Жамият | 17:32 / 02.09.2021
27634
2 дақиқада ўқилади

“Кўнглимиз тоғдай кўтарилди” — тақдирланган марҳум санъаткорларнинг яқинлари

Ўзбек халқи кўнглидан жой олган бир гуруҳ марҳум санъаткорлар мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида мукофотланди. Фатҳулла Масъудов, Обид Асомов ва Мирза Азизовнинг яқинлари кутилмаган янгиликни қандай қарши олишгани ҳақида сўзлаб беришди.

Ушбу уч марҳум санъаткор, бир неча ўн фидойилар қаторида, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

“Марҳумларни ҳам тақдирлашларини кутмагандик”

Абдуллоҳ Масъудов, марҳум санъаткор Фатҳулла Масъудовнинг ўғли:

— Биз отамиз тақдирланадилар деб ўйламаган эдик. Фақат ҳаёт инсонларни тақдирлашади деб ўйлардик. Билдимки, отамнинг меҳнатлари зое кетмаган.

Отамга берилган мукофотни биз фарзандлар, албатта оқлаймиз. Бу эътироф учун президентимизга миннатдорчилик билдирамиз. Менинг отам вафот этмаган: оила аъзоларининг, халқнинг юрагида яшайдилар.

“Чўкиб қолган кўнглимиз тоғдай кўтарилди”

Тожибар Азизова, марҳум санъаткор Мирза Азизовнинг турмуш ўртоғи:

— Турмуш ўртоғим ҳаётлик чоғларида меҳнатларига яраша рағбат ҳам олгандилар. Лекин ҳаётдан кўз юмганларидан кейин ҳам шундай буюк, атоқли санъаткорлар қатори мукофотларга муносиб деб топишди. Бу бизнинг чўкиб қолган кўнглимизни тоғдай кўтарди. Мингдан минг раҳмат айтаман.

“Бу мукофотлар отамнинг армони эди”

Наргиза Асомова, марҳум санъаткор Обид Асомовнинг қизи:

— Қайта оёққа тургандай бўлдик. “Отангиз ўлмаган” дегандай елкамизни кўтариб қўйишди. Оиламиз, яқинларимиз номидан ташаккур билдираман. Бу хабарни эшитиб барча қариндош-уруғлар табриклашяпти.

Менимча, отамга шундай мукофотлар бир армон бўлиб қолган эди.

Мавзуга оид