Жамият | 14:59 / 19.08.2021
177590
7 дақиқада ўқилади

Элбек Раҳимов ўлдирилиши: Катталар Қаршига келишди. Жиноятнинг янги тафсилотлари айтилди

17 август куни Қарши шаҳри марказида спорт мураббийи Элбек Раҳимов бир гуруҳ фуқаролар томонидан калтакланиб, Чироқчи туманига олиб кетилган. У ерда ҳам пичоқ, темир бўлаклари билан ургач, Раҳимовни Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасига ташлаб кетишади. Касалхонада кўрсатилган ёрдамга қарамай, Элбек Раҳимов вафот этади.

Спортчининг ваҳшийларча ўлдирилиши кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Қаршида ушбу мавзуда матбуот анжумани ўтказилди. Унда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Олий суд раиси Козим Комилов иштирок этди. Республиканинг уч йирик мулозими матбуот анжуманида қатнашгани Қарши шаҳри марказида содир этилган ушбу «ошкора қотиллик» қанчалик диққат марказида эканидан далолат берарди.

Дастлаб бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев сўзга чиқди ва жиноят қандай содир этилгани, унга оид янги маълумотлар билан ўртоқлашди.

«Қаршида содир этилган бу жиноят барчамизни ларзага солди. Марҳумнинг оила аъзоларига яна бир бор таъзия изҳор қиламан. Эслатиб ўтишим керакки, Ўзбекистон қонунчилигида қонун устуворлиги таъминланган. Уларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш муҳим омил ҳисобланади. Мамлакатга кириб келаётган инвестициялар ҳам Ўзбекистон тинч бўлгани сабаб.

Ниғматилла Йўлдошев

Қаршилик Элбек Раҳимовнинг ўлдирилгани жуда ачинарли ҳолат. Ушу спорти билан шуғулланган Раҳимов 2011 йилдан буён Боймирзаев билан адоватда бўлган. Раҳимов жорий йил июл ойида Боймирзаев билан жанжаллашган. Қасос олиш мақсадида Боймирзаев жиноий шериклари билан таниши Бабаеванинг хонадонидан чиққан Раҳимовни пичоқ ва темир билан калтаклашган. Кейин Тошли қишлоғига олиб бориб, яна калтаклаб, Чироқчи тиббиёт бирлашмасига ташлаб кетишган.

Бабаева орқали ҳодисадан хабар топган Элбек Раҳимовнинг укаси Акмал Раҳимов GPS орқали акасининг геолокациясини аниқлаган ва машинада Чироқчи туманига йўл олган. Йўлда акасини урганларни кўриб қолган Акмал Раҳимов ва шериклари улар билан жанжаллашган.

Элбек Раҳимов кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, 17 август куни соат 14:00 да вафот этган. Унинг ўлимига бош миянинг жароҳатлангани, бош суягининг синиши, кўкрак қафаси ва танасининг бошқа қисмларидаги жароҳатлар сабаб бўлган.

Шу куннинг ўзида жиноят иштирокчилари барчасининг шахси аниқланди. Ушланганлар ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинди. Воқеа жойидан темир бўлаклари ва пневматик тўппонча ўқи топилган. Гумонланувчиларнинг машинасидан эса тўппонча топилган. Тергов ишлари олиб борилмоқда, тергов устидан қатъий прокурорлик назорати ўрнатилган», деди бош прокурор Йўлдошев.

Маълум бўлишича, суриштирув давомида иккита пневматик тўппонча топилган. Яъни, марҳумда ҳам, жиноят содир этганларда ҳам пневматик тўппонча бўлган.

Кейинчалик ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов сўзга чиқди ва жиноят иши ҳақида, хусусан, уни амалга оширганлар ҳақида қўшимча маълумот берди.

Пўлат Бобожонов

Ички ишлар вазирининг айтишича, жиноятни содир қилганлар орасида 2005 ва 2004 йилда туғилган вояга етмаган фуқаролар ҳам бўлган.

«Жиноят содир этганларнинг аксари ёш болалар. Ҳозир замон ривожланди, техника ривожланди, содир этилган ҳеч бир жиноят очилмай қолмайди, ҳамма дарров хабар топади. Бундай ҳолатда тезкор расмий маълумот берилмаса, бошқача талқин қилиниши мумкин. Биз бу ерга жиноятлар жазосиз қолмаслигини одамларга етказиш учун келдик.

Ҳозир чекка қишлоқларда ҳам 102 га қўнғироқ қилиш орқали вилоят ИИБга хабар бериш мумкин. Бу борада вилоят ИИБда махсус гуруҳ ташкил этилган.

