Ўзбекистон | 15:03 / 17.08.2021
22940
3 дақиқада ўқилади

Афғонистон валютаси «қулади»

Афғонистон миллий валютаси курсининг пасайиши қаторасига тўртинчи кун давом этмоқда.

Фото: Bloomberg

Афғонистондаги зиддият миллий валюта - афғонийни рекорд даража паст кўрсаткичга тушириб юборди. 17 август, сешанба куни афғон валютаси 1,7 фоизга пасайиб, бир доллар учун 83,50 афғонийни ташкил этди. Ўтган ҳафта жума куни курс 1 доллар учун 80,75 афғонийни ташкил қилганди, деб хабар беради РБК.

Афғонистон Марказий банки раҳбари вазифасини бажарувчи Ажмал Аҳмадий 15 август, якшанба куни, «Толибон» жангарилари пойтахт Кобулни эгаллаб, президент саройига киргани ҳамда Афғонистон устидан тўлиқ назорат ўрнатилганини эълон қилганидан кейин мамлакатни тарк этди. 

Худди шу куни президент Ашраф Ғани истеъфога чиқди ва ўтиш даври ҳукуматини тузмасдан мамлакатдан қочиб кетди. Шундан сўнг, собиқ ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорлари кўпчилиги ва кўплаб афғон сиёсатчилари ҳам мамлакатни тарк этишди. 

Толиблар АҚШ ҳарбий контингенти Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан кейин ҳужумга ўтди. Июль ойи бошида Пентагон ўз қўшинларининг 90 фоизи мамлакатдан олиб чиқилганини эълон қилди. 

Афғонистондаги тартибсизликлар таъсири Покистон бозорларига ҳам тарқалди. Покистоннинг 2031 йилда тўланадиган суверен доллар облигациялари душанба куни 1,8 центга арзонлашиб кетди, бу ҳукумат март ойида облигацияларни жойлаштирганидан буён энг катта пасайиш.
 
Bloomberg Barclays индексига кўра, душанба куни Покистон доллар облигациялари Осиёда энг кўп йўқотишни қайд этди. Инвесторлар ҳолат Покистондаги вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан, шунингдек, «глобал кучлар Покистонни яккалатиб қўйишга уриниши мумкинлигидан» хавотирга тушди, сабаби бу мамлакат «Толибон»ни қўллаб -қувватлаши тўғрисида турли гап-сўзлар тарқалди, деди Arqaam Capital эксперти Абдулқодир Ҳусайн Bloomberg агентлигига. 

Аввалроқ, Ўзбекистон ва Покистоннинг халқаро облигациялари инвесторлар Афғонистон инқирози оқибатларига тайёргарлик кўраётган пайтда босим остида қолгани маълум қилинганди.

Financial Times нашрига кўра, Ўзбекистоннинг 2030 йилда тўланадиган долларлик облигациялари эса қарийб чорак фоизга камайди. 

«Ташвишга солаётган бир нечта жиҳатлар бор. Улардан бири - қочқинлар инқирози», дея аниқлик киритди LGIM’нинг ривожланаётган давлатлар қарз мажбуриятлари бўлими раҳбари Удай Патнаик. 

Унинг сўзларига кўра, яқинда фонд Ўзбекистон ва Тожикистон томонидан чиқарилган облигацияларнинг ўзи эгалик қилувчи захираларини қисқартирди.

FT’нинг тушунтиришича, бозорда асосий эътибор Афғонистоннинг қўшниларига қаратилган, сабаби мамлакатнинг ўзи халқаро бозорда қарз мажбуриятларига эга эмас, ҳокимиятдан четлатилган ҳукумат эса маблағларининг катта қисмини Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби донорлардан олган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид