Жаҳон | 19:36 / 21.08.2021
62445
5 дақиқада ўқилади

Озодлик учун хавфли йўл: Кобул аэропортида вазият қандай?

Афғонлар Кобул аэропортига киришга уринмоқда / Getty Images

15 август куни «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, минглаб афғонлар ва чет эл фуқаролари пойтахт Кобулни тарк этишга уринмоқда. Кобулда, Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропортда кутиш жараёни тобора тартибсиз ва хавфли тус олиб бормоқда.

«Толибон» мамлакатнинг қуруқлик чегараларини ёпгач, Кобул аэропорти мамлакатни тарк этмоқчи бўлганлар учун ягона йўлга айланди.

Аммо «Толибон» афғонларнинг мамлакатни тарк этишини истамаяпти.

Толиблар аэропорт йўлида қуйидаги харитада сариқ рангда кўрсатилган назорат пунктларини ўрнатди ва аэропортга кирмоқчи бўлганлар бир неча марта ўққа тутилди.

Якшанба кунидан бери аэропортга олиб борувчи йўлда 12 киши ҳалок бўлган.

Бу воқеалар шуни кўрсатадики, эндиликда аэропортга етиб боришнинг ўзи ҳам хавфли бўлиб қолган.

Аэропорт деворлари ичида 4 мингга яқин америкалик аскарлар тартиб сақлашга ҳаракат қилмоқда. Аэропорт ташқарисида эса оғир қуроллар билан қуролланган «Толибон» жангчиларининг патруллари қўрқув муҳитини яратмоқда.

Аэропорт ташқарисидаги баъзи «Толибон» жангариларининг қўлида ракета отиш мосламалари ҳам борлиги айтилмоқда

Хабарларга кўра, жангарилар визаси бор афғонларнинг ҳам аэропортга киришига тўсқинлик қилмоқда.

Аммо гувоҳларнинг айтишича, одамлар аэропортга яқинлашмай туриб – уйларидан ташқарига чиққанларида ҳам ҳужумга учрашмоқда.

Los Angeles Times газетаси ходими Маркус Ямнинг хабар беришича, «Толибон»нинг ўнлаб жангарилари ҳавога ўқ узган, айримларни эса нишонга олган, мамлакатдан қочмоқчи бўлганларни таёқ ва қамчи билан савалаган.

Маркус Ямнинг суратларида камида бир нафар аёл ва боланинг бошидан жароҳатланганини кўриш мумкин.

Яраланган аёл

Австралиянинг SBS жамоат телерадиокомпанияси томонидан тарқатилган фотосуратларда эса ҳужумга учраган афғон таржимони танасининг ўқдан яраланган қисмини кўрсатаётгани акс этган.

Сўнгги кунларда аэропортнинг шимолий томонида ҳам ичкарига кирмоқчи бўлган одамларнинг кўплиги туфайли тирбандлик ҳосил бўлди. Маълум қилинишича, чоршанба куни тиқилинч оқибатида 17 киши жароҳатланган.

Тиканли симларга қарамай, кўплаб одамлар хавфсизлик деворларига кўтарилган ва ўқ овозлари янграган.

Одамлар Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропортнинг чегара деворидан ошиб ўтишга уринмоқда

Аэропорт ташқарисида йиғилганлар ичида бир неча кундан бери овқат ва суви бўлмаган болали оилалар ҳам бор.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда оналар ўз болаларини қутқариш умидида чет эллик аскарларга бериб юборишаётганини кўриш мумкин.

Асосий йўллардаги транспорт ҳаракати

Одамларнинг аэропортга етиб боришга уринишлари сунъий йўлдошдан тасвирга туширилди.

Айни вақтда Кобулдан тижорий рейслар амалга оширилмаяпти. Афғонлар хорижий давлатларнинг эвакуация рейсларига илинишга умид қилишмоқда. 

Чорасиз афғонлар

Аэропортдаги тартибсизликлар душанба куни ҳам сунъий йўлдошлар томонидан тасвирга туширилганди.

Мамлакатни тарк этишни истаган кўплаб афғонистонликлар аэропортга киргач, учиш-қўниш йўлагидаги самолётларга чиқиш учун бир-бири билан «беллашди».

Баъзи одамлар учаётган самолётларга тирмашиб, қочиб қутулмоқчи бўлишди ва самолётдан йиқилиб ҳалок бўлишди.

Улардан бири 19 ёшли Зеки Анвери бўлиб чиқди, у футбол бўйича Афғонистон ёшлар терма жамоаси аъзоси эди. 

АҚШ элчихонаси: Кобул аэропортида вазият хавфли тус олмоқда 
Америка фуқароларидан бу ҳудудга махсус йўлланмаларсиз келмаслик сўралмоқда.

АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси ушбу мамлакатда қолаётган фуқароларни Кобул аэропортига сафар қилишдан тийилишга чақирган.

«Биз Америка ҳукумати расмийларидан махсус кўрсатмалар бўлмагунча, фуқароларини аэропортга боришдан, айниқса аэропортнинг кириш қисмига келишдан тийилишга чақирамиз», дейилади баёнотда.

Элчихона ходимларининг маълум қилишича, АҚШнинг Афғонистонда бўлиб турган барча фуқаролари ҳам репатриация (ватанга қайтариш) бўйича сўров йўлламаган, бу эса имкон қадар тезроқ қилиниши керак.

«Рейслар жадвалини аниқлаштириш учун АҚШнинг Кобулдаги элчихонасига қўнғироқ қилманг, биз билан алоқа қилишнинг ягона шакли - ёрдам ҳақида сўров юбориш», дейилади сайт хабарида.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Кобул аэропортида ҳамон хаос ҳукмронлик қилмоқда ва одамларнинг улкан оломони самолётларга чиқиб олишга уринмоқда. Толиблар рўй бераётган ҳодисалар учун масъулиятни зиммасига олмаслигини айтиб, барчасини Ғарб давлатларига тўнкаган, уларнинг сўзларига кўра бу давлатлар нормал эвакуация режасини ҳам ишлаб чиқа олишмаган.

Мавзуга оид