Бу ерда самосуд бўлган. Уларнинг кўпи спорт билан шуғулланади. Ҳозир давлат ёшларни спорт билан шуғулланишга ундамоқда, лекин баъзи ёшлар спорт билан шуғулланиб ҳам хато йўлга кириб қоляпти», деди Бобожонов.

Ички ишлар вазири воқеа жойидан топилган тўппонча кимга тегишли эканига ҳам ойдинлик киритди: «Воқеа жойидан топилган тўппонча марҳумга тегишли бўлган. Бу пневматик тўппонча бўлган. Бундай қуроллар очиқ сотилади. Қаршида ҳам, Тошкентда ҳам. Бу қурол билан жиноят қилиш ҳолати кўпаймоқда. Аммо бу тақиқланган қурол эмас, унинг сақланиши бўйича ҳисоб юритилмайди. Пневматик қуроллар назорати бўйича ҳам ишлаяпмиз. Уни 25 ёшдан кичикларга ҳам бермаслик керак, чунки улар қуролни ишлатиш мақсадини билмайди. Вазирлар Маҳкамасига пневматик қуролни ҳам рухсатнома билан бериш кераклиги ҳақида сўров киритганмиз».

Пўлат Бобожонов ушбу жиноят ташкилотчиси ким бўлганини айтди ва у қўлга олинганини маълум қилди: «Зуҳриддин Боймирзаев ушбу жиноят ташкилотчиси бўлган ва у 18 август куни соат 17:05 да Чироқчи туманида яширинган жойидан топилган. Йўлларда камера кўплиги уларни топишда ёрдам берган. Бу икки гуруҳ ўртасидаги жанжал мусобақадаги келишмовчиликдан бошланган. Бирининг укаси, яна бирининг шогирди баҳслашган. Бири ютган, бири ютқазган. Шундан келишмовчилик бошланган, лекин ҳеч кимга хабар берилмаган. Ички ишлар вакили бу борада суриштирув ўтказганда, ярашиб олганмиз, деб жавоб беришган», дейди ички ишлар вазири.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг маълум қилишича, ички ишлар ходимларига 102 орқали жиноят ҳақида хабар соат 9:49 да келиб тушган. Ходимлар воқеа юз берган жойга хабар тушгандан сўнг, 21 дақиқа ўтиб, соат 10:10 да етиб борган ва иш бошлаган. Шунингдек, тергов гуруҳи ҳам етиб борган.

Пўлат Бобожоновнинг айтишича, жиноят иштирокчиларининг деярли барчаси нотинч оила фарзандлари ҳисобланади. Хусусан, Боймирзаевнинг отаси ўз укасининг хотинини ўлдириб, қамоқда ўтиргани айтилди. Шунингдек, Боймирзаев қотиллик иштирокчиси бўлган бошқа бир йигит билан бир уйда яшаган.

Қаршида ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга савол билан мурожаат қилди.

– Майда безориликлар аксар ҳолларда ярашув орқали ҳал қилиняпти ва улар катта жиноятга олиб бормоқда. Балки майда безориликларга ҳам жиддий жазо қўллаш керакдир?

– Майда ҳуқуқбузарликлар кейинчалик катта жиноятга айланиб кетмоқда. Кимдир ичади, кейин мени туртиб кетдинг, дейди, шундан уруш бошланади. Ёки уйдаги майда жанжалдан катта жанжал келиб чиқяпти. Кимдир ичиб уруш қилади, пичоқ уради, кимдир ўлади. Шу тариқа икки оила бутун умр душманга айланиб қолади. Тўғри мавзуни кўтардингиз, биз ҳам майда жиноятларга жазони кучайтириш тарафдоримиз», деди ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов.

Козим Комилов

Матбуот анжуманида Олий суд раиси Козим Комилов ҳам қатнашди ва ўз фикрларини билдирди: «Бундай жиноятлар содир бўлаётгани одамни хафа қилади. Лекин бир нарсани унутмаслик керак – жиноят жазосиз қолмайди. Ҳозир 90-йиллар эмас, давлатнинг эгаси бор, суд бор, самосуд қилишга асос йўқ. Бу иш жиддий назоратга олинади. Очиқ суд бўлади, ОАВ вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин. Бу иш аҳамиятининг баланд эканини инобатга олсак, биринчи судданоқ Олий суднинг ўзи иш билан шуғулланиши мумкин», деди Комилов.

Мавзуга оид