Жаҳон | 18:26 / 19.08.2021
20441
1 дақиқада ўқилади

«Толибон» АҚШ устидан ғалаба қозонилганини эълон қилди

Толиблар баёнотига кўра, Афғонистон халқи «кетма-кет уч аср давомида уч империя» устидан ғалабага эришди.

Афғонистонда мустақиллик куни байрами нишонланаётган пайшанба куни «Толибон» ҳаракати АҚШ устидан ғалаба қозонилганини эълон қилди, деб хабар берди CNN телеканали.

«Аллоҳга ҳамд-санолар бўлсин, бугун биз Британия истилосидан мустақилликка эришганимизни нишонлаяпмиз (1919 йилдаги учинчи инглиз-афғон уруши якунлари бўйича – таҳр.), шу билан бирга, Худонинг марҳамати ва жиҳод қаршилиги билан бошқа бир қудратли ва такаббур кучни енгдик ва Афғонистоннинг покиза еридан чиқиб кетишга мажбур қилдик», — дейилади «Толибон» баёнотида.

Толиблар баёнотига кўра, Афғонистон халқи «кетма-кет уч аср давомида уч империя» устидан ғалабага эришди. CNN аниқлик киритишича, булар Буюк Британия, СССР ва АҚШдир.

15 август куни «Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади. Мамлакат президенти Ашраф Ғани ва бошқа қатор амалдорлар Афғонистонни тарк этди.

Мавзуга оид