Жамият | 13:57 / 23.08.2021
21758
7 дақиқада ўқилади

Вояга етмаган ёлғиз ўғил бемор онаси учун болалигидан кечгани ҳақида ҳикоя

Фарғона вилояти Қўштепа тумани, Шаҳартепа қишлоғида Баҳридил Зокирова ёлғиз ўғли, ягона суянчиғи — ўғли 14 ёшли Камолиддин билан истиқомат қилиб келади.

Оила гарданига бирин-кетин тақдир синовлари тушади. 2014 йилда оила бошлиғи Раҳматилла ака тўсатдан вафот этади. Отаси вафот этганида Камолиддин 6 ёшда эди. Шундан сўнг рўзғор тебратиш Баҳридил опанинг зиммасига тушади.

Лекин бу кўргиликларнинг ҳаммаси эмас экан. Оилани бундан-да оғир, синовли кунлар кутиб турганди.

Уч йил муқаддам Баҳридил опага суяк емирилиши ташхиси қўйилиб, у тўшакка михланиб қолади. Бу касаллик унинг II гуруҳ ногирони бўлишига олиб келади. 7-синфда ўқиётган ёлғиз ўғли Камолиддин бутун масъулиятни ҳис қилиб, бу дунёдаги ягона суянчиғи хаста онаизорига ғамхўрлик қила бошлайди.

Камолиддин мактабдан кейин балиқхонада ишлайди. Қўлига 3-4 сўм тушса, севинганидан дарҳол дорихонага югуради. Бетоб онасига дори келтиради. Ортган пулига егулик сотиб олади.

Камолиддин шу ёшиданоқ ғам-андуҳга ўралашиб қолган волидасининг жонига ора киряпти. У ҳам тенгдошлари қатори кўчага чиқиб ўйнагиси келади. Лекин буни ўзига эп кўрмайди.

Турмуш ўртоғи вафотидан сўнг аёл бошига кўп синовлар тушган Баҳридил опа ўтмиши ҳақида сўзлаб берди.

«2006 йили шу оилага келин бўлиб тушган эдим. Хўжайиним оилада энг кичик фарзанд эди. 2013 йилда турмуш ўртоғим ўтиб қолди. Шундан кейин ўзим ёлғиз қолиб кетдим. Қайнона ва қайнотам ҳам ўтиб кетишган эди.

Ўша пайтда ўғлим Камолиддин 6 ёшда эди. Мен эса оқсоқланиб юрардим. Оёғим оғриб юриб бундан 3 йил аввал суяк емирилиши касаллигидан бехосдан синиб қолди. Болам ёш бўлишга қарамасдан менга суянч бўлди. Тўшакка михланиб қолган пайтим ўғлим менга ғамхўрлик қилди. Энди-энди қўлтиқтаёқ ёрдамида оз-моз юришга ҳаракат қиляпман», дейди она.

Саховатли инсонлар оилага ўз ёрдамини аямаган. Улар кўмагида оилага кичик бир уй қуриб берилади.

«Яратганга шукр, яхши инсонлар бор экан, уй қуриб беришди. Маҳалладаги бир саховатли инсон яшаб турган уйимиз омонатлигидан ташвишга тушиб, «уйингиз босиб қолмасин», деб уй қуриб берди.

Камолиддин ўғлим бозорга бориб харажат қилиб келади. Овқат тайёрлашни ҳам ўрганди. Ўзим эмаклаб, уй ишларида боламга қарашаман.

Уй ичкарисидан туриб овқат тайёрлашни ўргатдим ўғлимга. Ўғлим ҳозир ҳатто манти ва чучвараларни ҳам пишира олади. Кир ҳам ювади.

Саховатли инсонлар томонидан печ бериб кетишган эди. Болам бу печда нон ва сомса пишириб беряпти. Камолиддин ўғил боламан демай, ҳамма ишларни қилади», дейди аёл.

Баҳридил опа ёлғиз ўғлининг тенгдошлари қатори болалик даврини сура олмаётганидан қаттиқ қайғуда.

«Бу дунёда яхши-ю ёмонлар бир сафда юрар экан. Ёмонлар ёмонлик қилиб кўришди. Яхшилардан эса, албатта, яхшилик кўрдик.

