Жаҳон | 08:54 / 19.08.2021
12149
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркия “Толибон” билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтди  

Фото: AP

Туркия афғон халқи учун тинчликни сақлаб қолиш мақсадида толиблар билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған айтди.

“Ҳокимиятда ким бўлишига қарамасдан, Афғонистонни яхши ва ёмон кунларида қўллаб-қувватлашимиз керак”, деб айтган Эрдўған.   

Туркия раҳбари толиблар етакчилари билан учрашишга тайёрлигини тасдиқлади.

“Биз, шунингдек, “Толибон” етакчиларининг босиқ баёнотларини қўллаб-қувватлаймиз. Биз афғон халқи учун тинчликни сақлаш, Афғонистонда яшовчи турк фуқароларининг хотиржамлигини таъминлаш ва давлатимиз манфаатларини ҳимоялаш учун толиблар билан ҳамкорликнинг ҳар қандай кўринишига тайёрмиз”, деб таъкидлаб ўтган Эрдўған.  

У Туркия ҳарбийларининг Афғонистонда бўлиши ушбу мамлакат “янги маъмурияти”нинг халқаро майдондаги позицияларини мустаҳкамлашини ва унинг ишини енгиллаштиришини айтган. 

Эрдўған Туркия Афғонистондан 552 фуқаросини эвакуация қилганини қўшимча қилган. Туркия етакчисининг таъкидлашича, у ҳафта охиригача Россия президенти Владимир Путин ва Германия канцлери Ангела Меркель билан Афғонистон бўйича музокаралар ўтказмоқчи. 

Июлда Эрдўған Туркия Кобул аэропортини назорат қилишни ўз зиммасига олиши мумкинлигини айтганди. Ўшанда у Афғонистон ва минтақада “янги давр бошланаётганини” таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид