Жаҳон | 14:32 / 01.09.2021
24451
2 дақиқада ўқилади

Афғонистоннинг уч вилоятида қаршилик кучлари толиблар билан жанг қилмоқда – ОАВ

Аввалроқ «Толибон» Панжшердаги учта муҳим туман ва довонни қўлга киритганини маълум қилганди. Аммо қаршилик кучлари бу маълумотни рад этди.

Фото: Reuters

Афғонистоннинг Панжшер, Парвон ва Бағлон вилоятларида толибларга қарши жанглар давом этмоқда, деб хабар берди Asvaka агентлиги.

Агентликнинг маълумот беришича, тўқнашувлар кеча соат 23да толиблар ҳужумидан сўнг бошланган ва ҳали ҳам давом этмоқда.

Аввалроқ «Толибон» Панжшердаги учта муҳим туман ва довонни қўлга киритганини маълум қилганди. Аммо қаршилик кучлари бу маълумотни рад этди.

Интерфакс агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, ўтган тунда толиблар Ҳавак довони орқали Панжшер вилоятига киришга уринган.

«Ўтган тундаги тўқнашувларда толиблар 350 нафар аскаридан ажралди, 40дан ортиқ киши асирга олинди. Жангчиларимиз кўплаб Америка транспорт воситалари, қурол ва ўқ-дориларни қўлга киритди», — деб хабар берган агентлик манбаси Ҳавакдаги бўлинма командири Муниб Амирийга таяниб.

Шунингдек, эрталаб толиблар Парвон вилоятининг Гулбаҳор аҳоли маскани орқали Панжшерга киришга урингани хабар қилинди.

«Қаршилик кучлари ҳужумни қайтарди, толиблар орасида қурбонлар бор. Жангарилар Панжшерга олиб борадиган асосий йўлни тўсиб қўйишди, тўқнашув давом этмоқда», — дейилади манба берган хабарда.

Ҳозирда Панжшер толиблар назоратига ўтмаган ягона вилоят бўлиб турибди.

Мавзуга оид