Инсоннинг энг катта бойлиги соғлик экан. Танингиз соғ бўлса, қаттиқ нон есангиз ҳам татиркан. Фарзандим оч қолган кунлар ҳам бўлди. Жуда қийин аҳволга тушиб қолган эдик. Оёқларимни боса олмаслигим энг ёмони бўлди.

Яқинда яна жарроҳлик амалиётидан ўтдим. Ўсма касаллиги бор экан. Касалхонада ҳам ўғлим олиб ётди. У ғамхўрлик қилди. Ўғлим болалик даврини сурмади. Ҳозир ҳам Камолиддин менга қарашдан ортмайди. Ҳатто ўқита олмайман. Келажагини ўйлаб қайғураман», дейди Баҳридил опа.

Оёғини операция қилиш учун ҳам онага саховатли инсонлар кўмак беришган.

«Сахий инсонлар бор экан, оч қолаётганимиз йўқ. Улар доим ҳолимиздан хабар олиб туришади. Лекин яшаш жуда машаққат. Ўғлим мактабга ёки бозорга харажат қилиш учун кетиб қолса қийналаман. Болам келгунича қимирламайман. Чунки ёлғиз қўлимдан ҳеч нарса келмайди.

Аллоҳга шукр, болам учун яшаяпман-ку, дея ўзимга далда бераман. Доим хаёлим боламнинг келажаги ҳақида бўлади.

Ўғлим улғайиб ким бўлишидан қатъи назар, қўли очиқ, меҳрибон ва саховатли инсон бўлсин, дейман. Чунки қийналиб турган пайтимизда сахий инсонлар томонидан бизга кўмак берилди. Улар бизни ҳаётга қайтаришди. Уларнинг эҳсони эвазига оёғимни операция қилдирдим. Олийжаноб кимсалар ёрдами билан тирикман», дейди онаизор.

Ёш Камолиддин кундузи мактабда ўқиб, дарсдан кейин ишлар экан. Она ўғли улғайиб келажакда етук инсон бўлишини астойдил хоҳлайди.

«Болам ҳали ёш. Қишда мактабдан келиб балиқхонага ишлашга кетади. Асосан тунда ишлаб, кундузи мактабга қатнайди. Ўғлим тунлари ишлаб мен учун пул топишидан ич-ичимдан эзиламан. Келажакда ўғлим ўқимишли инсон бўлишини чин дилдан хоҳлайман.

Хўжайиним вафот этганидан кейин умуман юра олмай қолдим. 6 ой давомида битта жойда қолдим. Кейин оқсаб бўлса ҳам юрдим-да, бундан уч йил аввал бехос оёғим синиб қолди. Кейин билсам бу касалликнинг номи коксартроз экан. Суяк емирилиб, юпқалашиб ўша ердан синиб кетар экан. Икки қуймичимдан емирилиш кетяпти. Бу касалликнинг давоси йўқ экан.

Ўғлим эрталаб уйқудан туриб ҳовли супуради, нонушта тайёрлайди. Уят бўлса ҳам айтаман: менга тувак ҳам тутади.

Яратганга шукрлар бўлсин, уч йил бўлди, ҳассага суяниб бўлса-да озроқ юришга ҳаракат қиляпман. Ҳасса ёрдамида дарвозахонагача бориб кела оламан. Узоқ юришга мадор етмайди. Уй ичида эса эмаклаб юраман», дейди она.

Баҳридил опанинг ҳаётдаги энг катта орзуси — ўғлини ўқитиш. У ўғли улғайиб оилага ёрдам қўлини чўзган инсонларга қилган яхшиликларини қайтаришини чин дилдан хоҳлайди.

«Менинг энг катта орзум қанийди мен ҳам бемалол юриб, ташқарига чиқа олсам-у, ўғлим ўқиса. Уни тинч қўйсам. Улғайиб, бизга ёрдам қўлини чўзган инсонларга берган ёрдамларини қайтарса. Улардек қийналган оилаларга ёрдам берса...»

***

Онаси билан суҳбатлашиб, қайтаётганимизда қош қорайиб, шом кирай деб қолди. Камолиддин овқат тайёрлаш учун тараддудлана бошлади. Ҳовли саҳнига қозонни олиб чиқиб бирин-кетин масаллиқларни сола бошлади. Баҳридил опа сўрида ўтирганича, ўғлига тикилиб, хаёлидан нималарнидир ўтказар эди...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси: Боймирза Халилов.

Мавзуга оид