Ўзбекистон | 08:21 / 26.08.2021
5835
2 дақиқада ўқилади

Республика бўйича 2 178 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган

АОКАда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Отамуродов иштирокида ўтказилган брифингда «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан маълумот берилди.

Қайд этилишича, агентликнинг ер ва кадастр назорати инспекторлари томонидан олиб борилган хатлов ишлари натижасида республика бўйича жами 12 422та ҳолатда 2 178,2 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди.

Жумладан:

  • 6 952та (617,5 гектар) ҳолатда уй-жой қуриш; 
  • 3 259та (239,8 гектар) ҳолатда нотурар жой қуриш; 
  • 1 485та (571,9 гектар) ҳолатда томорқа сифатида фойдаланиш;
  • 55та (268,2 гектар) ҳолатда балиқ ҳовузларини қуриш;
  • 111та (12,8 гектар) ҳолатда тупроқ каръер қилиш; 
  • 560та (468 гектар) ҳолатда ерлар бошқа мақсадларда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва уларга нисбатан чоралар кўриш мақсадида, 10 767та қонунбузилишни содир этган шахсларга ҳамда 72та ердан фойдаланувчи субъектларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, 336,5 гектар ер майдонидаги қонунбузилишлар бартараф этилди.

Ер қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан туман (шаҳар) ҳокимликларига 7 710та (1 286 гектар) тақдимномалар киритилди, 1 560та ҳолатда судларга киритилган даъво аризаларига асосан 15,7 гектар ер майдонидаги ҳолат бўйича суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди, 894та (127,7 гектар) ҳолат бўйича суд жараёни давом этмоқда, ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чора кўриш учун 4 483та (932 гектар) ҳолат юзасидан прокуратура органларига маълумотлар тақдим этилиб, ҳозирги кунда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Мавзуга оид