Ўзбекистон | 22:32 / 27.08.2021
17650
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев 215 нафар маҳкумни афв этди

Афв этилганларнинг 14 нафари – аёллар, 69 нафари – хориж фуқаролари, 15 нафари – тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган шахслардир. Йил бошидан буён Наврўз ва Рамазон ҳайити байрамларида жами 240 нафар маҳкум авф этилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 215 маҳкумни афв этди.

“Ўзбекистон 24” телеканали хабарига кўра, афв этилганларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 127 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 12 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 73 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Бошқача айтганда, 142 нафар маҳкум жазо муассасасидан чиқиб, оиласи бағрига қайтади. Яна бир кишининг жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган.

Афв этилган фуқаролардан 14 нафари – аёллар; 12 нафари – 60 ёшдан ошган шахслар; 69 нафари – хориж фуқаролари; 15 нафари – тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган шахслар.

Афв этилган шахслар оиласи ва яқинлари бағрига қайтиб, ижтимоий ҳаётга мослашиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишида уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Бу – жорий йилда президент томонидан эълон қилинган учинчи афв ҳисобланади. Бунгача Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида 100 нафар, Наврўз байрами арафасида 140 маҳкумни афв этганди.

Бундан ташқари, жорий йилда президент томонидан ўз ихтиёрига кўра маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиш тартиби белгиланган эди. Унга кўра, эндиликда давлат раҳбари маҳкумнинг ёки жазони ўтаб бўлган шахснинг афв этишни сўраб ёзган илтимосномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, ўз ташаббуси билан исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Мавзуга оид