоқчи бўлди. Дастлабки 84 кишидан иборат бўлган гуруҳ Ўзбекистон ҳудудига қабул қилинган, кейинги гуруҳлар ортга қайтарилган.

Ташқи ишлар вазири расмий вакили Юсуф Кабулжановнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати Афғонистондан Ўзбекистонга ўтган қочқинлар масаласида амалдаги ҳукумат ва «Толибон» ҳаракати билан музокаралар ўтказмоқда.

Кабулжанов Афғонистондаги вазиятга қарамай Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонаси ва Мозори Шарифдаги консуллиги фаолиятини давом эттираётгани, ходимлар ҳали эвакуация қилинмаганини билдирган.

Мавзуга оид