Жамият | 15:09 / 26.08.2021
17080
2 дақиқада ўқилади

ССВ кимлар вакцина олмаслиги мумкинлигига аниқлик киритди

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган бирламчи тиббий-санитария муассасаларида 18 ва ундан юқори ёшдаги аҳолини СОVID-19га қарши эмлаш тартибларига кўра, эмлашга қарши вақтинчалик ёки доимий тиббий чекловлар даволаш-профилактика муассасалари раҳбарияти томонидан тасдиқланган махсус комиссия томонидан белгиланади.

Комиссия томонидан тақдим қилинадиган тиббий чеклов тўғрисида маълумотномада қуйидагилар акс этади:

Вақтинчалик қарши кўрсатмалар:

  • Коронавирус касаллигининг ўткир шакли бўлган беморлар;
  • лабораторияда СОVID-19 мусбат натижа берган, бироқ клиник белгилар бўлмаган шахслар;
  • коронавирус касаллиги билан касалланган беморлар билан мулоқотда бўлганлар карантин муддати тугаганидан кейин эмланади.

Эмлашга узоқ муддатли ва доимий монеликлар:

  • анамнезида оғир аллергик реакциялари (анафилактик шок) бўлган шахслар (тасдиқловчи тиббий ҳужжат бўлганда);
  • ҳомиладор ва эмизикли аёллар (вакцинанинг ушбу контингентга хавфсизлиги тўғрисида маълумот етарли эмаслиги сабабли);
  • 18 ёшгача бўлган болалар;
  • анамнезида туғма ёки орттирилган иммунотанқислик ҳолати, ОИВ инфекцияси бўлган беморлар;
  • вакцинанинг компонентларига юқори сезгирлиги бўлган шахслар.

«СОVID-19 вакцинациясига қарши кўрсатмалар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг оилавий шифокори томонидан аниқланади ва чеклов тўғрисида хулоса бериш мақсадида махсус комиссияга юборилади. Вақтинчалик ёки доимий тиббий чекловлар фақат даволаш-профилактика муассасалари раҳбарияти томонидан тасдиқланган махсус комиссия томонидан белгиланади.

Коронавирус инфекциясининг ўткир шакли симптомлари бўлган беморлар, шунингдек, лабораторияда СОVID-19га мусбат натижа берган, бироқ клиник белгилари кузатилмаётган (симптомсиз) шахслар ва коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар, карантин муддати тугаганидан сўнг эмланади.

ЖССТ тавсияларига асосланган ҳолда СОVID-19 касаллигидан соғайган ва реабилитация даврини ўтказган шахс шифокор рухсати билан 3-6 ойдан сўнг эмланиши мумкин», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид