Ўзбекистон | 16:12 / 18.08.2021
46388
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги маҳаллий аэропорт вақтинча ёпилмоқда. Бу Кобулдан эвакуация жараёни билан боғлиқ

«Тошкент-3» аэропортининг маҳаллий терминали Кобулдан Тошкент орқали транзит қилувчи Германия, Европа иттифоқининг бошқа мамлакатлари ва Афғонистон фуқароларининг тўхтовсиз эвакуациясини таъминлаш учун ажратилган.

Фото: Транспорт вазирлиги

«Тошкент-3» аэропорти номаълум муддатга ёпилмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airways ахборот хизмати хабар берди.

«2021 йил 19 августдан бошлаб маҳаллий авиақатновлар амалга оширилувчи «Тошкент-3» аэропорти техник сабабларга кўра номаълум муддатга ёпилади.

Барча республика бўйлаб амалга оширилувчи авиапарвозлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан жадвалга мувофиқ бажарилади», дейилган хабарда.

Uzbekistan Airways келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраган. 

Транспорт вазирлигининг хабар беришича, аэропортнинг маҳаллий терминалини Кобулдан Тошкент орқали транзит қилувчи Германия, Европа иттифоқининг бошқа мамлакатлари ва Афғонистон фуқароларининг тўхтовсиз эвакуациясини таъминлаш учун ажратилган.

«Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ўртасида телефон орқали ўтказилган мулоқот чоғида Германия, Афғонистон ва ЕИ давлатлари фуқароларини Тошкент аэропорти орқали транзит эвакуация қилиш ишларини давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Белгиланган фуқароларни эвакуация қилиш тадбирларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон томонидан алоҳида терминал ажратилди. Шу муносабат билан маҳаллий ва халқаро рейсларнинг учиб кетиш ва учиб келиш жойи ҳамда парвозлар жадвалига вақтинчалик ўзгартиришлар киритилиши мумкин», дейилади хабарда.

Бу борада яна қўшимча маълумот берилиши айтилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳолат юзасидан изоҳ берди.

«Эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Германия Федератив Республикасига Афғонистондан Германия фуқароларини, шунингдек Германиянинг Афғонистондаги дипломатик миссиясига хизмат кўрсатувчи техник ходимлар – Афғонистон фуқароларини эвакуация қилиш жараёнида техник кўмак кўрсатади.

Эвакуация қилинганларнинг барчаси Германияга кетгунга қадар аэропорт транзит ҳудудида бўлишади», дейилади хабарда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқот қилган, унда Афғонистондан Германия фуқароларини эвакуация қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ҳам давом эттирилиши қайд этилганди.

Ўтган вақт ичида Германия ҳарбийлари Кобулдан икки рейс орқали 400дан ортиқ кишини олиб чиқишган.

Мавзуга оид