Business class | 19:17 / 27.08.2021
412688
8 дақиқада ўқилади

Немисча сифат тимсоли – Mercedes-Benz'нинг муваффақият тарихи

Уни ҳамма севади. 100 йилдан ошса ҳамки, бу муҳаббат ҳеч сўнмайди. Барча автосеварларни ўзига ром этган, афсонавий Mercedes-Benz ташкил топганига 135 йил тўлди.

Қарийб 1,5 аср барчага таниқли, севимли ва қадрдон бўлишнинг сири нимада? Kun.uz'нинг “Business class” лойиҳасида шу ҳақда сўз юритамиз.

Шонли тарих

XIX асрнинг охирларида германиялик икки ихтирочи Карл Бенс ва Готлиб Даймлер ўз машиналарини яратишди. Улар дастлаб ўзаро рақобатчи эди, чунки ҳар иккала ихтирочи ўзининг автобизнесига асос солганди. 1926 йилдаги ҳамкорлик йирик тарихий келишув бўлди ва Mercedes-Benz компанияси фаолият бошлади.

Карл Бенс (чапда) ва Готлиб Даймлер (ўнгда)

Mercedes брендининг номи ундан аввалроқ келиб чиққан. 1901 йилда бизнесмен Эмил Еллинек қизи Мерседеснинг туғилган кунига спорт автомобили совға қилишни ният қилиб, Даймлердан шу ном билан машина яратишни сўрайди. 35 от кучига эга автомобил муваффақиятли чиқади ва уни серияли ишлаб чиқаришга қарор қилишади, Mercedes номи эса шундан бери тиллардан тушмайди.

35 от кучига эга илк Mercedes

Даймлер ва Бенс ҳамкорлиги автомобил саноатида энг узоқ давом этган шериклик ҳисобланади.

Айни пайтда Mercedes-Benz – Daimler AG концерни таркибидаги компаниядир. Концерн капитали 74 млрд еврони ташкил қилади ва умумий айланманинг 50 фоизи айнан Mercedes'га тегишли.

Логотип

Уч қиррали юлдузни кўрганингизда хаёлингизга нима келади? Бу саволга автомобилдан хабари йўқ одам ҳам жавоб бера олади. Бу – Мercedes.

Компания автотранспорт воситаларидан ташқари, самолётлар ва кемалар учун моторлар, эҳтиёт қисмлар ҳам ишлаб чиқаргани сабабли логотипдаги уч қиррали юлдуз самода, сувда ва ерда инсонларга хизмат қилувчи бренд рамзи ҳисобланади. Белгининг содда ва эсда қоларли дизайни уни бутун дунёда унутилмас ва таниқли қилиб қўйди.

Логотип яратилгандан бери 7 марта ўзгарган: 1902, 1909 (2 марта), 1916, 1926, 2008, 2009 ва 2011 йилларда.

Логотип яратилгандан бери 7 марта ўзгарган

Уруш давридаги инқироз

1941 йилда 2-жаҳон уруши бошланди. Бутун дунё инқирозни бошдан кечирди. Компания фаолиятига ҳам бу қаттиқ таъсир қилди, ҳатто ёпилиш арафасига келиб қолди.

1945 йилда Мercedes заводлари бомбалар остида бутунлай вайрон бўлди. Аммо компания изланишдан тўхтамади. 1947 йилда Германия канцлери Конрад Аденауэр учун яратилган Мercedes 300 моделдаги Лимузин аввалги моделлардан тубдан фарқ қилди ва немис машиналарининг шуҳратини яна қайтара бошлади.

Германия канцлери Конрад Аденауэр учун яратилган Мercedes 300 моделдаги Лимузин

“Мерс” – ҳозирги кунда

Ўтган 135 йил давомида компания юқори сифатли автотранспорт воситалари, автобуслар, самолётлар ва кемалар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Айниқса, автомобиллар борасида ўзининг омадли лойиҳаларини амалга ошира олди.

2016 йилда Mercedes-Benz 43,5 млрд долларга баҳоланиб, Toyota'дан кейинги 2-ўринда эди. Аммо компания 2019 йилга келиб, 60,4 млрд долларга баҳоланди ва 1-ўринга чиқиб олди.

Дунёнинг энг қиммат брендига айланган Мercedes моделлари ҳашамат, ишонч, куч ва ҳурмат рамзи ҳисобланади. Мercedes'нинг омад калитларидан бири – у ҳар доим классик дизайн ва энг замонавий интерьерни бирлаштира оларди.

Меrcedes'нинг оммалашувига яна бир асосий сабаб – унинг нархи оддий истеъмолчи учун ҳам қулай бўлиб, элита учун ҳам тинимсиз янги эксклюзив моделлар тақдим этиб борилади.

Рекламалари ҳам ёрқинлиги ва ижодкорлиги билан ажралиб туради – компания маркетингга катта эътибор қаратади. Маркетинг учун харажатларини ҳеч қачон очиқламаган бўлса-да, Мercedes'нинг Формула-1даги жамоаси раҳбари Тото Волфнинг айтишича, жамоанинг пойгада иштироки учун “Даймлер” концерни айланмасининг 10 фоизи сарфланади.

Гигант компания 135 йиллик фаолияти давомида бренд ўзининг рақобатбардошлигини сақлаб қолиш, ҳақиқий шедеврни тақдим этиш учун техник имкониятларини мунтазам оширади. Шу мақсадда йўлга қўйилган “ақлли” автолар бунинг исботидир.

Автомобил бозорида лидер бўлмиш Мercedes'нинг C классдаги моделлари Гиннесс рекордлар китобига “Энг чидамли автомобил” сифатида киритилган. Тарихда энг кўп сотилган автомобиллар рейтингида ҳам айнан С классдаги автомобиллар 10 000 000 дан ортиқ сотилгани билан ўрин эгаллаган.

Mercedes-Benz C-Class

Мercedes компаниясида ҳозирда 152 мингдан ортиқ одам ишлайди. Компания эришган ютуқлар барчаси ходимлар туфайли деб билади ва раҳбарият улар учун барча шароитни яратади. Масалан, ходимлар учун тақдим этилган ижтимоий пакетда бепул тиббий хизмат, суғурталар, тил ўрганиш ва ўқиш учун тўловлар, бепул овқатланиш киритилган.

Ходим ўзини юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқарувчи сифатида ҳис қилиши иш берувчи учун муҳим. 1997 йилдан буён Mercedes компаниясида йўлга қўйилган тизимга кўра, ходимлар ҳар бир яхши иши учун мукофотланади. Мисол учун, бир йилда концерн фақатгина юқори классдаги автомобиллар сотувидан 13 млрд евро даромад қилган ва раҳбарият шу даромаднинг бир қисмини концернда ишлайдиган 130 мингдан ортиқ ишчиларнинг ҳар бирига 5400 евродан мукофот сифатида улашган.

Балки шулар сабаб компания 2017, 2019 ва 2020 йилларда “Энг жозибали иш берувчи” сифатида тан олинган.

2019 йилда компания 173 млрд евро даромад қилган эди. Пандемия сабаб бу кўрсаткич 2020 йилда 154 млрд еврони ташкил қилди. Кўриш мумкинки, компаниянинг енгил автомобиллар ва тижорат транспорт воситалари сотуви 15 фоизга камайган. Аммо уруш давридаги инқирозни енгиб ўтган Мercedes учун бу қийин иш эмас. Пандемия шароитида ҳам компания иш суръатини пасайтирмаслик учун автомобил конвейер усулида етказиб бериш хизматини дунёда биринчилардан бўлиб йўлга қўйди.

Компаниянинг Штутгарт шаҳридаги бош штаб квартираси

Меrcedes заводлари Германия, Австрия, АҚШ, Бразилия, Хитой, Малайзия, Туркия, Россия, Жанубий Африка, Венгрия каби кўплаб давлатларда автомобиллар ишлаб чиқармоқда.

Меrcedes замон билан ҳамнафас бўлишни яхши кўради ва шунга интилади. Ҳозирда у экологик тежамкор автомобиллар ишлаб чиқариш учун тадқиқотлар олиб бормоқда ва буни йўлга қўйиш учун 14,5 млрд евро сармоя киритган.

Фактлар

Ўз тарихи давомида Мercedes компанияси автопойгалар учун автокарлар, яъни пойга моделларини ҳам тақдим этган. Бу билан ишлаб чиқарувчилар немис машинасининг техник имкониятларини намойиш этишган. 1930-1950 йиллардаги автопойгалар даври Меrcedes'нинг учар моделлари сабаб “Кумуш ўқлар эраси” деган ном олди.

1938 йилда яратилган 770 моделидан шахсан Адолф Ҳитлер фойдаланган.

Совет республикаларида санъаткор Владимир Висоцкий ўзининг Меrcedes'ида автоҳалокатга учраганини эслашади. Жуда тез бошқариш оқибатида автомобил 17 марта ағдарилади ва Висоцкий омон қолади. Тирик қолиш мўъжиза бўлган бу вазият автомобилнинг қанчалик хавфсиз ва мукаммал эканидан далолат эди.

Apple асосчиси Стив Жобс ҳар доим Мercedes ҳайдаган ва у компания билан тузган шартномага кўра, ҳар 6 ойда у янги автомобил олган. Калифорния қонунларига кўра, 6 ой давомида рақамсиз ҳаракатланиш мумкин бўлган.

Автопойгалар қироли, 7 карра жаҳон чемпиони Михаил Шумахер Формуладаги фаолиятини Меrcedes билан якунлаган.

Урушдан сўнг ишлаб чиқарилган, эшиклари тепага кўтариладиган 300 CL модели Элвис Пресли ва Мерилин Монронинг севимлисига айланган эди. Бу машина XX асрнинг энг яхши спорт автомобили деб тан олинган.

2002 йилда компания ўзининг хусусий журналини, 2007 йилда эса телевидениесини ишга туширган.

Меrcedes тарихи ёрқин воқеаларга бой ва бутун дунё автомобилсозлик саноатининг фаворити бўлиб қолаверади. Бутун дунё бу таниқли бренд остида фақат юқори сифатли ва элита транспорт маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига ўрганиб қолган.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид